Жаҳон | 09:30 / 08.03.2024
4133
2 дақиқада ўқилади

Нигерияда қуролланган шахслар 227 нафар мактаб ўқувчисини ўғирлаб кетди

Жиноят мамлакат шимолидаги Кадуна штатида содир бўлган. Ўғирлаш мактабда 2021 йилдан бери энг йириги бўлди.

Фото: AP

Нигерияда қуролли шахслар 7 март, пайшанба куни Кадуна штати шимолидаги Курига шаҳрида 227 нафар мактаб ўқувчисини ўғирлаб кетди. Reuters агентлигига иқтибос келтирган маҳаллий ўқитувчиларнинг сўзларига кўра, ўғирлаш 2021 йилдан бери мактабдаги энг йирик ҳодиса бўлган. Кадуна штати полицияси Reuters агентлигининг одам ўғирлаш бўйича изоҳ ҳақидаги сўровларига жавоб бермади.

Қайд этилишича, жангарилар эрталабки йиғилишдан кейин мактабга ҳужум қилган. Ўқитувчилардан бири Сани Абдуллаҳининг сўзларига кўра, ўрта мактабдан ўғирланганлар сони 187 нафар, бошланғич мактабдан эса 40 нафарга яқин. Курига шаҳар кенгаши депутати Идрис Маяллуранинг айтишича, жангарилар дастлаб 100 нафар бошланғич синф ўқувчисини қўлга олган, бироқ сўнг бир қисмини қўйиб юборган, улар ва бошқалар қочишга муваффақ бўлди. 

Штат губернатори Уба Сани барча мактаб ўқувчиларининг озод этилишини таъминлашга ваъда берди. Amnesty International Нигерия ҳукуматини болаларни қутқариб, айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди. 

Нигерияда болаларни ўғирлаш одатий ҳолга айланиб бормоқда 

2014 йилда «Боко Ҳарам» гуруҳи Нигерия шимолидаги Чибок шаҳрида 276 нафар ўқувчи қизни ўғирлаб кетган эди. 2021 йил ҳолатига кўра, улардан 100 дан ортиғи бедарак йўқолган. Save the Children ташкилоти 2021 йилнинг январ-август ойлари орасида Нигерияда 1000 дан ортиқ бола ўғирлаб кетилганини билдирди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид