“Канатли жамоат транспорти – ўзини оқламайдиган қиммат лойиҳа” – шаҳарсоз
Тошкентда барпо қилиниши мумкин бўлган осма дор йўли жамоат транспорти хавфсизлик, сиғим ва ҳатто нарх жиҳатидан мақбул ечим эмас. Кейинчалик бу лойиҳа харажатларини қоплай олмаслиги ҳам мумкин. Шаҳарсоз Темур Аҳмедов Kun.uz'га берган интервюсида бундай осма транспортдан одатда томошабоп манзилларда туристик мақсадларда, масалан тоғли манзарали жойларда фойдаланилишини, жамоат транспорти сифатида йўловчи ташилмаслигини айтмоқда.
25 январ куни Тошкент шаҳар ҳокимияти пойтахтнинг “Маҳтумқули” кўчаси, “Янги Ўзбекистон” боғи йўлида Хитой компанияси билан ҳамкорликда осма дор йўли жамоат транспорти қурилиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Бу бўйича икки томонлама инвестиция шартномаси имзолангани ҳамда канатли таксиларни йўлга қўйиш борасидаги лойиҳа жамоатчиликка олдиндан тақдим этилиши ҳам қайд этилганди
Kun.uz'га интервю берган шаҳарсоз Темур Аҳмедовнинг фикрича, ҳозирда муаммога кўмилиб ётган бошкентга бундай қиммат, хавфсиз бўлмаган лойиҳа керак эмас.
“Осма дор йўлини жамоат транспорти деб бўлмайди. Чунки у асосан тоғли жойларда ёки қандайдир катта боғ бўлса, ердан юриб эмас, тепадан кўриш учун қилинади. Тоғларда эса биринчидан йўл қуриш қийин, иккинчидан эса одамлар у ерга чиройли жойларни кўриш учун боришади. Секин-шошмасдан қараб, оиласи билан айланиб юради.
Шунақа жойларга борганда албатта чиптанинг ҳам нархини тўлайди. Чунки у ерга боришдан мақсад бошқа. Шунга мувофиқ [бир йўловчи учун] кўп харажат бўлса ҳам тизим буни қоплайди. Транспорт сифатида бундай тизимлар баъзи давлатлар, масалан, Швейцарияда ишлатилади. Лекин у пастда жойлашган қишлоқдан тепаликка чиқиш учун восита бўлиб хизмат қилади. Чунки тоғли жой. [Бундай жойларда] ё йўл, ё шундай канатли транспорт қуришга тўғри келади. Ўша ерда ҳам йўловчилар шошмасдан чиқишади, хавфсизлик учун қилинади”,– деди шаҳарсоз.
Мутахассиснинг қўшимча қилишича, катта пул сарфланиб бу лойиҳа амалга оширилгандан кейинги муаммолар талайгин. Масалан, бирор сабаб билан транспорт ҳаракати тўхтаса ёки йўловчилардан бирининг мазаси қочса, эвакуация қилиш масаласи юзага келади.
“Мисол учун, автобус ишдан чиқса, эшик очилади, тушиб кетишади. Метрода эса чиқиб кетиш учун ўзининг махсус йўллари бор. [Осма дор йўлида эса] тепада бўлганингизда кимдир келиб, чиқиб тушириш керак бўлади. Бир нарса бузилса, бутун линия тўхтайди, нечта кабинка бўлса, унинг ичидаги ҳамма одамларни тушириш керак бўлади. Бу жуда катта муаммо келтириб чиқаради. Ёзда ҳаво ҳарорати 45 даража бўлган вақтда бу ишларни тез бажариш керак бўлади, одамларнинг мазаси қочиб қолади.
Тирбандликдан ўтамиз деб буни ишга туширишса, лекин нимадир ишдан чиқса, ўт ўчирувчи машиналар бориб, нарвонни қўйиб, нечтаси чиқиши керак бўлади? Бу жуда муаммо бўлади. Бундан ташқари, қанча одам бу тизимни ишлата олади. Масалан, автобусга 120 нафар йўловчини ўтказасиз, шу билан кетаверасиз. Бу ерда битта кабинкага 120 нафар одам сиғмайди. 8 нафардан бўлса, соатига қанча аҳоли ташилади? Бошқа жамоат транспортлари, ҳатто такисга солиштирганда кўрсаткичлар жуда паст”,– деди у.
Қолаверса, осма дор йўли қурилиши тўлиқ хорижий донор асосида молиялаштирилишини, инвесторлар харажатини чипта тушумларидан қоплашини ҳисобга олсак, йўлкира нархлари ҳам қиммат бўлиши кутилмоқда. Бу эса оддий аҳоли қатлами учун жозибадор эмас. Шаҳарсоз бу фикрни тасдиқлаган ҳолда сарфланган маблағ ўзини оқламаслигини, харажатларни қопламаслигини айтмоқда.
“Ҳозир бизда автобуслар[нинг йўлкира нархи] карта билан 1 минг 700 сўм, нақд пулда эса 2 минг сўм бўлади. Бундай [қиммат] нарх қўйилса, ҳеч ким [канатли жамоат транспортидан] фойдаланмайди. Дейлик, йўлкира 4 минг сўм бўлсин, бу ўзини қопламайди. Бу ерда кўпроқ харажат эксплуатацияга кетиб қолади. Чунки механизмлари кўп.
Ўзини қоплаш учун эса тариф қимматроқ бўлиши керак. 20 минг бўлса, нима сабаб осма дор йўлига чиқишим керак? Ундан кўра, автобусга ўтираман, манзилимга кондиционер билан етиб бораман”,– дейди у.
Аҳмедовга кўра, дунёда бир муддат йўлларда автомобилга приоритет бериб, кейинчалик бу хатосини тушуниб етган ривожланган шаҳарлар тажрибаси етарли. Улардан андоза олган ҳолда Тошкентда ҳам одамлар мобиллигини ошириш, қиммат бўлса-да, жойларга трамвайларни қайтариш мумкин. Акс ҳолда, аҳолининг орасида мобилликнинг тушиши кейинчалик саломатлик билан боғлиқ, айнан семизлик касалликларини келтириб чиқаради.
Шаҳарсоз Темур Аҳмедов билан бўлган тўлиқ суҳбатни шу ерда томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
16:02 / 20.11.2024
Варшава кўчаларидаги ўлимлар 2 баробарга камайтирилди: қандай қилиб?
18:04 / 18.11.2024
Урганч шаҳрига 50 та замонавий автобус келтирилди
19:32 / 30.10.2024
Фарғонада жамоат транспорти йўл ҳақи оширилди
15:35 / 21.10.2024