17:32 / 03.03.2024
37869

АҚШга ноқонуний йўллар билан кетган 74 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

Уларнинг кўпчилиги Мексика орқали Америкага ўтган. Улар ўз бошидан ўтган қийинчиликларни сўзлаб берди.

Фото: uzreport.news

3 март куни АҚШга ноқонуний йўллар билан кетган 74 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди. Бу ҳақда UzReport хабар қилди.

Маълум қилинишича, уларнинг кўпчилиги Мексика орқали Америкага ўтган. Шунингдек, бир қанча бошқа давлатлар орқали борган фуқаролар ҳам бор. АҚШга борган фуқаролар ўз бошидан ўтган қийинчиликларини сўзлаб берди.

«Багажимни йўқотиб, тўсатдан Мадридга учганман. Ушбу шаҳарда чипта йўқолиб қолиб, 14 кун давомида 400 ўзбек Мадридда „хор бўлган“. Шу ердан Туркияга депорт қилинганмиз. Кейинчалик Гуатемалага бордик ва яна ҳаракат қилиб кўрдик. Икки марта чегарадан қайтарилиб, иммиграцион жойда икки сутка ётганман.

Венесуэла фуқаролари билан пиёда 3 кун юрганмиз. У ерда ҳам қочдик, юрдик, ўликларни ҳам ҳамма нарсани кўрдик. Маслаҳат бермайман, Америка шунчаки реклама», — дея таъкидлади улардан бири.

У бу йўлда 10 минг долларга яқин пули кетганини таъкидлаган.

«Июлда уйимдан чиққан бўлсам, август ойида мен ушбу давлатга етиб бордим. Лекин ишлай олмадим. Пул сарфлаб, сарфлаб қайтдик. Бормоқчи бўлганларга маслаҳатим –борманглар. Бу шунчаки реклама. Касаллик орттириб қайтасиз. Ҳаммаси ёлғон», — дейди у.

Маълумот учун, 2021 йилдан 2023 йилгача АҚШ ҳукумати томонидан «алоҳида қизиқиш уйғотувчи шахслар» сифатида таснифланган ўн минглаб муҳожирлар Мексика орқали АҚШга ноқонуний киришга ҳаракат қилишган. Қўлга олинганларнинг 13 мингдан ортиғи Ўзбекистон фуқароларидир.

Бундан аввалроқ АҚШ ҳукумати Ўзбекистоннинг мамлакатга ноқонуний кириб келган 119 нафар фуқаросини ватанига қайтаргани ҳақида хабар берилганди.

Top