Жамият | 19:26 / 31.01.2024
8378
1 дақиқада ўқилади

Андижонда 96 та қоидабузарлик учун жаримага бир Matiz’нинг пули тўланди

Жами 42 млн сўм жарима тўлаган қарздор қоидабузарликлар ўзи томонидан эмас, эгалигида бўлган автомашиналар ҳайдовчилари томонидан содир этилганини билдирган. 

Фото: МИБ

Андижонда содир этилган 96 та қоидабузарлик учун қарздор фуқародан 42 млн сўм жарима ундирилган. Бу ҳақда Kun.uz’га МИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, МИБ Андижон вилояти бошқармасига 2023 йил давомида йўлларда қоидабузарлик содир этиб, жаримага тортилган шахслардан маъмурий жарималарни ундириш билан боғлиқ 100 мингдан зиёд ижро ҳужжати келиб тушган. Ижро ҳаракатлари давомида 33 млрд сўм жарима пуллари ундирилган.

Энг кўп жаримани фуқаро Х.Ш. тўлаган. Ундан 96 та қоидабузарлик ҳолати бўйича 42 млн сўм ундирилган. Ижро ҳаракати давомида қарздор ушбу маъмурий жарималар ўзи томонидан эмас, эгалигида бўлган автомашиналар ҳайдовчилари томонидан қоидабузиш ҳолатларига йўл қўйилганда қўлланганини билдирган.

Олдинроқ 76 та қоидабузарлиги бўлган наманганлик ҳайдовчи 31 млн сўм жарима тўлаганди. У асосан тезликни ошириш ҳамда йўл чизиқларини босиш билан боғлиқ қоидабузарликларни содир қилган.

Мавзуга оид