Жаҳон | 07:29 / 03.02.2021
31818
11 дақиқада ўқилади

Навальний «ўйиндан ташқари ҳолатда». У судда ҳам курашни давом эттирди

Россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Москвадаги Симоновский суди унга белгиланган шартли озодликдан маҳрум қилиш жазосини ҳақиқийсига алмаштирди. Россиянинг энг катта сиёсий мухолифатчиси жазони ижро этиш колониясига юборилди. Энди нима бўлади?

«Ив Роше» иши нима ўзи?

Сиёсатчи кўп йиллардан буён давом этаётган «Ив Роше» иши бўйича жазога тортилди. 11 январ куни Жазони ижро этиш федерал бошқармаси Навальнийнинг шартли жазосини ҳақиқийсига алмаштириш бўйича судга тақдимнома киритганди. Бунга сабаб сифатида сиёсатчи вақтинча сақлаб туриш қоидаларини бузгани келтирилган.

2014 йил Алексей Навальний укаси Олег билан «Ив Роше» иши бўйича айбдор деб топилган. Улар фирибгарлик ва пул ювишда айбланган. Навальний ўшанда шартли равишда 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилган ва унинг синов муддати 2020 йил 30 декабрда ўз ниҳоясига етди. 2017 йил Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Навальнийнинг ишида Европа конвенцияси талаблари бузилганини эълон қилганди.

Кейинчалик Россия Олий суди ишни қайтадан кўриб чиққан, лекин ҳукм ўзгармаганди. Олий суд жиноят аломати бўлган ишларни фақат маҳаллий судлар кўриб чиқишини иддао қилган. Айбловга кўра, Навальнийлар оиласига тегишли бўлган корхона офшор компанияларда пул ювишда қатнашган. Яъни 2008 йил Франциянинг «Yves Rocher» парфюмерия компаниясининг Россиядаги филиали бўлган «Ив Роше Восток» фирмаси Кипрдаги ошфор компаниялардан бири билан шартнома имзолайди. Ўзаро ҳамкорлик давомида «Ив Роше»дан Навальнийлар оиласига қарашли корхона ҳам 19 миллион рубль пул олади. Бу пуллар ижара учун деб ўтказилган. 2012 йил «Ив Роше» ижрочи директори Бруно Лепрунинг аризасига кўра, Навальнийларга нисбатан иш очилади. Компания улардан 26 миллион рубль зарар кўрганини айтади. Шу тариқа, Олег ва Алексей Навальний суд томонидан айбдор деб топилади.

Бу иш аслида тинчиб кетганди, чунки Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ҳукмни бекор қилиш бўйича талаб қўйган ва Россия суди ишда йўл қўйилган хатоларни қисман тан олган. Бироқ августда Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ва бунда шахсан Россия президенти Владимир Путинни айблагани сиёсатчининг «эски портфели қайта титилишига» сабаб бўлди. Бунинг устига, 19 январ куни эълон қилинган Путин ҳақидаги 2 соатлик суриштирув сабаб Навальнийни қийин келажак кутаётгани аниқ эди.

Қарор чиқиши аниқмиди?

Москвада 1 феврал кечги вақтдан бошлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилганди. Айниқса Кремль атрофи жиддий қўриқланди. Бу эса Навальнийга қандай жазо берилиши аниқлигидан далолат берарди. Симоновский суди ишни Москва шаҳар судига ўтказишга қарор қилди, чунки ишда кўплаб ОАВ вакиллари қатнашиши кутилганди. Москва шаҳар судида эса катта зал бор эди. Суд атрофи эрталаб соат 8дан қўриқлана бошланди. Шу сабаб Навальнийнинг тарафдорлари суд биноси олдида митинг ўтказа олишмади. Эрталаб соат 10дан бошлаб суд атрофида йиғилганларни қўлга олиш бошланди ва бир неча соат ичида 300дан ортиқ одамлар ушланди.

Навальний судга жуда яхши кайфиятда кириб келди. У ҳатто рафиқаси Юлияга қараб ҳазиллашишга ҳам улгурди: «Юлия, сени камерамдаги телевизорда ҳам кўрсатишди. Айтишдики, сен қоидаларни қулоқсизларча бузаётган экансан. Сен билан фахрланаман, ёмон қизалоқ», деди сиёсатчи. Навальний шишали аквариум деб аталувчи судланувчилар турувчи жойга ўтар экан, хотинидан у кўриб туриши учун қулайроқ жойга ўтиришини сўради.

Ишни кўрувчи судя алмашгани жараён бошланишидан бир неча дақиқа аввал аниқ бўлди ва бу кўпчиликни ажаблантирди. Симоновский суди раиси Вячеслав Детишин бу ишни кўриб чиқишни истамади ва истеъфо берди. Унинг ўрнини Наталья Репникова эгаллади.

Навальний судянинг яшаш жойи ҳақида берган саволига ҳазил билан жавоб берди: «Биринчи рақамли тергов ҳибсхонаси». Жазони ижро этиш бошқармаси вакили судда Навальнийга 3,5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси берилишини сўради. Унинг айтишича, сиёсатчи шартли равишда 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилгач, 7 марта махсус текширувга келмаган ва бу учун огоҳлантириш олган. Шунингдек, вакил Навальний тузалиш йўлига ўтмаганини айтди.

Навальнийнинг вакиллари у махсус суҳбатга 9 январ куни бора олмаслиги ҳақида огоҳлантиришганини маълум қилишди. Жазони ижро этиш бошқармаси вакили эса Навальний 9 январ куни эмас, 13 январ куни инспекцияга бориши керак бўлганини айтди. Бунга жавобан сиёсатчининг вакиллари у 15 январгача Берлиндаги «Шарите» клиникасида даволанганини айтишди. «17 январ куни уни ҳибсга олишмаганида, эртасига албатта инспекцияга борган бўларди», деган Навальнийнинг вакили.

Мухолифатчининг вакиллари яна бир нарсага эътибор қаратишди: «Сизлар нега уни қидирувга бердингиз? Ахир у қаерда эканини бутун мамлакат биларди, ҳатто сиз рапортда кўрсатганингиздек қоровул ҳам. Нега унинг вакиллари билан боғланишга ҳаракат қилмадингиз?» Жазони ижро этиш бошқармаси вакиллари эса ҳайратланарли тарзда Навальний қаерда эканини билмаганликларини маълум қилишди. Ваҳоланки унинг Германияда даволанаётганини бутун мамлакат биларди.

Бу борада Навалнийнинг ўзи шундай деди: «Айтинг-чи, мен қандай қилиб ўша ҳолатда ўз вазифамни бажара олардим? Мен комага тушдим, кейин даволандим, тикланиш жараёнини тугатиб, Москвага қайтдим. Бундан ортиқ нима қилишим мумкин эди сиз учун? Менинг вакилларим билан боғланишингиз мумкин эди-ку, сизда уларнинг контактлари бор». Суд икки соатлик танаффус эълон қилганда ҳам Навальний ҳазиллашишга улгурди: «Кимнидир «Макдоналдс»га юборсак бўларди».

«Қўлимдан келганча курашдим, курашда давом этаман»

Танаффусдан кейин судда биринчи бўлиб Навальний сўз олди: «Бу хонадаги барчага мурожаат қилмоқчиман. Мени аллақачон жазоланган ишим учун қайтадан жазоламоқчи бўлишяпти. Европа суди ишда жиноят аломатлари йўқлигини маълум қилган ва Россия буни қисман тан олганди ҳам. Бунинг устига укамни қамаб, менга синов муддати беришди. Келинг, бироз математикага мурожаат қиламиз: мени 2014 йил суд қилишди, ҳозир эса 2021 йил ва ҳамон суд қилиняпман.

Менга шунча иш етмагандай яқинда яна бир ишни тўнкаб қўйишди. Худдики бир киши бу мамлакатда бир қадам ҳам эркин юра олмаслигимни хоҳлаётгандай. Ҳаммамиз бу ишлар бункерда яшаётган бир кишининг нафрати ва қўрқуви сабаб содир бўлаётганини биламиз. Чунки мен тирик қолиб уни ўлар даражада ранжитиб қўйдим», деди Навальний. Охирги гапни айтаётганда прокуратура вакили хавотир билан судда бошқа масала кўрилаётгани, шунчаки шартли жазо чинакамига алмаштирилаётганини эслатди. Сиёсатчи тирик қолгани, мисолда келтирилган одам каби қўрқиб бункерга яширинмаганини фахрланиб айта олишини маълум қилди. У охирги иккита суриштирувини ҳам эслатиб ўтишга улгурди. Навальний суд мажлиси давомида Путин у сабаб тарихга заҳарловчи бўлиб киришидан ранжиганини айтиб ўтди.

Судланувчи мажлис давомида ижтимоий муаммолар ҳақида гапиришга ҳам улгурди: «Бизнинг мамлакатда барча гўёки бир ишни қилмоқда ва эвазига 20 минг рубль (260 доллар) маош олиб, жим юрибди. Чунки мана бундай қама-қамалар билан миллионлаб одамларни қўрқитишмоқда. Росгвардия, панжаралар – булар қўрқоқликнинг нишонаси, холос. Лекин унутманг, юз минглаб одамларни қамоққа тиқиб бўлмайди».

Прокурор Навальнийни бир неча марта тўхтатишга уриниб, суд мажлисини митингга айлантирмасликни сўради. «Мен қўлимдан келганича курашдим ва курашишда давом этаман. Мен одамларни кимёвий қуроллар билан заҳарлаётганлар қуршовида қолиб кетдим. Ҳозир менинг ҳаётим уч пулга қиммат, лекин мен сиз билан курашишда давом этаман. Бизнинг ватанимизда, Россиямизда яхши нарсалар жуда кўп, энг яхшиси – қўрқмайдиган, ўз ватанини узумзорлар-у, акводискотекаларга алмашмайдиган халқимиз. Менинг талабим шуки, ҳозироқ озодликка чиқарилишимни сўрайман», деди сиёсатчи.

Навальнийдан кейин сўз олган адвокати Вадим Кобзев мижозининг қаерда бўлмаганини гўёки билмаган Жазони ижро этиш бошқармасининг намойишкорона қилиқларини уятли ҳолат деб атади. Унинг айтишича, Навальнийга нисбатан қидирув тартиби ҳам қўпол равишда бузилган.

Прокурор Екатерина Фролова эса совуққонлик билан Навальнийга белгиланган шартли жазо ҳаққонийсига алмаштирилиши жуда оддий жараён эканини, айбланувчи шартли жазо қоидасини бузганида бу ҳолат табиий тарзда амалга оширилишини айтган. Унинг фикрича, Россия қонунчилиги янаям инсонийлик тамойилларини қўллаган ҳолда Навальний икки марталаб шартли жазога ҳукм қилинишига йўл қўйган. «Ваҳоланки, бундай жазо фақат бир марта енгиллик сифатида қўлланади», деди прокурор.

Дунё етакчилари Навальний озод қилинишини сўрамоқда

Алексей Навальний озодликдан маҳрум қилиниб, жазони ўташ учун колонияга юборилгач, мамлакат бўйлаб норозилик митинглари бўлиб ўтди. Мингдан ортиқ одам қўлга олинди. Айниқса Кремль атрофида кўплаб одамлар олиб кетилган. Бутун Москва бўйлаб милиция ва ОМОНчилар ишга киришди. Навальний қўлга олингач, дунёдаги кўплаб сиёсий етакчилар уни қўйиб юборишни сўраб чиқишди.

Эммануэл Макрон, Франция президенти: «Сиёсий бўйсунмаслик – жиноят эмас. Биз Навальнийни тезда қўйиб юборишга чақирамиз».

Ангела Меркель, Германия канцлери: «Алексей Навальнийнинг озодликдан маҳрум қилиниши қонуний давлат талабларига умуман тўғри келмайди. У тезда қўйиб юборилиши керак. Тинч намойишчиларга қарши зўравонликларга ҳам чек қўйиш лозим».

АҚШ давлат департаменти: «АҚШ Россияга нисбатан сиёсатида Навальний атрофидаги воқеаларни ҳисобга олади».

Америкалик сенатор Митт Ромни Навальний қўлга олингач, бу борада Россияга қарши санкцияларни назарда тутувчи янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқаётганини маълум қилди. Оқ уйда ҳам Навальнийнинг қўлга олинишидан хавотирда эканликларини маълум қилишди.

Доминик Рааб, Британия ташқи ишлар вазири: «Британия Навальнийни зудлик билан қўйиб юборишга чорлайди. Бугунги ҳукм заҳарланиш қурбонларига қарши бўлди, унинг ташкилотчиларига қарши эмас. Бу билан Россия халқаро ҳамжамият вакили сифатида энг оддий талабларни бажармаслигини кўрсатди».

Мавзуга оид