Жаҳон | 20:34 / 06.02.2024
21273
5 дақиқада ўқилади

Лисичанскдаги ресторанга зарба: вазир ва депутатлар ҳалок бўлган

Луҳанск областининг Россия томонидан оккупация қилинган Лисичанск шаҳридаги кафе ўққа тутилиши оқибатида маҳаллий расмийлардан уч нафари ҳалок бўлган: «Луҳанск халқ республикаси»нинг фавқулодда вазиятлар вазири Алексей Потелешченко ҳамда Лисичанск «муниципал округи» депутатлари Артём Тростянский ва Иван Жушма.

Фото: Россия ФВВ

Тростянский ва Жушманинг ўлими ҳақида шаҳарнинг Россия томонидан тайинланган мэри (Россия қўшини ушбу шаҳарни 2022 йил ёзида ўз назоратига олган) Эдуард Сохненко ўз телеграм-каналида маълум қилган.

Аввалроқ «ЛХР» раҳбари Леонид Пасечник худди шу зарба оқибатида ўзини эълон қилган республиканинг фавқулодда вазиятлар вазири Алексей Потелешченко ҳам ҳалок бўлганини тасдиқлаганди.

Россия зарба Украина қуролли кучлари томонидан йўлланганини маълум қилган, аммо Украина мудофаа вазирлиги бу зарба юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Зарба ADRIATIC ресторанига келиб тушган. Лисичанскнинг Украина томонидан тайинланган маъмурияти вакили «Суспілне новини» сайтига берган изоҳида «гап босқинчилар ўз мақсадларида фойдаланиб келган бино» ҳақида кетаётганини айтган. «У ерда оккупация қўшини учун нон пиширилган ва йиғилишлар ўтказилган. У шаҳар оккупация қилинганидан кейин ишлай бошлаганди», деган у.

ЛХР ФВВ вазири Алексей Потелешченко зарба қурбонлари орасида зикр этилган

Зарба новвойхонага эмас, балки Россия таъсиридаги маъмурият вакиллари тўпланган ресторанга берилгани ҳақида Мариуполнинг Украина томонидан тайинланган мэри Петро Андрюшченко ҳам ёзган.

«Россияликлар дарҳол [ҳалок бўлганлардан] „терроризм ва укрнацизм қурбонлари“ ясаб олишди. Дам олиш кунларида қурбонларнинг рўйхати ва зарба берилган жойнинг аниқ координаталари пайдо бўлди. Ҳа, ёнида новвойхона бор, аммо у бутун қолган. Коллаборантнинг ресторани эса — йўқ. „ЛХР ФВВ министри“ Потелешченко Алексей Александрович ҳам, у 2014 йилда оккупантлар томонга ўтганди», — дея ёзган у ўз телеграм-каналида.

Лисичанскка зарба ҳақида нималар маълум?

Лисичанск 3 феврал куни ўққа тутилган, Россия томони маълумотларига кўра, зарба оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 28 киши, жумладан бир бола ҳалок бўлган. 10 кишининг ҳаёти сақлаб қолинган.

Россия ҳукумати ва маҳаллий расмийлар зарба учун жавобгарликни Украина қуролли кучлари зиммасига юклади.

Россия назорати остидаги Луҳанск ахборот маркази Украина АҚШ томонидан етказиб берилган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими орқали новвойхонани ўққа тутгани ҳақида хабар берди.

Россия ТИВ вакили Мария Захарова Москва халқаро ҳамжамиятдан ушбу зарбани «зудлик билан қоралаш»ни кутаётганини билдирди.

Россия Лисичанскка зарба юзасидан БМТ Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишини чақиришни талаб қилди.

Фронт чизиғи яқинида жойлашган Лисичанск шаҳрида Россиянинг 2022 йил февралида бошланган босқинига қадар 111 мингга яқин киши яшаган.

Россия Лисичанскни 2022 йил ёзида босиб олган, шаҳар қамал қилинганида унинг катта қисми вайронага айланган.

Фронт яқинидаги ҳудуд ресторани
Иля Барабанов, BBC махсус корреспонденти

«Бу ярамаслар зарба берган новвойхона харобалари остида қирқ киши қолиб кетган бўлиши мумкин. Қирқ киши! Новвойхонага зарба берилган!» — 3 феврал куни RT бош муҳаррири Маргарита Симонян украинлар HIMARS орқали зарба берган Лисичанскдан келган янгиликка шундай «қайғуга тушди».

Душанба кунига келиб эса, одатдаги каби асл вазият юзага чиқди: Россия пропагандаси фуқаролик инфратузилмасига ва тинч аҳолига кўр-кўрона йўлланган зарба сифатида тақдим этган воқеа аслида бошқачароқ бўлгани ойдинлашди.

Ресторан снарядлар келиб тушишидан олдин шундай кўринишда бўлган

Тадқиқотчи журналистлар «новвойхона» аслида ресторан экани, «тинч аҳоли вакиллари» эса — зиёфат меҳмонлари бўлганига аниқлик киритишди. Россия энди ўз ҳудуди сифатида даъво қилаётган бу шаҳарда маҳаллий депутатлардан бирининг туғилган куни нишонланган, қурбонлар орасида — ўтган йил сентябрида ЛХР фавқулодда вазиятлар вазири этиб тайинланган Алексей Потелешченко ва яна икки нафар маҳаллий депутат ҳам бўлган.

Урушнинг биринчи йилида, бундай техникалар Украина қуролли кучларига энди етиб кела бошлаган маҳалда таҳлилчилар бир неча ўнта HIMARS қурилмалари урушнинг боришини буткул ўзгартириб юборишини тусмол қилишганди. Улардан бир неча марта россиялик ҳарбийлар жойлашуви ёки босиб олинган ҳудудлардаги юқори мартабали мулозимларга қарши муваффақиятли зарбалар беришда фойдаланилди.

Аммо амалдорлар ва ҳарбийлар урушнинг иккинчи йили охирида ҳам фронт чизиғидан бир неча ўн километр масофада байрамларга йиғилишда давом этмоқда, Украина қуролли кучлари эса бундай нуқталарни мамнуният билан ўққа тутмоқда, бу эса Z-пропагандачиларнинг бир қисми бундай зарбаларни тинч аҳолига ҳужум сифатида тақдим этишга уринаётганида, бошқа қисмини қаттиқ таажжубга солмоқда.

Мавзуга оид