Спорт | 21:53 / 13.03.2024
39317
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда туғилган футболчи Германия миллий жамоасидан чақирув олди

«Штутгарт» клубининг асли ўзбекистонлик ҳимоячиси Валдемар Антон илк марта Германия миллий жамоасидан чақирув олди. Бу ҳақда Sky Sports хабар берган.

Фото: Getty Images

27 ёшли марказий ҳимоячи Бундеслига жорий мавсумида «Штутгарт» сафида 25 ўйинда майдонга тушиб, 3та ассистга муаллифлик қилган ва ҳозирда клуби билан турнир жадвалида 3-ўринда бормоқда.

Валдемар Антон 1996 йил Ўзбекистоннинг Олмалиқ шаҳрида туғилган бўлиб, кейинчалик Германияга кўчиб борган. «Ганновер» клуби тарбияланувчиси саналмиш футболчи бунгача Германия ёшлар жамоасида ҳам тўп сурган. 2020 йил эса «Штутгарт» сафига ўтганди.

Германия миллий жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагелсманн Франция ва Нидерландияга қарши ўтказиладиган ўртоқлик учрашувлари учун Валдемарни ҳам таклиф этган. У бу баҳсларда ҳимоя марказида Антонио Рюдигер билан тандем ҳосил қилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бир неча йил аввал Антонни Ўзбекистон ва Россия миллий жамоаси ўз сафига таклиф этмоқчи экани ҳақида хабарлар тарқалган, якунда у Германия ёшлар жамоаси таклифига розилик билдирганди.

Мавзуга оид