Камала Ҳаррис Ғазода ўт очишни тўхтатишга чақирди
АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис ўт очишни тўхтатиш камида олти ҳафта давом этиши кераклигини айтди ва Исроилни Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини кўпайтиришга чақирди.
АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис 3 март куни Алабама штати Селма шаҳрида «Қонли якшанба»нинг 59 йиллигига бағишланган тадбирда Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди.
«Ғазодаги азоб-уқубатларнинг улкан кўламини инобатга олган ҳолда, камида кейинги олти ҳафта давомида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш керак. Ҳозирда бу муҳокама қилинмоқда», - деди Ҳаррис.
Вице-президент ғазоликлар очлик ва ғайриинсоний шароитларда яшаётганини таъкидлаб, Исроил ҳукуматини минтақага инсонпарварлик ёрдами оқимини сезиларли даражада оширишга чақирди.
ҲАМАС ва Исроил ўртасида сулҳ музокаралари
Ўтган дам олиш кунлари Мисрда мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойи бошланиши муносабати билан ҲАМАС ва Исроил ўртасида вақтинчалик сулҳ тузиш бўйича музокаралар бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ Исроил учрашувга эътибор бермади. Мамлакат ҳукумати исроиллик делегатлар ҲАМАС Ғазо секторида гаровга олинганлар рўйхатини тақдим этганидан кейингина Мисрга боришини айтди.
«ҲАМАС ўт очишни тўхтатишни хоҳлаётганини айтмоқда. Хўш, стол устида келишув бор. Аввал айтганимиздек, ҲАМАС бу келишувга рози бўлиши керак», - деди Харрис. Миср ва Қатар бир-бири билан тўғридан тўғри музокаралар олиб бормайдиган ҲАМАС ва Исроил ўртасида воситачи вазифасини бажаради.
Исроил ҳарбий кабинети аъзоси АҚШга борди
3 март, якшанба куни Исроил ҳарбий кабинети аъзоси Бенни Ганцнинг идораси сиёсатчи Вашингтонга бош вазир Бенямин Нетаняҳу бу сафарга рози бўлмаганига қарамай, Ғазо секторидаги вазиятни Америка расмийлари билан муҳокама қилиш учун келганини маълум қилди.
Ганцнинг АҚШ вице-президенти Камала Харрис, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан ва Миллий хавфсизлик кенгашининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича координатори Бретт Макгерк билан учрашуви 4 мартга режалаштирилганди.
5 март, сешанба куни Ганц АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашади. Шундан сўнг у Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон ва бошқа расмийлар билан мулоқот қилиш учун Лондонга боради.
Мавзуга оид
23:44 / 31.10.2024
Республикачи Шварценеггер сайловда демократ Камала Ҳаррисни қўллаб-қувватлашини айтди
17:04 / 30.10.2024
«Даҳшатли воқеа». АҚШ яна ўнлаб киши ўлдирилиши ортидан Ғазодаги урушни якунлашга чақирди
11:32 / 30.10.2024
«Шунчаки сайловдан кўра каттароқ». Ҳаррис овоз бериш кунига бир ҳафта қолганида муҳим чиқиш қилди
14:30 / 29.10.2024