18:15 / 15.03.2024
13416

Купянск атрофидаги жанглар ва Белгород ўққа тутилиши оқибатлари. Уруш суратлари

Украинадаги урушнинг 750-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • РФ мудофаа вазирлиги ва Росгвардия Белгород ва Курск областларининг Украина билан чегарадош ҳудудларида диверсантларга қарши жанглар ҳақида хабар берди.
  • ФХХ Петербургда тўрт киши қўлга олинганини маълум қилди. Улар «фронтдаги россиялик ҳарбийларни заҳарлашга ва шаҳарда терактлар уюштиришга тайёрланиш»да гумонланмоқда.
  • Украина қуролли кучлари Россия қўшини Украинага 36 дрон билан ҳужум қилгани, шундан 22 таси уриб туширилгани ҳақида хабар берди.
  • Бош қўмондон Олександр Сирский Украина қуролли кучларида олдинги чизиқдаги ҳарбийларни ротация қилиш жараёни йўлга қўйилганини маълум қилди.
  • Le Monde нашри тасдиқлашича, Франция 2023 йил ёзида Украинага ўз қўшинини юбориш имкониятларини кўриб чиқа бошлаган.
  • Белгород области ўққа тутилиши оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, камида 19 киши жароҳатланди.

Аннексия қилинган Донецкда Россия президентлиги сайловида овоз бериш

Россияда 15 март куни — уч кунлик президентлик сайловларининг биринчи куни. Россия ҳукумати аннексия қилинган ҳудудларда ҳам овоз бериш жараёнини йўлга қўйган, бу ҳудудларда сайлов участкаларига келмасдан муддатидан олдин овоз беришда қатнашиш мумкин эди. ДХР раҳбари Денис Пушилин ўзини ўзи эълон қилган республикадаги сайловчиларнинг ярмидан ортиғи муддатидан илгари овоз берганини маълум қилди. «Донбасс аҳолиси ўз танловини аллақачон амалга оширган ва ҳозирда буни яна бир бор тасдиқламоқда. Одамлар ўз мамлакати келажаги учун иштиёқ билан овоз беришади!» — дея ёзган у.

Россия марказий сайлов комиссияси президентлик сайловларидан олдин Украинанинг аннексия қилинган ҳудудларида 4,5 миллиондан ортиқ сайловчи борлигини маълум қилганди. Аммо «Важние истории» билан гаплашган россиялик демограф анонимлик шарти билан МСК келтирган рақамлар қарийб икки баробар ошириб кўрсатилганини айтган.

AFP / Scanpix / LETA

Белгород зарба остида

Белгород шаҳри ва Белгород области 14 март куни бир неча баробар артиллериядан ўққа тутилди. Шаҳарга самолёт типидаги дронлар ҳужум қилгани ва ракеталар тўхтатилгани хабар қилинган. Турар жой бинолари ва маъмурий бинолар, ўнлаб автомобиллар шикастланган. Белгород области раҳбари Вячеслав Гладков снаряд келиб тушган автомобилларда бўлган икки киши ҳалок бўлгани, камида 19 киши яралангани ҳақида хабар берган.

AFP / Scanpix / LETA
AFP / Scanpix / LETA
AFP / Scanpix / LETA

Купянск атрофидаги жанг майдонида россиялик аскарларнинг жасадлари

Харкив областининг Купянск районида украин мудофаа чизиқларидан бири жойлашган, у бошқа истеҳкомлар қатори танкка қарши ўралар, блиндажлар, «аждаҳо тишлари» типидаги тўсиқларни ҳам ўз ичига олади. РФ қўшини узоқ вақтдан буён ушбу йўналишда ҳужум қилишга, хусусан Синковка қишлоғи ва унга ёндош Купянск ўрмонини эгаллашга уринмоқда. Купянск атрофида мудофааланаётган украин бўлинмалари қаторида тоғ-ўрмонзор шароитида жанг қилишга ихтисослашган «Эделвейс» номли 10-алоҳида тоғ-штурм бригадаси ҳам бор. Қуйидаги дрон орқали олинган тасвирларда Синковкага навбатдаги ҳужум вақтида ҳалок бўлган россиялик аскарлар ва уларнинг жанг майдонида қолган техникалари акс этган.

Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images
Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images
Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images
Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images

Украинларнинг Авдийивка яқинидаги позициясида портламай қолган бомба

Россия қўшини февралда Донецк областининг Авдийивка шаҳрини эгаллади ва юриш қилишда давом этмоқда. 11 март куни Украина президенти Володимир Зеленский французларнинг BFM телеканалига берган интервюсида шарқдаги юришни тўхтатишга муваффақ бўлингани ва фронтнинг бу участкасидаги вазият «сўнгги уч ойликдагидан анча яхшироқлиги»ни айтди. Шу билан бирга, у агар Украина ғарблик иттифоқчилар ваъда қилган ҳарбий ёрдам, биринчи навбатда снарядлар етиб келмаса, барчаси ёмон томонга ўзгариши мумкинлигини қўшимча қилган. Россия қўшини эса украин позицияларини ўққа тутишда ўқ-дориларни аямаяпти. 

Jose Colon / Anadolu Agency / Getty Images

 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top