Жаҳон | 00:44 / 26.01.2024
4933
1 дақиқада ўқилади

Туркия Швециянинг НАТО аъзоси бўлишини узил-кесил маъқуллади

Президент Эрдўған бу ҳақдаги ҳужжатни имзолади.

Фото: Reuters

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған парламент томонидан Швециянинг НАТО аъзолигини ратификация қилиш ҳақида қабул қилинган қарорини тасдиқлади.

Туркия парламенти бош ассамблеяси 23 январ куни Швециянинг НАТО аъзоси бўлиши ҳақидаги протоколни ратификация қилиш учун овоз берган эди.

Шундан сўнг, Швеция бош вазири Улф Кристерссон «Бугун биз НАТО тўлақонли аъзоси бўлишга бир қадам яқинлашдик», деди.

Швеция Россиянинг Украинага ҳужуми муносабати билан 2022 йилда НАТО аъзоcи бўлиш учун ариза топширди. Туркия Швецияни «террорчи» курд фаолларини қўллаб-қувватлашда айблаб, шу пайтгача НАТО аъзоси бўлишини маъқулламай келаётганди. Узоқ давом этган музокаралар ва шартларни муҳокама қилишдан сўнг томонлар муросага келди.

Швециянинг НАТО аъзоси бўлишига Венгрия ҳам қаршилик қилмоқда. Аммо мамлакат бош вазири Виктор Орбан парламентдан Швеция аризасини «имкон қадар тезроқ» ратификация қилишни сўраган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид