Жаҳон | 22:38 / 19.02.2024
14639
2 дақиқада ўқилади

Трамп биринчи марта Навалний ўлимини тилга олди

Лекин фақат Америка сиёсати контекстида.

Фото: AP

АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг қамоқда вафот этилгани ҳақида хабар берилганидан кейин биринчи марта уни тилга олди. 

Шу билан бирга, Трамп Навалний ўлими ҳақида тўғридан-тўғри гапирмади ва Россия раҳбариятини тилга олмади, балки АҚШ ички сиёсий муаммолари билан боғлади. 

«Алексей Навалнийнинг тўсатдан вафоти мени мамлакатимизда бўлаётган воқеаларни тобора кўпроқ тушуниб етишга мажбур қилди. Бу шундай йўл-ки, радикал сўл сиёсатчилар, прокурорлар ва судялар бизни секин ҳалокатга олиб бормоқда», деб ёзди Трамп ижтимоий тармоқда. У америкаликларни «мағлуб бўлган миллат» деб атади. 

Алексей Навалний вафотидан сўнг ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Доналд Трампни худди Владимир Путин каби бўлиб ўтган воқеаларга изоҳ бермагани учун танқид қилишган эди. 

АҚШ президенти Жо Байден 16 феврал куни Алексей Навалнийнинг вафоти муносабати билан махсус мурожаат билан чиқди. Унинг айтишича, Навалнийнинг ўлимида шахсан Россия президенти айбдор. «Навалний билан содир бўлган воқеа Путиннинг шафқатсизлигининг яна бир далилидир», деди Байден.

Мавзуга оид