«Ҳарбий ҳаракатлар ҳудуди». Украина Белгород ва Курск областларида диверсантлар ҳаракатланаётганини тасдиқлади
Россиялик ҳарбий блогерлар Белгород областидаги қишлоқлардан бирига десант туширилгани ҳақида хабар берган. Чегара ҳудудлар аҳолиси эвакуация қилинмоқда.
Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов диверсия гуруҳлари Россиянинг икки чегарадош ҳудуди бўлмиш Курск ва Белгород областларини «фаол ҳарбий ҳаракатлар ҳудуди»га айлантиргани ҳақида хабар берди. Россия ҳукумати чегарани бузиб ўтишга уринишлар бартараф этилганини хабар қилмоқда.
Юсов украин телевидениеси эфирида «РФнинг Путин режимига қарши курашда ўз фуқаролик ҳуқуқларини қўлда қурол билан ҳимоя қилишдан бошқа варианти қолмаган фуқаролари» Россия регионларига бостириб кираётганини маълум қилди.
«Курск ва Белгород областлари — ҳозирда фаол ҳарбий ҳаракатлар ҳудуди ҳисобланади. Биз буни тасдиқлашимиз мумкин», — деган разведка вакили «Интер» телеканалида.
Пайшанба куни давомида Белгород шаҳри ҳам уч бор ўққа тутилди, бунинг натижасида камида икки киши ҳалок бўлиб, ўндан ортиқ киши жароҳатланган.
Бундан аввалроқ Украина ҳудудида Россия фуқароларидан тузилган учта қуролланган гуруҳ: «Россияга озодлик» легиони ва «Россия кўнгиллилар корпуси», шунингдек «Сибир баталёни» чегарадаги областларга бостириб кириш режаси ҳақида эълон қилганди.
12 март куни Россия мудофаа вазирлиги Россия бўлинмалари Белгород областининг Сподарюшино қишлоғи ҳудудида Украина қуролли кучларининг жанглар орқали чегарадан ўтишга бўлган уринишларини тўхтатгани ҳақида хабар берганди. Вазирлик жанглар оқибатида 195 нафар украин ҳарбий хизматчиси ўлдирилиб, бешта танк йўқ қилингани ҳақида маълум қилган. Бу маълумотни мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имкони йўқ.
Бундан аввалроқ россиялик ҳарбий мухбирлар ҳам Белгород ва Курск областларининг чегара ҳудудларида «украин диверсантлари» билан жанглар ҳақида хабар қилганди. Уларнинг маълумотига кўра, ҳужум қилганлар орасидаги қурбонлар сони анча кам.
Россиядаги Z-каналлар 14 март куни кечқурун Козинка қишлоғи ҳудудида Россия-Украина чегарасини бузиб ўтишга ҳаракат қилинаётгани, у ерга вертолёт орқали десант туширилгани ҳамда оғир жанглар кетаётганини хабар қилган. Лекин бу баёнотни тасдиқловчи ҳеч қандай видеоёзув келтирилмаган.
Белгород области губернатори Вячеслав Гладков пайшанба куни кечқурун Грайворон шаҳар округига, жумладан Козинка қишлоғига ташриф буюрди.
У шунингдек ҳодиса жойидан бир қанча фотосуратлар эълон қилган.
«Тасдиқлашим мумкин: регион ҳудудида украин қўшини йўқ, жанг ташқарида кечмоқда. Аммо Козинкамиз қаттиқ зарбага учраган, вайронгарчиликлар жуда жиддий», — деб ёзган Гладков.
Жума куни тонгда Гладков Грайворон шаҳар округидан 400 га яқин киши эвакуация қилинганини маълум қилди, жумладан чегарадаги Гора-Подол, Глотово ва Козинка қишлоқлари аҳолиси кўчирилган.
«Уйма-уй юриб ўтказилган сўров вақтида ўз уйларида қолишга қарор қилган фуқаролар агар фикридан қайтган бўлса, биз уларга уйларини тарк этишда ёрдам кўрсатишга тайёрмиз», — дея ёзган Гладков «ВКонтакте» тармоғидаги саҳифасида.
Губернаторнинг ёзишича, пайшанба куни Белгород шаҳри, Белгород райони ва Грайворон округи ҳудудларида жами 22 киши жароҳатланган. Жума куни тонгдаги маълумотларга кўра, улардан тўққиз нафари шифохонада қолмоқда.
Бундан ташқари, олдинроқ жароҳатланган аҳоли вакилларидан яна тўрт киши шифохонада қолмоқда, дея ёзган Гладков. Шифохонадаги 13 ярадордан беш нафари — оғир аҳволда, дея қўшимча қилган у.
Курск области губернатор Роман Старовойт украин диверсия-разведка гуруҳи Теткино посёлкасига киришга беҳуда урингани ҳақида хабар қилган.
Росгвардия матбуот хизмати хабарига кўра, идора ходимлари ҳарбийлар ва Россия ФХХ чегарачилари билан биргаликда посёлкага ҳужумларни қайтаришда иштирок этмоқда.
«Россияга озодлик» легиони ва «Россия кўнгиллилар корпуси» сўнгги бор 2023 йил ёзида Россия ҳудудига киришга уринганди. Ўшанда улар Белгород областининг Шебекино районида Украина билан чегарада жойлашган Новая Таволжанка қишлоғи эгаллаб олинганини хабар қилганди.
Ўтган йил баҳорида эса диверсантлар Белгород областидаги «Грайворон» чегара назорат-ўтказиш пунктига кирган, шунингдек Брянск областидаги икки қишлоқни эгаллаб олганди.
Сўнгги кунлардаги воқеалар ривожи
- 8 март куни. АҚШ ва Ғарбнинг бошқа мамлакатлари яқин кунлар ичида Москва шаҳрида терактлар рўй бериши эҳтимолидан огоҳлантирди.
- 9 март. Украин дронлари Россия регионлари бўйлаб ёппасига ҳужум қилди, РФ мудофаа вазирлиги 47 та дрон уриб туширилганини хабар қилди.
- 12 март. Чегара ҳудудларида Россия ҳудудига ёриб киришга уринган украинпараст тузилмалар билан жанглар бўлиб ўтди. Иваново областида мудофаа вазирлиги самолёти қулади, 15 киши ҳалок бўлди. Дронларнинг навбатдаги ҳужуми амалга оширилди: тўққиз регион зарба остида қолди, Белгород шаҳрида дрон област маъмурияти биносига келиб урилди.
- 13 март. Яна бир бор дронларнинг ёпирилма ҳужуми кузатилди: 60 дан ортиқ дронлар уриб туширилгани хабар қилинган. Рязанда «Роснефти» заводи, Белгородда — ФХХ биноси ҳужумга учради.
- 14 март. Белгород реактив снарядлар билан ўққа тутилди, маҳаллий аҳоли вакили бўлган аёл ҳалок бўлди. Россия-Украина чегарасида — Россия ҳудудига киришга уринган диверсантлар билан навбатдаги жанглар бўлиб ўтди. ФХХ Санкт-Петербургда теракт амалга оширишга тайёрланишда гумонланган тўрт киши қўлга олинди.
Мавзуга оид
14:20 / 20.12.2024
ГФР полицияси мамлакат бизнесини РФ диверсияси таҳдиди ҳақида огоҳлантирди
13:50 / 03.10.2024
Читада 13 киши диверсиялар учун 23 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди
04:54 / 17.08.2024
Украиналик ҳарбийлар Белгород вилояти ҳудудига 10 км кириб борди
20:01 / 12.08.2024