Жаҳон | 22:06 / 16.02.2024
12518
2 дақиқада ўқилади

Жо Байден ва унинг ўғли Ҳантерга нисбатан очилган иш барбод бўлди

Уларни порахўрликда айблаган махфий ахборотчи ёлғон гувоҳлик берганликда айбланди.

Фото: Reuters

АҚШ махсус прокурори Дэвид Вайс Федерал қидирув бюросининг (ФҚБ) собиқ махфий ахборотчиси Александр Смирновни ёлғон гувоҳлик берганликда ва ёзувларни сохталаштирганликда айблади.

Аввалроқ, Смирнов Жо Байден ва унинг ўғли Ҳантер Украинанинг Burisma энергетика компаниясидан 5 миллион доллардан олганини таъкидлаган, ушбу маълумот асосида Байденларга нисбатан иш очилган эди.

Смирнов 2020 йилда Ҳантер Байденга нисбатан тергов пайтида, Украинанинг Burisma компанияси раҳбарияти уни ёллаганини, бундан мақсад вице-президент бўлиб ишлаётган отаси Жа Байдендан фойдаланиш экани ҳақида айтган. Унинг гувоҳлик беришича, кейинчалик компания вакиллари ёрдам учун Жо ва Ҳантер Байденга пул тўлаган. Смирнов буни 2015 ва 2016 йилларда компания вакиллари билан учрашганида билиб олганини таъкидлаган.

Махсус прокурор идорасининг таъкидлашича, Смирнов Burisma вакиллари билан ҳақиқатан ҳам учрашган, аммо бу 2017 йилда, яъни Жо Байден вице-президент бўлмаган пайтда юз берган. Шунингдек, прокурор баёнотида айтилишича, Смирнов Байденни шахсий адоват ва президентликка номзоди кўрсатилгани сабабли порахўрликда ноҳақ айблаган.

Смирнов 15 феврал куни хориждан Қўшма Штатларга қайтганидан сўнг, Лас-Вегас аэропортида қўлга олинган.

Махсус прокурорнинг баёнотида айтилишича, ФҚБ собиқ ахборотчиси айбдор деб топилса, 25 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

2023 йил сентябрида АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг собиқ спикери, республикачи Кевин МакКарти Вакиллар палатасининг қўмиталари АҚШ президенти Жо Байденга импичмент жараёнини бошлаши мумкин бўлган тергов ишларини бошлаганини эълон қилди.

Республикачиларга кўра, Байден 2009-2017 йилларда вице-президент бўлиб ишлаган вақтида ўғли Ҳантернинг хорижий тижорат лойиҳаларидан даромад олган. Бунда Александр Смирнов кўрсатмалари асос қилиб олинган эди.

Мавзуга оид