Жаҳон | 12:29 / 20.02.2024
11318
24 дақиқада ўқилади

Сайловлар, заҳарланиш ва қамалиш. Навалнийнинг ҳаёти суратларда

Унинг сиёсатдаги умри қандай ўтди?

Навалний Байкал кўлида. У Иркутскка президентлик кампанияси вақтида сайловчилар билан учрашиш учун келганди. 2017 йил 4 ноябр
Евгений Фелдман

2024 йил 16 феврал куни Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалний қамоқхонада вафот этгани маълум бўлди. Сиёсатчининг сафдошлари ва мустақил шарҳловчиларнинг кўпчилиги у амалда ўлдирилганини айтмоқда. «Медуза» москвалик ёш активист ва коррупцияга қарши курашувчи блогер бўлган Навалний қандай қилиб Россия мухолифатининг асосий умиди ҳамда дунёдаги энг таниқли сиёсий маҳбусга айланганини эслади.

Алексей Навалний 2000-йиллар бошидан жамоат фаоли бўлган. У «Яблоко» партиясига аъзо бўлиб кириб, унинг қошида «Москваликлар муҳофазаси қўмитаси»ни тузган, Москва шаҳар думаси учун номзодини қўйган. 2007 йилда уни партия ичкарисидаги кураш натижасида «Яблоко»дан чиқариб юборишган — «партияга сиёсий зарар етказгани, жумладан миллатчилик фаолияти учун». Навалний «Народ» ҳаракатига асос солиб, сиёсий дебатлар олиб боради, мунтазам равишда «Русский марш» тадбирларида қатнашади. Фотосурат 2006 йилда, «ДА! — Демократическая Алтернатива» ҳаракатининг Москвадаги касб-ҳунар техникуми тижорий қурилиш учун бузилишига қарши пикет чоғида олинган.
Олег Козырев / WIkimedia Commons
2009 йилда Навалний бор эътиборини коррупцияга қарши курашишга қаратади: у LiveJournal платформасида давлат харидларига тааллуқли суриштирувларни эълон қилиб боради. У амалдорларнинг ўғриликларини фош этиш билан шуғулланувчи активистларни жамлаган «Роспил» ҳаракатини йўлга қўяди. Машҳурликка эришган Навалний мухолифат тарафдорларига парламент сайловларида «Единая Россия»дан (у партияни «қаллоблар ва ўғрилар партияси» деб номлаган) бошқа исталган партия учун овоз беришга чақиради. Сайлов натижаларига кўра, «Единая Россия» қарийб 50 фоиз овоз олади — бу ёппасига сохталаштиришлар ҳақидаги хабарлар фонидаги натижа эди. Навалнийнинг кейинги чақириғи билан Чистие прудидаги митингга минглаб кишилар келади, бу ўшанда кўп йиллардан буён биринчи йирик норозилик акцияси бўлади. 2011 йил 5 декабр
Геннадий Гуляев / Коммерсантъ
2011 йил 5 декабрдаги митинг Лубянская майдонидаги Марказий сайлов комиссияси биноси томон стихияли юришга айланиб кетади. Полиция 300 дан ортиқ фаолларни, жумладан Навалнийни ҳам қўлга олади. Уни дастлаб 15 кун муддатга ҳибс қилишади. 2011 йил 12 декабрда олинган фотосуратда Навалний (чапда) ва қўлга олинганлардан яна бири камера деразасидан ташқарига қарамоқда.
Евгений Фелдман
Навалний ҳибсдалиги туфайли Болотная майдонидаги «қишки намойишлар»нинг биринчи митингида қатнаша олмайди. Сахаров проспектидаги кейинги йирик намойишга 100 мингга яқин киши йиғилади. Навалний саҳнадан туриб йиғилганлар қаршисида шундай дейди: «Кремлни ҳам, Оқ уйни ҳам ҳозирнинг ўзида эгаллаш учун етарлича одам бор, аммо биз тинч одамлармиз ва бундай қилмаймиз… ҳозирча». Унинг «Ҳа ёки йўқ?!» нақорати билан давом эттириладиган нутқи мемга айланади ва замонавий Россиядаги энг машҳур сиёсий чиқишлардан бири бўлади. 2011 йил 24 декабр
Кирилл Кудрявцев / AFP / Scanpix / LETA
«Қор инқилоби» барбод бўлиб, Путин 2012 йилги президентлик сайловларида ғалаба қозонгач, кутилмаганда Астрахан намойишлар марказига айланади. Маҳаллий сиёсатчи Олег Шеин шаҳар мэрлиги учун номзодини қўяди ва сохталаштиришлар туфайли мағлуб бўлгач, очлик эълон қилади. Унинг бошқа ўнлаб маҳаллий фаоллар ҳам қўшилган акциясининг 30-кунида уларни қўллаб-қувватлаш учун Астраханга Навалнийдан тортиб «Справедливая Россия» етакчиси Сергей Мироновгача бўлган москвалик сиёсатчилар ташриф буюришади. Алексей шаҳар маркази бўйлаб ҳукумат билан келишилмаган юриш ўтказади, унда етти минг киши қатнашади; кейин Шеин очликни тўхтатишга рози бўлади. Кейинроқ у судда ютқазади, аммо сайловда ғолиб чиққан «единоросс» («Единая Россия» вакили) кўп ўтмай коррупция учун қамалади. 2012 йил 14 апрел
Евгений Фелдман
Ўша тўлқиндаги сўнгги акция 2012 йил 6 май куни Путиннинг инаугурация маросими арафасида ўтказилган «Миллионлар марши» бўлади. Москва полицияси Кичик тош кўприкдан Болотная соҳилига ўтиш жойида марш йўлини тўсади. Ўн минглаб кишилар марши бошида кетаётган етакчилар ерга ўтирган ҳолда забастовка бошлайди. Полициячилар билан тўқнашувлар бошланади. Кун охирига келиб кучишлатар тузилмалар оммавий тартибсизликлар бўйича жиноий иш қўзғатади; у «Болотная иши» деб ном олган.
Евгений Фелдман
«Миллионлар марши» тарқатиб юборилганидан кейин ҳам Москвада намойишчилар ва полициячилар ўртасида кураш давом этади: активистлар инаугурация кортежи маршрутига имкон қадар яқин боришга уринади, кучишлатар тузилмалар ходимлари эса шаҳар кўчаларини тозалаш ва тўсиб қўйиш билан машғул бўлади. Навалний ва сўл сиёсатчи Сергей Удалцов «томчи протест» форматини таклиф этади: имкон бор кўчалар ва майдонларда тинимсиз ҳаракатланиб, тун-у кун акцияларни давом эттириш. Ўша кунларда Навалнийни бир неча бор ушлашади — фотосуратда у ТАСС биноси олдида полиция автозакида ўтиргани акс этган. 2012 йил 8 май.
Евгений Фелдман
2012 йил май ойи охирида кучишлатар тузилмалар ходимлари «Болотая иши» доирасида 6 май кунги митинг иштирокчиларини қўлга олишни бошлайди. 11 июн куни терговчилар намойиш етакчилари (ёки ўша вақтда шундай деб кўрилганлар)нинг квартираларида тинтув ўтказади — Ксения Собчакдан тортиб Борис Немцовгача. Фотосуратда Навалнийнинг квартираси тинтувдан кейин
Евгений Фелдман
2012 йил кузида мухолифатчилар Мухолифат мувофиқлаштириш кенгаши учун сайловлар ташкил этади, унда Навалний 43 мингдан ортиқ овоз тўплаб, ғолиб чиқади. Бу орган барибир эффектли бўлмайди ва ҳурмат қозона олмайди. Фотосуратда: Навалний, Немцов ва журналист Олег Кашин номзодларнинг телевизион дебати чоғида. 2012 йил 12 октябр
Евгений Фелдман
Навалний 2012 йил 21 октябрда Лубянкадаги ФСБ биносидан Техника тор кўчасидаги Тергов қўмитаси биносига қадар чўзилган «пикетлар занжири» вақтида. Акция россиялик мухолифатчи Леонид Развозжаев Киевда қўлга олинганидан кейин режалаштирилган ва анонс қилинганди. Уни Россияга олиб келишади ва тергов изоляторига жойлаштиришади — суд мажлиси вақтида Развозжаев ўзини қийноққа солишгани ҳақида айтишга улгуради. Кейинроқ у тўрт ярим йил муддатга қамалади
Евгений Фелдман
Алексей ва Юлия Навалнийлар 2013 йил 6 май куни «Болотная иши» бўйича қамалган сиёсий маҳбусларни қўллаш учун ўтказилган митингда. Фото: Евгений Фелдман
Навалний умумтомонидан қабул қилинган мухолифат етакчисига айланганида, Тергов қўмитаси унга қарши жиноий иш қўзғатишга киришади. Бундай ишлардан биринчиси 2013 йил ўрталарида судга етиб боради: Навалний ва бизнесмен Пётр Офицеровни «Кировлес» давлат корхонаси мулкини ўғирлашда айблашади. Иш оддий тадбиркорлик фаолиятини акс эттиради: Офицеров «Кировлес»дан ёғоч сотиб олган, харидор излаган ва қимматроққа сотган; Навалний ихтиёрий равишда Киров губернатори маслаҳатчиси бўлган ва ҳеч қандай расмий ваколатларга эга бўлмаган. Тўрт фарзанд отаси бўлган Офицеров Навалнийга қарши кўрсатма беришдан бош тортган. Уларнинг иккиси ҳам айбдор деб топилган ҳамда мос равишда тўрт ва беш йилга ҳукм қилинган. 2013 йил 18 июлда ҳукм эълон қилингач, уларни қўриқчилар олиб кетади.
Евгений Фелдман
2013 йил ёзида Москвада мэрлик кампанияси бўлиб ўтади, Навалний қайта сайланиш учун номзодини қўйган Сергей Собянинга рақобат кўрсатади. «Кировлес» иши бўйича суд ҳукми эълон қилингач, 18 июл куни мухолифатчининг штаби кампанияни тўхтатиши ва бойкот учун ташвиқот бошлашини эълон қилади. Москвада ҳокимият билан келишилмаган норозилик акциялари бошланади. Бир неча соат ўтиб прокурорлар кутилмаганда суддан Навалний ва Офицеровни уларнинг апелляциялари кўриб чиқилгунига қадар озод қилишни талаб этади. 2013 йил 19 июл куни Навалний ва Офицеров Киров области суди залида озод қилинади.
Евгений Фелдман
Москвадаги Ярославский вокзалида Навалнийлар ва Офицеровлар юзлаб тарафдорлар томонидан кутиб олинади. 2013 йил 20 июл
Григорий Дукор / Reuters / Scanpix / LETA
Мэр сайловлари 8 сентябрга белгиланганди, Навалний бутун ёз бўйи кампания олиб боради: кичик тўловлар ҳисобига хайрия маблағлари йиғади, минглаб кўнгиллиларни бутун шаҳар бўйлаб пикетларга юборади ва ўнлаб митингларда чиқишлар қилади. Улардан аксари автограф-сессияга айланиб кетарди. 2013 йил 21 август
Евгений Фелдман
Мэр сайловларида Навалнийга 632 минг сайловчи овоз беради (27,2 фоиз). Собянин 51,37 фоиз овоз қўлга киритиб, катта қийинчилик билан иккинчи турдан қутулиб қолади. Навалнийнинг штаби кўп миқдордаги қоидабузарликларни қайд этади, аммо сайловдан кейинги митингда сиёсатчи тарафдорларини кўчаларда норозилик акциялари уюштиришга чақирмайди. 2013 йил 9 сентябр
Евгений Фельдман
Навалнийга қарши иккинчи иш — «Ив Роше иши» — 2014 йил охирида судга оширилади. Бу вақтга келиб сиёсатчи қарийб бир йил мобайнида уй қамоғида эди (худди шу иш бўйича). Айблов томони талқинига кўра, у укаси Олег Навалний билан биргаликда корхона ташкил этиб, косметика маҳсулотларини оширилган нархларда олиб кирган. Олег бу оддий тадбиркорлик фаолияти эканини айтган, Алексей эса — бу бизнесга алоқасини рад этган. Якунда Замоскворецкий суди қўллаш мумкин бўлган энг қаттиқ ҳукмни чиқарган: Алексей шартли жазо олган, Олегни уч ярим йил муддатга колонияга юборишган. 2014 йил 30 декабр
Евгений Фелдман
Аввалига «Ив Роше иши» бўйича ҳукм 2015 йил 15 январ кунига режалаштирилганди, Навалнийнинг тарафдорлари Манежная майдонида йирик келишилмаган норозилик акцияси эълон қилади. Ҳукумат аввалига интернетда митингга чорловларни блоклай бошлайди — кейин эса суд мажлисини 30 декабрга қолдиради. Навалний уй қамоғида эканига қарамай, Москва марказига келади, аммо янги йил арафасидаги йўл-йўлакай ташкил этилган акцияда фақат бир неча юз киши иштирок этади.
Евгений Фелдман
2015 йил ёзида Навалний Михаил Касяновнинг «Парнас» ва Михаил Ходорковскийнинг «Откритая Россия» ташкилотлари  билан янги мухолифат коалицияси тузишга ҳаракат қилади. Унинг биринчи мақсади Россиянинг бир қанча регионларидаги парламент сайловларида устун келиш эди — аммо якунда мухолифатчилар рўйхати сайловларга бир неча ҳафта қолганида фақат Костромская областида бюллетенга киритилади. Навалний регионда бир неча митинглар ўтказади, аммо мухолифат 2 фоиздан ортиқроқ овоз олиб, муваффақиятсизликка учрайди. 2015 йил 4 сентябрда олинган фотосуратда Алексей Навалний ва унинг сафдоши Леонид Волков йўл ёқасидаги блинхонада (блин пишириб сотиладиган емакхона) штаб ишлари билан шуғулланмоқда.
Евгений Фелдман
Борис Немцов 2015 йил февралида ўлдирилгач ва Костромадаги муваффақиятсизликдан кейин мухолифат илк бор Москва чеккасида, Маринода митинг ўтказишга келишади. Навалний саҳнадан туриб сабр ҳақида гапиради: «Биз озчилик бўлишимиз мумкин, аммо фарзандларимиз ва набираларимиз бизни ўрнак қилиб кўрсатишади!» 2015 йил 20 сентябр
Евгений Фелдман
Бу вақт ичида ҳукумат Навалнийнинг тузилмаларига босимни кучайтиради. 2015 йил 16 январда Алексейни уйдан чиқишда ушлаб, сўроқ қилиш учун олиб кетишади — Коррупцияга қарши курашиш фондида эса тинтув бошланиб, барча техникалар олиб қўйилади. Бунга «фонд раҳбарлари ва ходимларининг хайрия маблағларини сарфлашдаги ноқонуний хатти-ҳаракатлари» сабаб сифатида келтирилган.
Евгений Фелдман
2016 йил ноябрда Навалний 2018 йилги президентлик сайловларига номзодини илгари суришини эълон қилади. Бунга Европа инсон ҳуқуқлари бўйича суди «Кировлес» иши бўйича ҳукмни бекор қилган қарори сабабчи бўлади — бу қарор туфайли Алексей пассив сайлов ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Ҳукумат эса шошилинч тарзда худди шу айбловлар бўйича янги суд жараёнини бошлайди. Суратда Алексей Навалний ва Петр Офицеров Кировда, 2016 йил 5 декабр
Евгений Фелдман
Кировдаги навбатдаги айблов ҳукмига қарамай, Навалний 2017 йил февралида президентлик кампаниясининг биринчи босқичини бошлайди — мамлакат бўйлаб сафарларни. 4 феврал куни у Санкт-Петербургда биринчи штабни очади
Евгений Фелдман
Алексей ва Юлия Навалнийлар Екатеринбургдаги сайловолди штабида кўнгиллилар билан учрашув олдидан. 2017 йил 25 феврал
Евгений Фелдман
Навалний ва унинг сафдошларини мунтазам равишда провокаторлар таъқиб этишган. Уфадаги темирйўл вокзалида ёшлар гуруҳи сиёсатчига қарата тухум улоқтиради, Волгоградда эса уни калтаклашга ҳаракат қилишади. Кўп ҳолларда полиция ходимлари провокаторларга тўсқинлик қилмасди. Уфа, 2017 йил 5 март
Евгений Фелдман
2017 йил 27 апрел куни Москвада Алексей Навалнийнинг юзига зеленка сепиб кетишади — бу унинг сайловолди кампанияси даврида иккинчи шундай ҳолат эди — ва кўзига жиддий шикаст етказилади. Навалний бу ҳужум Россия президенти администрацияси томонидан уюштирилганини айтади. Ҳужум қилганлардан бири SERB «ватанпарварлик» радикал ҳаракати активисти экани маълум бўлади.
Евгений Фелдман
2017 йил март ойи бошида Навалний бош вазир Дмитрий Медведев томонидан коррупцияга йўл қўйилгани борасида шов-шувли суриштирувни эълон қилади. «Он вам не Димон» («У сизга Димон эмас») сарлавҳали видео 46 миллион марта кўрилган. Штабда кампаниянинг келгуси стратегияси бўйича баҳс боради ва Навалний тарафдорларини Россия бўйлаб норозилик акциялари ўтказишга кўндиради. Бу намойишларга юз мингдан ортиқ кишилар чиқади — асосан ёшлар. Навалний Москвадаги келишилмаган митинг вақтида Твер кўчасида ушланади, намойишчилар автомобиллар билан автозакка борувчи йўлни тўсишга ҳаракат қилади. 2017 йил 26 март
Евгений Фелдман
Полициячилар Навалнийлар оиласини Москвада реновацияга қарши ўтказилган митингдан олиб кетмоқда. 2017 йил 14 май
Евгений Фелдман
Доимий ҳибслар, ҳужумлар ва маъмурий босимларга қарамай, Навалнийнинг кампанияси диққат марказида туради — ҳудудларда кўнгиллилар билан учрашувларга юзлаб кишилар йиғилади. Ижевск, 2017 йил 10 июн
Евгений Фелдман
Навалний ташвиқот поездидаги чиқишлар оралиғида Твердаги вокзалда. 2017 йил 29 май
Евгений Фелдман
Навалний омма олдида овқатлана олмасди ва чиқишлардан кейин қаттиқ оч қоларди. Суратда Регионал штаблар координаторлари конференциясидаги асосий нутқдан кейин Навалний тарафдорларидан бири берган «Доширак»ни танвоул қилмоқда. 2017 йил 29 август
Евгений Фелдман
2017 йил кузида Навалнийнинг штаби минглаб кишилар йиғиладиган оммавий митинглар ўтказишни бошлайди — кўпинча бундай намойишлар шаҳарлар тарихидаги энг йирик норозилик намойишларига айланади. Хабаровск, 2017 йил 24 сентябр
Евгений Фелдман
Навалний ҳар бир шаҳарда митинглардан олдин кўнгиллилар таклиф қилган бирор жойга боришга ҳаракат қиларди. Архангелскда у ёғоч бараклардан иборат турар жой ҳудудига ташриф буюрган. 2017 йил 1 ноябр
Евгений Фелдман
Куз ўрталарида ҳукумат бутун мамлакат бўйлаб фаоллар ҳар ҳафта юзлаб мурожаатлар йўллашига қарамай, Навалнийнинг штабига митинглар ўтказишга рад жавоби бера бошлайди. Самарадаги акцияга «қорин рақси бўйича чемпионат» ўтказиш баҳонасида тўсқинлик қилади. Майдондаги митинг мусиқа садолари остида босилиб кетиши кўзланганди, аммо Навалний колонкалардан шнурларни суғуриб олади ва улардан бирининг устига чиқиб нутқ сўзлайди. 2017 йил 3 декабр
Евгений Фельдман
Навалнийнинг штаби ўз номзоди машҳурлашиши учун барча ишни қилади, бу орқали Марказий сайлов комиссияси уни сайловларга номзод сифатида рўйхатга олишидан умид қилинганди («Кировлес» иши бўйича ҳукмга қарамай). Расмийлар Навалнийни ҳужжатлар топширилганидан кейинги куниёқ чақиришади — у рад этилиши муқаррарлигига қарамай йиғилишга боради. 2017 йил 25 декабр
Евгений Фелдман
2018 йил ёзида Олег Навалний колониядан чиқади. Алексей уни кутиб олиш учун борганди. 2018 йил 29 июн
Ваcилий Максимов / AFP / Scanpix / LETA
Полициячилар Алексей Навалнийни «Медуза» журналисти Иван Голуновни қўллаш учун ўтказилган митингда қўлга олмқода. 2019 йил 12 июн.
Максим Шеметов / Reuters / Scanpix / LETA
2019 йилда Навалний ва унинг тарафдорлари Москва шаҳар думаси учун сайловларда ғолиб бўлишга ҳаракат қилади. Аммо мустақил номзодларни рўйхатга олиш рад этилади, намойишлар эса куч билан тарқатилади — лекин бу фақат кампанияга эътибор кучайишига олиб келади. Навалний «Ақлли овоз бериш»ни таклиф этади — бу стратегия мухолифатчи фаоллар «Единая Россия»дан бўлмаган энг кучли номзодни қўллаши назарда тутилганди. Якунда «Единая Россия» пойтахт парламентида катта қийинчилик билан кўпчилик ўринни эгаллайди, норозилик акциялари эса «Москва иши» ва ўнлаб намойишчиларга жиноий иш очилиши билан якунланади
Sefa Karacan / Anadolu Agency / Getty Images
Ҳукумат Навалний ва унинг сафдошларини тобора кўпроқ маъмурий ҳибсга ола бошлайди; баъзида бир вақтнинг ўзида Коррупцияга қарши курашиш фондининг ўнлаб шаҳарларидаги юзлаб биноларида ўтказилади. 2019 йил 26 декабрда кучишлатар тузилмалар яна фонднинг Москвадаги офисига келади — суд қарори мавжудлигига қарамай, Медведев тўғрисидаги суриштирувни ўчиришдан бош тортганлик учун очилган жиноий иш бўйича.
Dimitar Dilkoff / AFP / Scanpix / LETA
Навалний Борис Немцов учун хотира марши ўтказишига йўл қўймасликка ҳаракат қилишади. 2020 йилда акция 29 феврал куни, пандемия бошланиши арафасида бўлиб ўтади ва бу сўнгги йилларда Москвада ҳукумат билан келишилган сўнгги митинг бўлиб қолди — ва Навалний иштирокидаги сўнгги митинг.
Юрий Мартьянов / Коммерсант / SIPA USA / Vida Press
2020 йил ёзида Алексей Навалний Сибир бўйлаб ташвиқот турнесига йўл олади: сиёсатчи кузги ҳудудий сайловлар учун «Ақлли овоз бериш» технологиясини тайёрлаганди. У Томскдан Москвага учаётганида ўзини ёмон ҳис қилади; Омскда фавқулодда қўнишдан кейин у жонлантириш бўлимига ётқизилади. 2020 йил 22 август
Алексей Малгавко / Reuters / Scanpix / LETA
Икки кун ўтиб Россия ҳукумати ва тиббиёт ходимлари Навалнийнинг оиласи талаби билан уни даволаниш учун Германияга олиб кетишга рухсат беради. Европалик кимёгарлар унинг таҳлилларида «Новичок» заҳрини аниқлашади — кейинроқ ўтказилган текширувлар сиёсатчи ФХХ ходимлари томонидан заҳарланганини тасдиқлайди.
Алексей Навалнийнинг матбуот хизмати / AP / Scanpix / LETA
Навалний икки ҳафтадан кейин комадан чиқади. 2020 йил 15 сентябр куни унинг оиласи ҳоспиталда олинган илк кадрни намойиш этади
@navalny / Instagram / AFP / Scanpix / LETA
2020 йил декабр ойи охирида Навалний ўзини заҳарлаган жамоа аъзоси билан телефон мулоқоти видеоёзувини эълон қилади. Бу вақтга келиб сиёсатчи Германиядаги реабилитация жараёнининг учинчи ойини ўтаётганди; Россия ҳукумати унинг даъволанишини — «Ив Роше» иши бўйича қамалишдан қочишга йўяди. Ҳибсга олиниши хавфига қарамай, 2021 йил январида Навалний тез орада Россияга учишини эълон қилади. Кейинроқ у қайтиш-қайтмаслик борасида иккиланиш бўлмагани, эмиграцияда ҳаёт кечиришни тасаввур ҳам қила олмаганини билдирганди. Алексей Навалний «Победа» авиакомпанияси самолётида, 2021 йил 17 январ
Кирилл Кудрявцев / AFP / Scanpix / LETA
Навалний аэропорт ҳудудидаёқ ушланган, Химкидаги полиция бўлимида ўтказилган суд жараёнидан кейин эса ҳибсга олинган ва тергов изоляторига юборилганди. Ҳибсдан кейинги кун Навалний жамоаси Путиннинг саройи тўғрисидаги суриштирувни эълон қилади.
Евгений Фельдман / «Медуза»
2021 йил 2 феврал куни Москвадаги Симоновский суди Алексей Навалнийнинг «Ив Роше» иши бўйича муҳлатни шартлидан реалга алмаштиради. Бу ҳукмга кўра, сиёсатчи икки йил-у саккиз ойни колонияда ўтказиши керак эди. Бу фотода Навалний рафиқасига салом йўллаётгани акс этган.
Москва шаҳар суди матбуот хизмати / AFP / Scanpix / LETA
Шундан кейин Навалний жамоатчиликка фақат суд мажлисларида видеоалоқа орқали иштирок этиш вақтида кўриниш берди. Хусусан, 2021 йил 28 декабрда Ковровдаги суд унинг колонияда экстремизмга мойил сифатида ҳисобга олишгани юзасидан шикоятини кўриб чиққанди. Бундай эшитувларнинг барчасида Жазони ижро этиш федерал бошқармаси фойдасига қарор қабул қилинади.
Евгений Фельдман / «Медуза»
2022 йил февралида Навалнийга қарши янги суд жараёни бошланади, бу иш тўғридан тўғри колониянинг ўзида ўтказилади. Сиёсатчини «судга ҳурматсизлик қилиш» ва «фирибгарлик»да айблашади — ва тўққиз йилга озодликдан маҳрум этишади. Алексей ва Юлия Навалнийлар 15 феврал кунги суд мажлисидан видеотрансляцияда.
Юрий Кочетков / EPA / Scanpix / LETA
Навалний сақланган колониялар ходимлари доимий равишда уни жазо изоляторига (ШИЗО) юбориш учун баҳоналар ўйлаб топарди — бу қамоқда сақлашнинг ўта қаттиқ шароитлари амал қиладиган бир кишилик камера (мунтазам равишда жазо изоляторларига ўтказиш — амалда қийноққа солиш эди). Олег Навалний ШИЗО нусхасини яратади ва уни Европанинг турли шаҳарларида намойиш этиб, бу вазиятга эътибор қаратишга ҳаракат қилади. Берлин, 2023 йил 15 феврал
Евгений Фельдман / «Медуза»
Оғир заҳарланишдан эндигина ўзига келганидан кейин қамоққа тушган Навалнийнинг соғлиги шифокорларнинг қаттиқ хавотирига сабаб бўлганди — улар бир неча бор мамлакат раҳбариятига сиёсатчини камситишни бас қилиш талаби билан мурожаат қилганди. Навалнийга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш рад этилганди, 2023 йил декабрида эса сиёсатчи абадий музликлар ҳудудидаги «Полярний волк» колониясига ўтказилганди. Карантиндан кейин Навалний дарҳол яна жазо изоляторига (ШИЗО) юборилади — у изоляторларда жами 295 кун ўтказган.
Reuters / Scanpix / LETA
2024 йил январ ойи бошида РФ олий суди Навалнийнинг китоблар сонига ва озиқ-овқат қабул қилиш вақтига чекловларни бекор қилиш бўйича даъвосини рад этганди. 11 январ куни Навалний суд мажлисида видеоалоқа орқали қатнашди. Бу унинг сўнгги фотосуратларидан бири бўлиб қолди.
Максим Шеметов / Reuters / Scanpix / LETA

Мавзуга оид