Жаҳон | 14:22 / 24.01.2024
4331
3 дақиқада ўқилади

Россияда ерусти ядровий портлашнинг янги симулятори патентланди

Қурилма ядровий портлашнинг визуал белгиларини кўрсатиб беради: зарба эффекти, ёруғлик чақнаши ва қўзиқорин шаклидаги чанг булути.

Фото: McPHOTO/M. Gann/picture alliance

Россияда қўшинларни ядро қуролидан фойдаланиш шароитида жанговар ҳаракатларга тайёрлаш учун қўлланадиган ерусти ядровий портлашининг янги симулятори патентланди. Бу ҳақда 23 январ, сешанба куни патент тавсифига таяниб, ТАСС агентлиги хабар берди.

Ишланма армия генерали А.В.Хрулев номидаги ҳарбий логистика ва техник таъминот академияси олимлари томонидан патентланган. Аслида, гап кичикроқ миқёсда ядровий портлашни симуляция қиладиган бомба ҳақида боряпти. «Фойдали моделнинг мақсади визуал хусусиятларнинг аниқ симуляциясини таъминлашдир - зарба эффекти, ёруғлик чақнаши ва ердаги ядро портлашининг қўзиқорин шаклидаги чанг булути», дейилади қурилма тавсифида.

ТАСС қайд этишича, ихтиро бошқа нарсалар қатори радиациявий, кимёвий ва биологик разведка бўлинмаларининг машқлари ва амалий машғулотларида параметрларни ва ядро портлаши эпицентрини аниқлашда қўлланади.

Бу - ноёб ихтиро эмас. Олимларнинг фикрича, Россия армияси аввалроқ ИУ-59 ядровий портлаш симуляторидан фойдаланган, бироқ у «эскирган» ва энди ишлаб чиқарилмаяпти. Яна бир аналог - ишлаб чиқаришдан олинган ИАБ-500 имитацион авиабомбаси, у, олимлар фикрига кўра, радиация, кимёвий ва биологик разведка бўлинмаларининг машқлари учун мос эмас.

IISS: Украинадаги уруш Россия ядровий доктринасини янада тажовузкор қилди 

Москва томонидан Украинада бошланган уруш фонида, вақти-вақти билан Россия ҳукуматининг барча даражаларида ядровий таҳдидлар ёки ядровий қуролдан фойдаланиш эҳтимоли ҳақидаги баёнотлар янграмоқда. Бир кун олдин Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (IISS) ҳисобот эълон қилди, унда Украинадаги уруш Россия раҳбариятининг оддий қуролларга бўлган ишончини сусайтиргани ва келажакда юзага келиши мумкин бўлган можарода НАТОни тўхтатиш ва мағлуб этиш воситаси сифатида стратегик бўлмаган ядро қуролларининг (СБЯҚ) Москва учун аҳамиятини оширгани айтилади.  

Россия тажовузкор ядровий доктринаси мамлакат раҳбариятининг ғарб давлатларида ядро қуролини қўллаш истаги ва қурбонлар кўламини қабул қилиш қобилияти етишмайди, деган қарашларига сабаб бўлмоқда, деб ёзади ҳисобот муаллифлари.

IISS таҳлилчиларининг фикрига кўра, Россия СБЯҚдан можаронинг назорат остида кескинлашуви учун ёки АҚШ ва НАТОнинг можарога киришига йўл қўймаслик учун ёхуд «русча шартлар асосида урушни тугатишга мажбур қилиш» учун фойдаланиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид