Жаҳон | 09:42 / 27.01.2024
2079
2 дақиқада ўқилади

Ирландиялик О'Флаэрти ЕКнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари этиб сайланди

64 ёшли юрист Майкл О'Флаэрти 1 апрелдан олти йиллик муддатга бу лавозимга киришади. У 2018 йилдан буён Европа кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари лавозимида ишлаб келаётган Дуня Миятович ўрнини эгаллайди. 

Фото: Picture Alliance

64 ёшли ирландиялик юрист Майкл О'Флаэрти Европа кенгаши (EК)нинг инсон ҳуқуқлари бўйича янги комиссари этиб сайланди. 26 январ, пайшанба куни Европа кенгаши парламент ассамблеяси (ЕКПА) депутатлари овоз беришининг иккинчи босқичида 104 нафар парламентарий О'Флаэртини қўллаб-қувватлади. Унинг рақиблари Меглена Кунева (Болгария) ва Манфред Новак (Австрия) мос равишда 70 ва 37 та овоз олди

О'Флаэрти 1 апрелдан бошлаб Европа кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари лавозимини олти йилга узайтирилмайдиган муддатга эгаллайди. У бу лавозимда 2018 йилдан буён ишлаб келаётган 59 ёшли Дуня Миятовични алмаштиради. Майкл О'Флаэрти 2016 йилдан бери Европа Иттифоқининг асосий ҳуқуқлар агентлиги директори лавозимида ишлаган, ундан аввал инсон ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқшунослик профессори ва Ирландия миллий университети қошидаги инсон ҳуқуқлари бўйича Ирландия маркази директори, Шимолий Ирландия инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг бош комиссари, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси бўлган. 

Ҳуқуқий ва диний таълим 

Майкл О'Флаэрти ҳуқуқшунослик даражасини олди. Бир неча йил ҳуқуқ соҳасида ишлагандан сўнг, у Римдаги папа Грегориан университетида католиклар тарихини ўрганган ва 1987 йилда руҳоний этиб тайинланган, аммо кейин истеъфога чиққан. 

Европа кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари институти 1999 йилда Европа кенгашига аъзо 46 та давлатда инсон ҳуқуқлари бўйича хабардорлик ва уларга ҳурматни ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича қонунчилик ва амалиётда юзага келиши мумкин бўлган камчиликларни аниқлаш, шунингдек, омбудсман ва бошқа инсон ҳуқуқлари миллий институтлари фаолиятига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган.

Мавзуга оид