Ўзбекистон | 11:17 / 27.02.2024
9132
3 дақиқада ўқилади

Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланадиган айрим фаолият турлари билан жамият фақат лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар асосида ёхуд хабардор қилиш тартибида шуғулланиши мумкин.

Қонуннинг мақсади масъулияти чекланган жамиятларнинг ташкил этилиши, фаолияти, иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Бир ёки бир неча шахс томонидан таъсис этилган, устав фонди (устав капитали) таъсис ҳужжатлари билан белгиланган миқдорларда улушларга бўлинган хўжалик жамияти масъулияти чекланган жамият деб ҳисобланади.

Жамият қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юридик шахс мақомига эга бўлади.

Жамият қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа юридик шахсларнинг муассиси бўлишга ёки уларнинг устав фондида (устав капиталида) бошқача тарзда иштирок этишга ҳақлидир.

Жамият, агар унинг таъсис ҳужжатларида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, номуайян муддатга тузилади.

Жамият ўзининг тўлиқ фирма номи давлат тилида ифодаланган ва жамиятнинг жойлашган ери кўрсатилган думалоқ муҳрга эга бўлишга ҳақли. Жамиятнинг муҳрида унинг фирма номи жамиятнинг танловига кўра бошқа тилларда ҳам ифодаланиши мумкин.

Жамият ўзининг фирма номи ёзилган штампларига ва бланкаларига, ўз эмблемасига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар белгисига ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларини, товарлар, ишлар ва хизматларни индивидуаллаштирувчи ўзга воситаларга эга бўлишга ҳақли.

Жамият ўзининг мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкка эга бўлади, ўз номидан ҳуқуқларни олиши, мажбуриятларга эга бўлиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

Жамиятнинг очиқ ҳисоботи талаб қилинмайди, қонун ҳужжатларида ёки жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Жамият қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон ҳудудида ва ундан ташқарида миллий ва (ёки) чет эл валютаси банк ҳисобварақлари очишга ҳақлидир.

Жамият қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолият турларини амалга ошириши мумкин.

Рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланадиган айрим фаолият турлари билан жамият фақат лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар асосида ёхуд хабардор қилиш тартибида шуғулланиши мумкин.

Мавзуга оид