Жамият | 17:32 / 21.01.2024
9114
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган аёл қўлга олинди

Фото: ЎзА

Самарқандда гиёҳванд моддалар ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланганлар қўлга олинди.

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир чоғида Пайариқ тумани Оқтош маҳалласида яшовчи, 1969 йилда туғилган О.Ш. ўзининг яшаш хонадонида ноқонуний равишда наркотик моддаларни сақлаб, шу тумандаги жиноий шерикларига сотиб келаётгани аниқланди.

Ҳолат юзасидан О.Ш.нинг уйида ва ёрдамчи хўжаликларида ўтказилган тинтув давомида 58 грамм кўкнори гиёҳвандлик моддаси топилган. Фуқаро бу моддани келгусида сотиш ва ўзининг истеъмоли учун сақлаб келаётгани маълум бўлган. 

Кучли таъсир қилувчи дори воситалари олди-сотдиси билан боғлиқ ҳолат Самарқанд шаҳрида аниқланди. Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1976 йилда туғилган А.М. ва турмуш ўртоғи, 1982 йилда туғилган М.Х. «Редуксин» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини яширин равишда сақлаб, уни ушбу дори воситалари истеъмолига қарам бўлган шахсларга сотиб келган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан Самарқанд шаҳри Университет хиёбонида ўтказилган фаол тадбирда М.Х. маҳаллий фуқарога 5 қути «Редуксин» дори воситасини 950 минг сўмга сотаётган вақтда қўлга олинган.

Шундан сўнг М.Х.га тегишли бўлган савдо дўкони кўздан кечирилганда келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган жами 5688 дона «Редуксин лайт», «Липотрим», «Спирулина», «Фит 90», «Сексуалная фигура», «Лишоу», «Б-Фит» сингари 14 номдаги дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳозир иккала ҳолат юзасидан ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатиш режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид