Исроил БМТдаги доимий вакилини чақиртириб олди
Исроил ўзининг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрданни ташкилот бош котибини 7 октябр куни ҲАМАС жангчилари томонидан Исроилга ҳужум чоғида содир этилган зўрлашлар ҳақидаги ҳисоботни ўчиришга уринганликда айблаб, чақиртириб олди.
Исроил БМТдаги доимий вакили Гилад Эрданни «зудлик билан маслаҳатлашиш учун» чақиртириб олди. Бу ҳақда 4 март, душанба куни Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац маълум қилди. Шу билан бирга, у Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерришни 2023 йил 7 октябрда Исроилга ҳужум пайтида ҲАМАС жангчилари томонидан содир этилган кўплаб жинсий зўравонлик ҳаракатлари ҳақида жаҳон ташкилоти томонидан тақдим этилган ҳисоботни ўчиришга уринаётганликда айблади.
«Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг охирги ҳисоботида ҲАМАС 7 октябр куни содир этилган ҳаракатлари, жумладан, зўрлаш ва бошқа тизимли жинсий жиноятлар ҳақида батафсил маълумот берилган. Бироқ, раис (БМТ бош котиби) жим. Антониу Гутерриш, ҳаракат қилиш вақти келди. ҲАМАС бутун дунёда террорчи ташкилот сифатида тан олиниши, уни қўллаб-қувватлаётган давлатларни эса терроризм ҳомийлари деб аташ керак», — деб ёзди Кац X ижтимоий тармоғида.
Гилад Эрданнинг ўзи шу муносабат билан шундай деди: «Бирлашган Миллатлар Ташкилотига ҲАМАС ҳужуми пайтида содир этилган жинсий жиноятларни ниҳоят тан олиши учун беш ой вақт керак бўлди. Энди Ғазо секторида гаровга олинганларга нисбатан содир этилаётган жинсий зўравонлик ҳақида ҳисобот пайдо бўлганидан кейин, шармандали сукунат ҳукм сурмоқда. БМТ бу мавзуда бирорта ҳам муҳокама ўтказмаган».
Айни пайтда, БМТ бош котибининг матбуот котиби Стефан Дюжаррик ўз хўжайини гўё ҳисоботни ўчиришга урингани ҳақидаги айбловларни рад этди. Аксинча, унинг сўзларига кўра, Гутерриш БМТнинг можароларда жинсий зўравонлик бўйича махсус вакил Прамила Паттен бошчилигида ишланган ҳужжат лойиҳасини «тўлиқ қўллаб-қувватлади». Дюжаррик, шунингдек, ҳисоботнинг охир-оқибат оммага эълон қилинганига эътибор қаратди.
БМТнинг Исроилга ҳужум чоғида зўрлаш ҳолатлари ҳақидаги ҳисоботи
Паттен ҳисоботни 4 октябр куни тақдим этди. Унда айтилишича, гаровга олинганларга (ҲАМАС жангчилари томонидан) «жинсий зўравонлик, жумладан, зўрлаш, жинсий қийноқлар, шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муносабат содир этилгани ҳақида аниқ ва ишончли маълумотлар» мавжуд. Ҳужжатда, шунингдек, эндиликда улар гаровдагилар билан буни давом эттириши мумкинлиги қайд этилган.
Шу билан бирга, ҳисобот муаллифлари ҲАМАС жангчиларига қўйилган зўрлаш бўйича баъзи айбловларни рад этиб, уларни «асоссиз» деб ҳисоблаган.
Ҳисобот учун маълумот БМТнинг Исроилдаги ходимлари томонидан феврал ойининг биринчи ярмида тўпланган.
БМТ агентлигига қарши айбловлар
Исроил ҳарбийлари 4 март куни БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бўйича Яқин Шарқ агентлиги мактабида араб ўқитувчиси бўлиб ишлаётган шахс бир неча исроиллик аёлларни асирда ушлаб тургани ҳақида гапираётгани ва уларни «қуллар» деб атагани айтилган аудиоёзувни эълон қилди. Бу ёзув мустақил экспертиза ёрдамида тасдиқланмаган.
«Бизнинг разведка маълумотларига кўра, Ғазо секторидаги ташкилотларга, асосан ҲАМАСга тегишли 450 дан ортиқ шахс ҳам БМТ агентлиги ходимларидир», - дейилади Исроил армияси баёнотида.
Шу куни БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бўйича Яқин Шарқ агентлиги Ғазо секторида Исроил кучлари унинг ходимларини 7 октябр куни ҲАМАС ҳужумида иштирок этганини тан олиш учун қийноққа солганини, жумладан жинсий тажовуз қилганини билдирди.
Аввалроқ Исроил томони БМТ агентлиги ходимларини ҲАМАСга ёрдам беришда бир неча бор айблаган. Январ ойида агентлик бир неча айбланувчилар билан шартномаларни бекор этганини ва улар устидан ички тергов бошлаганини маълум қилганди. Бир қатор Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ ва Германия тергов якунланмагунча агентликни молиялаштиришни тўхтатди.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 30 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.