Ўзбекистон | 12:20 / 26.02.2024
11971
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда бир кунда икки автобус ёнди

Иккала ёнғин ҳам 2013 йилда ишлаб чиқарилган эски Mercedes-Benz автобусларида содир бўлган. Автобусларнинг бирида тормоз тизимидаги носозлик сабаб, иккинчисида эса қисқа туташув натижасида ёнғин чиққани маълум қилинди.

26 феврал куни Тошкент шаҳри ва вилоятида ҳаракатланувчи иккита автобусда ёнғин содир бўлди.»Тошшаҳартрансхизмат» ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Таъкидланишича, биринчи ҳолат 8:24 да «1-Автобус саройи» филиали тасарруфидаги Mercedes-Benz русумли автобус билан юзага келган. 174-сонли «Жумабозор қўрғони – Авиасозлар АШБ» йўналишида ҳаракатланувчи автобусда тормоз тизимида носозлик сабаб ёнғин чиққан.

«Воқеа жойига ФВВ Ёнғин қутқарув бўлинмаси тезкор гуруҳи чақирилиб, ёнғин қисқа вақтда бартараф этилган. Мазкур ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар йўқ», – дейилади расмий муносабатда.

Мазкур автобус 2013 йилда ишлаб чиқарилгани ҳамда тасарруф бошидан буён 862 минг 425 км масофани босиб ўтгани ҳам маълум қилинган. Қайд этилишича, ҳозирда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг ишлаб чиқариш техник бўлими ходимлари томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда.

Иккинчи ёнғин 26 февраль куни соат 8:20ларда 33-йўналишда ҳаракатланувчи Mercedes-Benz автобусида содир бўлган. Ҳолат юзасидан «7 автобус саройи филиали» раҳбари Нодирхон Хўжаев ўзининг видеомуносабатида 33-йўналишда ҳаракатланувчи автобусда қисқа туташув бўлганини айтиб ўтган. Аммо тармоқларда тарқалган видеода автобус ёнаётгани яққол кўринган.

«2013 йилда ишлаб чиқарилган автобусда туташув содир бўлган. Автобусда йўловчилар бўлмаган. Автобус саройдан АШБ томон ҳаракатланаётган вақтда туташув содир бўлган», — дейди Хўжаев.

Қайд этилишича, ҳозирда автобус саройга олиб келингани ва туташув сабаблари техник ходимлари томонидан ўрганилмоқда.

Мавзуга оид