19:33 / 05.02.2024
6940

ОАВ: Зеленский бош штаб бошлиғини ҳам ишдан олмоқчи

Фото: Валерий Залужнийнинг фейсбук саҳифаси

Украина президенти Володимир Зеленский нафақат Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийни, балки бош штаб бошлиғи Сергей Шапталани ҳам алмаштириш бўйича маслаҳатлашувлар олиб бормоқда. Бу ҳақда «Украинская правда» Украина президенти жамоасидаги ва ҳарбий доирадаги вазиятдан хабардор манбаларига таяниб хабар тарқатди.

«Бош штабдан Шаптала ҳам кетади. Бошқалар бўйича вазият ноаниқ», — деган журналистларнинг юқори мартабали суҳбатдошларидан бири яқин вақтлар ичида Бош штабда қандай ўзгаришлар кутилаётгани ҳақидаги саволга жавобан.

Нашрнинг бошқа бир манбаси эса «бу воқеаларнинг барчаси ҳафта ўртасида рўй бериши мумкинлиги»ни айтган.

5 феврал куни Валерий Залужний фейсбук саҳифасида Сергей Шаптала билан бирга тушган суратини жойлаб, уни туғилган куни билан табриклади. «Бизга ҳали янада оғирроқ бўлади, аммо уятли бўлмаслиги аниқ. Бу ҳаётда ва уруш даврида сиз, Украинани барча нарсадан устун қўядиган инсон ёнимда бўлганингиздан бахтиёрман», — дея ёзган Украина қуролли кучлари бош қўмондони.

  • Украина ва Америкадаги нашрлар маълумотига кўра, Володимир Зеленский 29 январ куни ўтказилган йиғилишда Валерий Залужнийга тез орада Украина қуролли кучлари бош қўмондонлигидан истеъфога чиқиши ҳақида маълум қилган. Аввалига Украина президенти офисидагилар ва Украина мудофаа вазирлиги Залужнийни истеъфога чиқариш режалаштирилгани ҳақидаги хабарларни рад этаётганди. Украина ҚК бош қўмондонини лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармон ҳозирча имзоланмаган. 4 феврал куни италянларнинг Rai News 24 телеканалига берган интервюсида Зеленский Залужнийни истеъфога чиқариш имкониятини кўриб чиқаётганини тасдиқлади.
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top