Ўзбекистон | 10:43 / 07.02.2024
5168
2 дақиқада ўқилади

Тошкент метросида поезд носозлик сабаб 3 дақиқа ҳаракатлана олмади

Чилонзор йўналишининг “Ҳамид Олимжон-Амир Темур хиёбони” метро бекатлари орасида ҳаракатланаётган поезд техник носозлик туфайли 3 дақиқа ҳаракатлана олмаган. Шу сабабли бу поезд ортдан келаётган ҳаракат таркиби билан тиркамага олиниб, текширув йўлагига юборилган.

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда пойтахт метросининг “Пахтакор” бекатида поезд йўловчиларни тушириб, бўш ҳолда кейинги бекатга кетаётгани, қарши томонга эса анча вақтдан бери поезд келмагани ҳақидаги хабарлар юзасидан Тошкент метрополитени расмий изоҳ берди.

Қайд этилишича, 7 феврал куни соат 08:55 ларда Чилонзор йўналишининг “Ҳамид Олимжон-Амир Темур хиёбони” бекатлари оралиғида ҳаракатланаётган поездда техник носозлик ҳолати кузатилган. Бунинг натижасида поезд 3 дақиқа вақт давомида ҳаракатлана олмаган.

“Шу сабабли ортдан келаётган 4-сонли ҳаракат таркиби билан тиркамага олинган ҳолда ҳаракат таркиби текширув йўлаги томон юборилган. Ҳозирги вақтда йўналишда поездлар ҳаракати белгиланган жадвал асосида амалга оширилмоқда”,– дейилади расмий хабарда.

Тошкент метрополитени келтирилган ноқулайликлар юзасидан йўловчилардан узр сўраган.

Эслатиб ўтамиз, 17 январ куни “Космонавтлар” метро бекатига кириб келган ҳаракат таркибининг вагон электр қисмида техник носозлик ҳолати кузатилиб, кичик ёнғин чиққанди.

15 январда “Дўстлик” бекатидан ҳаракатланаётган поезднинг 4-вагонидаги электр билан таъминловчи ҳимоя автоматида техник носозлик кузатилиб, вагоннинг асосий ёритиш чироқлари ўчиб қолганди.

7 январда эса “Юнус Ражабий” бекатидан ҳаракатланиши лозим бўлган поезд вагонларидан бири тутаб кетганди.

Ўтган йили октябр ойида ўтган матбуот анжуманида бир гуруҳ масъуллар пойтахт метрополитени тасарруфида 256 та вагон мавжуд эканини, шуларнинг 75 фоизи хизмат қилиш муддатини ўтаб бўлганини маълум қилишганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид