Йирик шаҳарларда Евро-5 стандартига мос бўлмаган автомобиллар ҳаракати чекланиши мумкин
Ўзбекистоннинг 14 та шаҳрида Евро-5 стандартига жавоб бермайдиган автомашиналардан фойдаланишни 2030 йилгача босқичма-босқич чеклаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, 2024 йил 1 мартдан бошлаб тўла вазни 10 тоннадан юқори транспортларнинг тиғиз вақтларда Тошкент кўчаларида ҳаракатланиши тақиқланиши мумкин.
2024 йилги давлат дастури лойиҳаси билан, Ўзбекистонда чанг бўронларига қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш доирасидаги айрим чоралар илгари сурилмоқда.
Лойиҳага кўра, 2024 йил 1 мартдан бошлаб:
- ҳудудларда чанг бўрони содир бўлаётганда ва ҳаво таркибида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан юқори бўлгани аниқланганда аҳолини, айниқса юрак, қон-томир ва нафас йўллари касалликларига чалинган фуқароларни зарур профилактик чоралар тўғрисида доимий хабардор қилиш амалиёти йўлга қўйилади;
- 500 ва ундан ортиқ квадрат метрлик қурилиш майдонида, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий этилади;
- Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланади; бунда, ушбу чеклов махсус хизмат, шу жумладан коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Қуролли Кучлар юк транспорти воситаларига татбиқ этилмайди.
Қайд этилишича, 2030 йилга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида Евро–5 ва ундан юқори стандартларига мувофиқ бўлмаган автомашиналар эксплуатацияси босқичма-босқич чекланиши мумкин.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида ойнинг бир иш куни автомобиллар ҳаракатланишини қисқартиришга қаратилган “Автомобилсиз кун” деб белгилаш таклиф этилмоқда.
Бунда, биноси Тошкент шаҳрида жойлашган республика ва ҳудудий ижро этувчи органларнинг барча раҳбарлари ва ходимларидан ишга жамоат транспортида келиш орқали аҳолига намуна кўрсатиш талаб этилади.
Мавзуга оид
12:06
“Биз тўғридан тўғри завод билан ишлаймиз”: Тошкентда 16 кунлик фирма одамларни “ҳалол лизинг”га машина олиб беришга ишонтирмоқда
09:52 / 15.11.2024
Ўзбекистон автомобил бозорида фаоллик даражаси ошди
09:10 / 15.11.2024
Тошкентда дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
18:38 / 13.11.2024