Ўзбекистон | 11:03 / 10.02.2024
13180
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда йўл четига чиқинди ташлаган ЙПХ ходими жаримага тортилди

ЙПХ ходимининг қоида бузиши ҳолати ўша атрофда бўлган машинадаги кузатув камерасига тушиб қолган.

Тошкент шаҳрида ЙПХ ходимларидан бири қўлидаги чиқиндиларни кўча четига ташлаган. Унинг бу қоидабузарлиги ўша атрофда бўлган машиналардан бирига ўрнатилган кузатув кемарасига тушиб қолган.

Ҳодиса тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Тошкент шаҳар экология бошқармаси ходимлари томонидан ЙПХ ходими топилган ва унга қонуний чора кўрилган.

Маълум бўлишича, ҳодиса 2024 йил 5 феврал куни кечки пайт Яшнобод туманидаги кўчалардан бирида содир бўлган. ЙПХ ходими аввалига қўлидаги пластик идишдаги нарсани ичган ва уни ерга қўйган. Сўнг уни йўл четидаги бетон ариқ томонга тепиб юборган.

Қайд этилишича, 2024 йил 8 феврал куни қоидабузарга нисбатан, МЖтКнинг 91-1 прим моддаси 1-қисмида кўрсатилган қоидабузарлик (Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш) бўйича маъмурий жазо қўлланган.

Унга кўра, ЙПХ ходимига БҲМнинг уч баробари (1 млн 20 минг сўм) миқдорида маъмурий жарима солинган.

Мавзуга оид