Ўзбекистон | 14:10 / 02.03.2024
4933
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Сингапур ўзаро сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказди

Ўзбекистон ТИВ делегацияси Сингапурда икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасини ўтказди.

Фото: Дунё

Ўзбекистон ТИВ делегациясининг Сингапурга амалга оширган ташрифи доирасида икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар 3-давраси бўлиб ўтди ҳамда Саноат ва савдо вазирлиги, Сингапур Бизнес федерацияси, Indorama Corporation ва Wilmar International компанияларида учрашувлар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

ТИВ маълумотига кўра, томонлар делегацияларига Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов ва Сингапур ташқи ишлар вазири ўринбосари Кевин Чок бошчилик қилди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон-Сингапур ҳамкорлигининг ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. 2023 йилнинг январь ойида Сингапурга ва май ойида Ўзбекистонга амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича эришилган келишувлар ижросини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мавжуд салмоқли салоҳиятни рўёбга чиқаришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани тасдиқланди. Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш умумий кун тартибидаги барча соҳалардаги алоқаларни фаоллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди. Маданий-гуманитар ва сайёҳлик алмашинувларини жадаллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

БМТ ва бошқа халқаро институтлар доирасида ўзаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Савдо ва саноат вазирлиги ҳамда Сингапур Бизнес федерациясида бўлиб ўтган учрашувларда икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, жумладан, миллий маҳсулотлар кўргазмалари, семинарлар ва иқтисодий салоҳият тақдимотлари ташкил этиш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўришга келишиб олинди.

Мавзуга оид