11:31 / 09.03.2024
4089

ЕИ 2024 йилда Украинага 21 млрд евро ажратишни режалаштирмоқда

Еврокомиссия раҳбари биринчи ўринбосари Валдис Домбровскиснинг сўзларига кўра, Украинага кўрсатилаётган ёрдам ҳажми ҳатто 21 миллиард евродан ҳам ошиб кетиши мумкин. 

Фото: AP

Европа Иттифоқи давлатлари 2024 йилда Украинага 21 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатиш ниятида. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари биринчи ўринбосари Валдис Домбровскис 8 март, жума куни Киевга ташрифи чоғида маълум қилди

Унинг сўзларига кўра, 21 миллиард евролик кўрсаткич «қисман дастлабки маълумотларга асосланган» ва аслида «бундан ҳам юқори бўлиши мумкин». Домбровскиснинг эслатишича, уруш бошлангандан бери Европа Иттифоқи давлатлари Украинага 28 миллиард евролик қурол ва ўқ-дорилар ажратган. Умуман олганда, ЕИ аъзолари Украинага 88 млрдлик ёрдам тақдим этди. 

Бундан ташқари, Домбровскис айтишича, Еврокомиссия Украинани 2027 йилгача мўлжалланган 50 миллиард евролик қўллаб-қувватлаш дастури доирасида Киевга март ойида 4,5 миллиард евро, апрелда эса 1,5 миллиард евро миқдорида ёрдам ажратишни режалаштирмоқда. 

Украина учун ЕИдан яна бир йирик ёрдам пакети 

2024 йил февралида Европа Иттифоқининг барча 27 давлати етакчилари 2027 йилгача ЕИ бюджетидан Украинага 50 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам ажратишга овоз берди. Ушбу маблағларнинг катта қисми - 39 миллиард евро грант ва кредитлар - Украина давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши режалаштирилган. 8 миллиард евро Украинага сармоя киритиш учун кафолатлар ва шарт-шароитлар яратишга мўлжалланган, яна 3 миллиард евро эса мамлакатга техник ёрдам кўрсатиш мақсадида ажратиляпти.

Top