Спорт | 18:24 / 30.01.2024
24390
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Осиё кубогида кейинги босқичга чиқди

Осиё кубоги-2023 нимчоракфинали доирасида Ўзбекистон миллий жамоаси Таиландни мағлуб этиб, чоракфиналга йўлланма олган 5-жамоага айланди.

Фото: Tribuna.uz

Осиё кубоги-2023 1/8 финал
Ўзбекистон – Таиланд – 2:1
Бош ҳакам: Назми Насаруддин (Малайзия)

Голлар: Азизбек Турғунбоев 37, Аббосбек Файзуллаев 65 – Сарачат Супачок 59.
Ўзбекистон – Юсупов, Эшмуродов, Ашурматов, Ҳусанов, Сайфиев, Турғунбоев (Абдираҳматов, 82), Хамробеков, Холматов, Ўрунов (Эркинов, 67), Файзуллаев (Болтабоев, 90), Машарипов (Искандеров, 82).
Таиланд – Ҳаммаи, Миккелсон, Ҳемвибун, Дола, Бунматхан, Пумчантик (Промсрикаев, 73), Чаренраттанапиром (Сарачат, 46), Юйен (Чамратсами, 82), Канитсрибампен (Муэанта, 46), Помпҳан (У-Тра, 82), Жайдед.
Огоҳлантириш: Ҳусанов (87).

Доҳадаги «Ал-Жануб» ўйингоҳида кечган баҳс олдидан жароҳати сабабли Игор Сергеевнинг майдонга тушмаслиги аниқ бўлиб улгурганди, учрашув арафасида эса яна бир ўйинчи – Отабек Шукуров тумов сабабли ўйинни ўтказиб юбориши маълум қилинди.

Учрашувни ҳужумкор бошлаган вакилларимиз 37-дақиқага келиб ҳисобни очишди. Шу куни Шукуровнинг ўрнига майдон марказидан жой олган Диёр Холматовнинг ажойиб узатмасини Азизбек Турғунбоев чиройли зарба билан рақиб дарвозасига киритди – 1:0. Бу Азизбекнинг турнирдаги иккинчи голи бўлиб, Таиланднинг Қатарда ўтказиб юборган илк голига айланди.

Иккинчи бўлимни хотиржам бошлаган Сречко Катанец шогирдлари 59-дақиқада жазоланишди. Супачокнинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбасини Ўткир Юсупов қайтара олмади – 1:1.

Голдан кейин яна ҳужумкорликка эътибор қаратган вакилларимиз 65-дақиқада стадионни навбатдаги марта ларзага келтиришди. Машариповнинг узатмасини Аббосбек Файзуллаев жарима майдони ташқарисидан рақиб дарвозасининг узоқ бурчагига йўллади – 2:1.

Шу тариқа, Ўзбекистон миллий жамоаси қийин ғалабага эришиб, чоракфиналга йўлланма олган 5-жамоага айланди. Бунгача Австралия, Тожикистон, Иордания ва Қатар 1/4 финалга чипта олганди.

Ўзбекистон кейинги босқичда мезбон Қатарга қарши майдонга тушади. Ўйин 3 феврал куни бўлиб ўтади.

Таиландга қарши учрашувнинг сўнгги дақиқаларида Абдуқодир Ҳусанов қўполлиги учун ҳакам томонидан огоҳлантирилди ва ҳимоядаги етакчимиз Қатарга қарши ўйнамайдиган бўлди.

Мавзуга оид