15:21 / 26.02.2024
14321

1917 йили Қўқон қонга ботирилишида кимёвий қуролдан фойланилганми?

Бундан  роппа-роса 106 йил муқаддам  Қўқонда одамлар тириклайин ёқилган, ўлдирилган, зўрланган ва ҳатто гўдаклар ҳам шафқатсизларча қатл этилган эди. Туркистон  мухторияти тузилиши ва барбод қилинишига оид сиз эшитмаган маълумотларни бугун олимларимиз сизга сўзлаб беришади. Ҳозиргача яшириб келинган баъзи маълумотлар ва ҳақиқатлар бугун очиқланди. Миллатимизга геноцид уюштирилган ўша машъум кун ҳақида бугун суҳбатлашамиз.

Қаҳрамон Ражабов: — 22 феврал куни Туркистон мухторияти советлар томонидан ағдарилганига 106 йил тўлди. 20 аср бошлари ўзбек халқи тарихида муҳим рол ўйнаган Туркистон мухторияти бор-йўғи 72 кун яшади. Мухторият ҳукумати халқ томонидан сайланганига қарамасдан, ўша пайтдаги Туркистон аҳолисининг 95 фоиз аҳолиси асл туркистонликлар эди, қолганлар 50 йил давомида Россиядан, бошқа Европа давлатларидан кўчиб келганлар эди, улар Туркистон мухториятини тугатиш учун барча чораларни ишга солади. Перфелев бошчилигидаги қўшинлар Қўқонни ўраб олади. Уларнинг ихтиёрида тўплар, пулемётлар бор эди. 2 соат ичида ҳукумат таслим бўлса, ҳужум қилмасликларини айтишади, лекин мухторият буни рад этади, шундан сўнг Қўқонни тўплардан ўққа тутишади. Адабиётларда Қўқон қирғини 3 кун давом этган дейилади, лекин охирги йиллардаги аниқланган маълумотларга кўра, улар 10 кун давомида Қўқонни ўққа тутишган, шаҳарда жанглар бўлган ва шаҳар деярли вайрон қилинган.

Азамат Зиё: — Туркистон мухторияти — жуда катта воқеа. Замонавий давлатчиликни мустақил равишда яратишга катта бир қадам бўлган. Тўла мустақил давлат сифатида эмас, балки Россия таркибидаги демократик давлат сифатида эълон қилинган. Гап бу мухториятнинг қанча яшаганида ёки қандай шаклда бўлганида эмас, балки унинг қонга ботирилганида, вазият етилиб турганидан фойдалана олинмаганида деб биламан.

Қаҳрамон Ражабов: — Тошкент, Самарқанд, Фарғона водийсидаги тараққийпарварлар ўртасида Россия таркибидаги Туркистонга кенг маънодаги миллий, маданий мухторият бериш масаласи қўйилган эди. Бу мухторият автоном шаклда эмасди. Жадидларимиз мухториятни аста-секин тўлиқ мустақил давлатга айлантирмоқчи эди.

1918 йил февралда Қўқон шаҳри ва унинг атрофида болшевиклар томонидан жуда катта кўламда қирғин содир этилган. Фарғона вилояти давлат архиви ҳужжатларига кўра, большевиклар Қўқонни тўпдан ўққа тутаётганда кимёвий снарядлардан фойдаланишган. Бу ҳақидаги маълумотларни ўша пайтда Қўқонда бўлган америкалик журналист ёзади ва Америкада эълон қилинади, унинг мақоласининг рус тилидаги нусхаси Фарғона давлат архивида сақланган. Қўқон вайрон қилингани ҳақида ўзбек олимлари ҳам ёзган, лекин улар совет даври бўлгани учун бошқача тус берган бу воқеаларга. Большевиклар озодлик олиб келди, дейишган, жадидлар тузган ҳукуматни эса бойлар ҳукумати эди, деб тасвирлашган.

Қўқон қирғинида 10 дан ортиқ тинч аҳоли ўлдирилади. Бирорта ҳам бутун бино қолмайди, вайрон қилинади. Мухторият қўшини 2 минг кишига етар-етмас ҳолатда бўлади, қуролланган қисми кам эди. Одамлар тўплар, пулемётларга қарши оддий ов милтиғи, ханжарлар билан қарши чиқишади.

Азамат Зиё: — Большевиклар 1917 йил ноябрда давлат тўнтариши қилган бўлса-да, ҳали ҳамма жойда тўла ҳокимиятини ўрнатмаган эди, жумладан, Туркистонда ҳам. Бундай вазиятда мустақил бўлишимиз учун жиддий қадамлар қўйишимизга имкон бор эди. Ленин бошчилигидаги большевиклар ҳали ўз имкониятлари чекланган бўлса ҳам, бор кучларини ишга солиб, Туркистон мухториятини йўқ қилишга киришди. Чунки улар Туркистон империя таркибидан чиқиб кетишини англаб етган эди.

Бугунги авлод билишимиз керакки, қўпол қилиб айтганда, империячи сиёсатчиларнинг ҳаммаси бир гўр биз учун. Улар империячилик сиёсатини жон-жаҳди билан ҳимоя қилади, ичкарида ҳокимият талашсалар ҳам, рус империяси масаласида бир-бирининг кўзини чўқимайди. Шу нуқтаи назардан олганда, Оқ пошшо даврида бошланган империячиликни большевиклар давом эттиришга қаттиқ ҳаракат қилган.

Қаҳрамон Ражабов: — Большевиклар қамоқхоналардаги жиноятчиларни чиқариб, улардан қизил гвардиячилар тузишди. Туркистон раҳбарларидан бири бўлган, совет ҳукуматида фаолият кўрсатган Т.Ризқулов 1919 йили қизил армия аслида талончилар, бир гуруҳ ўғри, қаланғи-қасанғилардан тузилганини, арман дашноқларининг ёвузликлари ҳақида гапиради. Арман дашноқлари олдиндан туркий халқларга нафрати билан танилган. Улар большевиклар билан бирга шаҳарга кириб тинч аҳолини туркий ёки мусулмон бўлгани учунгина ўлдиради, мол-мулкини талайди. Қўқондан Тошкентга катта мол-мулк Тошкентга юборилганини советларнинг ўзи ҳам тан олади кейин. У бойликларнинг ҳаммаси ҳам давлатга топширилмади, большевик комиссарлари айш-ишрат билан банд бўлган.

Азамат Зиё: — Таъсис ҳужжатлари қайси тилда бўлган? — Рус тилида. Миллий давлатчилик қурмоқчи бўлганлар таъсис ҳужжатларни рус тилида қилишган. Бизнинг давлат тилимиз ҳақидаги қонун ҳам рус тилида ёзилган эди, биринчи конституциямиз ҳам рус тилида ёзилганди. Мустақил бир давлатнинг биринчи конституцияси нега рус тилида ёзилиши керак, деган саволни бермаган ҳеч ким. Қайси тилда тили чиқса, ўша тил эгасига хизмат қилади, деган гап ҳам бор.

Қаҳрамон Ражабов: — 22 феврал куни Туркистон мухторияти ағдарилади ва гўёки тинчлик сулҳи имзоланади, лекин бу ҳужжатда мухторият ҳукуматининг ёки жадидларнинг бирорта вакилининг имзоси йўқ. Кўчадан дуч келган одамни олиб келиб ҳужжатни имзолашган. Ўзлари биз Қўқонни озод қилдик, дейишган. Лекин кимдан озод қилишди? Гўё тинчлик олиб келишган, лекин Қўқон ўликлар шаҳрига айланган эди. «Улуғ Туркистон» газетида ҳам «Хўқанд ҳозир ўликлар шаҳри» дейилган.

Азамат Зиё: — Миллатни уйғотишимиз керак. Агар биз бир бўлсак, ҳеч нарса қила олишмайди. Туркистон мухторияти тақдиридан асосий хулосам шуки, биз бир миллат, бир давлат бўлиб бирлашишимиз керак. Ўзаро тортишувлар бўлади, тўғри, ака-ука ҳам тортишиб туради, лекин қон тортиб, бир бўлади барибир. Биз ҳам шундай бир бўлишимиз лозим, шунда ўз марраларимизни сақлаб қоламиз.

Қаҳрамон Ражабов: — Биз бу воқеаларни таҳлил қилар эканмиз, бир нарсани билишимиз лозим: миллат давлат тузадими, ҳукумат тузадими, уни ҳимоя қила билиши керак. Босқинчиларга қарши бирлик бўлмас экан, ўша юрт босқинчиларга ўлжа бўлади. 1917 йилда келган Совет ҳокимияти мана шундай даҳшатли воқеалар билан ҳукмронлигини бошлайди. Ўша вақтда феврал, март ойларида умумий 50 мингдан зиёд одам ўлдирилган. Шундан сўнг Фарғона халқи советларга қарши миллий озодлик курашини бошлайди, советлар уларни «босмачилар» деб атади. Аслида улар миллат учун, Туркистон учун курашган инсонлар эди.

Top