Жамият | 11:58 / 25.01.2024
7055
2 дақиқада ўқилади

Навоийда учта машина тўқнашиб кетди. Бир киши ҳалок бўлган

Хатирчи туманида иккита Nexia ва Cobalt иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бунинг оқибатда Cobalt машинасида йўловчи сифатида кетаётган 26 ёшли йигит оғир жароҳат олиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

Хатирчи тумани ҳудудида инсон ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлган. Бу ҳақда Kun.uz’га Навоий вилояти ИИБ ЙХҲБ матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, ҳолат 2024 йилнинг 8 январ куни туман ҳудудидан ўтган 4Р-56 автомобил йўлининг 22 километрида содир бўлган. Бирламчи маълумотларга кўра, “Хатирчи-Лангар” йўналишида ҳаракатланиб келаётган Cobalt машинаси йўлда чап томонга қайрилиб олиш учун тўхтаб турган Nexia машинаси билан тўқнашиб кетмаслик мақсадида қарама-қарши йўналишга чиқиб ҳаракатланган. Бунинг оқибатида қарама-қарши йўналишда келаётган ҳамда қайрилиб олаётган Nexia машиналари билан тўқнашиб кетган.

ЙТҲ оқибатида Cobalt машинасида йўловчи сифатида келаётган 26 ёшли йигит оғир тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Бироқ у кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан вафот этган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Хатирчи туман ИИБ томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Навоий шаҳрида Volkswagen машинаси светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган Matiz ортидан келиб урилиши оқибатида икки йўловчи воқеа жойида вафот этганди.

Мавзуга оид