18:37 / 28.02.2024
7746

Саудия Арабистони Ҳажда ноқонуний иштирок этганлик учун жазони кучайтирди 

Қонунбузарларни жарима, қамоқ ва депортация каби жазолар кутмоқда.  

Фото: The Saudi Ministry of Hajj

Саудия Арабистони расмийлари хориж фуқаролари ва резидентларини 2024 йилги Ҳажда ноқонуний иштирок этганлик учун жазоланиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақдаги Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги баёнотини Gulf News келтирди. 

Баёнотга кўра, зиёрат қилиш учун рухсатномаси бўлмаган маҳаллий фуқаролар 50 минг риёл (≈166 млн сўм) жаримага тортилади. Шунингдек, рухсатномага эга бўлмасдан зиёратчиларни транспортда ташиш билан шуғулланганларни ҳам шундай жазо кутади. 

Шу билан бирга, зиёрат қилиш учун рухсатномаси бўлмаган хорижликлар 6 ойга қамоққа олинади, кейинчалик эса депортация қилинади ва 10 йилга мамлакатга кириши тақиқланади. 

2024 йилга Ҳаж мавсуми 14-19 июн кунлари бўлиб ўтиши кутилмоқда. 

2023 йилги Ҳаж мавсумида Саудия Арабистонида 17 мингдан ортиқ ноқонуний зиёратчи қўлга олинган эди.  

Хавфсизлик қўмитаси раҳбари генерал-лейтенант Муҳаммад ал-Бассамий сўзларига кўра, улардан 9,5 минг киши яшаш, меҳнат ва чегара хавфсизлиги қоидаларини бузган. Шу билан бирга, қиролликнинг турли ҳудудларида 105 та сохта Ҳаж сафари ташкилотчилари аниқланган.  

Ал-Бассамийнинг қўшимча қилишича, Ҳаж рухсатномаси бўлмаган 202 мингдан зиёд киши Маккага кириш жойларидан қайтариб юборилган. 129 мингга яқин автомобил рухсатномаси йўқлиги туфайли Макка ва муқаддас қадамжоларга киритилмаган.

Top