Жаҳон | 09:03 / 25.01.2024
3808
4 дақиқада ўқилади

Россия талаб қилган БМТ хавфсизлик кенгаши йиғилиши 25 январга белгиланди

Россия томони Франция раислигини 24 январ куни Ил-76 самолёти ҳалокати муносабати билан БМТ хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишини ўтказишдан бош тортганликда айблади.

Фото: Euronews

Россия Белгород вилоятида Ил-76 самолётининг қулаши муносабати билан 24 январ, чоршанба куни БМТ хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақиришни талаб қилди ва ҳодиса учун Украинани айблади. Россиянинг ТАСС агентлиги шу куни кечқурун Франциянинг хавфсизлик кенгашига раислиги қарорига кўра, йиғилиш 25 январга белгиланганини маълум қилди.

Россия томони Францияни шу куни фавқулодда йиғилиш ўтказишдан бош тортганликда айблади. Россия Федерациясининг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Дмитрий Полянский Telegram’да ёзганидек, бу гўёки «вақт ютиш» ва Украина томонига «нима бўлаётганини ишончли тушунтириш» имкониятини бериш мақсадида қилинган.

Аввалроқ шу куни эрталаб Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров хавфсизлик кенгаши йиғилишида Украина ҳалокат қандай содир бўлганини тушунтириши кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Россия самолёти украиналик асирларни режали алмашиш учун олиб кетаётган эди, бироқ уриб туширилган ва бу «Украина томонидан қасддан қилинган жиноий ҳаракат» эди. 

Украина ҳарбийларининг Ил-76 ҳалокатига муносабати 

Ўз навбатида, Украина қуролли кучлари бош штаби Ил-76 ҳалокатидан сўнг баёнот билан чиқди. Украина армияси «террор таҳдидини, шу жумладан Белгород-Харкив йўналишида ҳаво ҳудудини назорат қилиш учун етказиб берилаётган воситаларни йўқ қилишни давом эттиради», дейилади Украина бош штабининг Facebook саҳифасида. 

Бундан олдин Украина қуролли кучлари бош штаби бош разведка бошқармаси (ГУР) ўзининг Telegram-каналида фавқулодда хабар эълон қилди ва унда 24 январ куни асирлар алмашинуви режалаштирилганини тасдиқлаб, «ўз навбатида, Украина алмашиш жараёнини тўғри тайёрлаш бўйича барча келишувларни бажарди. Россиялик асирга олинган ҳарбий хизматчилар ўз вақтида алмашиш учун келишилган жойга етказилди, улар хавфсиз эди. Ҳимоячиларимизнинг хавфсизлиги, келишувларга кўра, Россия томонидан таъминланиши керак эди», деб ёзди.

«Транспорт самолётининг 30 километрлик жанговар зонага қўниши хавфсиз бўлиши мумкин эмас ва ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳар икки томон муҳокама қилиши керак. Биз Россия Федерациясида вазиятни беқарорлаштириш мақсадида режалаштирилган ҳамда Украина ва давлатимизга халқаро ёрдамни заифлаштириш учун қасддан қилинган ҳаракатлар ҳақида гапиришимиз мумкин», - дейилади ҳужжатда. 

Россиянинг Ил-76 самолёти Белгород вилоятида ҳалокатга учради 

Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январ куни Белгород вилоятининг Корочанск туманида Яблоново қишлоғи яқинидаги далага қулаб тушди. Вилоят губернатори Вячеслав Гладковнинг сўзларига кўра, бортдаги барча одамлар ҳалок бўлган. 

Telegram’даги «Важные истории» ва «ЧТД» каналлари Россия мудофаа вазирлигига таяниб, Ил-76 бортида алмашиш учун олиб кетилаётган 65 нафар украиналик асир, шунингдек, 6 нафар экипаж аъзоси ва 3 нафар ҳамроҳлик қилувчи шахс бўлганини маълум қилди. Россия мудофаа вазирлиги ҳалокатни «террор ҳужуми» деб атади ва бунинг учун Киевни айблади. 

Мавзуга оид