Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов диверсия гуруҳлари Россиянинг икки чегарадош ҳудуди бўлмиш Курск ва Белгород областларини «фаол ҳарбий ҳаракатлар ҳудуди»га айлантиргани ҳақида хабар берди. Россия ҳукумати чегарани бузиб ўтишга уринишлар бартараф этилганини хабар қилмоқда.

Юсов украин телевидениеси эфирида «РФнинг Путин режимига қарши курашда ўз фуқаролик ҳуқуқларини қўлда қурол билан ҳимоя қилишдан бошқа варианти қолмаган фуқаролари» Россия регионларига бостириб кираётганини маълум қилди.

«Курск ва Белгород областлари — ҳозирда фаол ҳарбий ҳаракатлар ҳудуди ҳисобланади. Биз буни тасдиқлашимиз мумкин», — деган разведка вакили «Интер» телеканалида.

Пайшанба куни давомида Белгород шаҳри ҳам уч бор ўққа тутилди, бунинг натижасида камида икки киши ҳалок бўлиб, ўндан ортиқ киши жароҳатланган.

Бундан аввалроқ Украина ҳудудида Россия фуқароларидан тузилган учта қуролланган гуруҳ: «Россияга озодлик» легиони ва «Россия кўнгиллилар корпуси», шунингдек «Сибир баталёни» чегарадаги областларга бостириб кириш режаси ҳақида эълон қилганди.

12 март куни Россия мудофаа вазирлиги Россия бўлинмалари Белгород областининг Сподарюшино қишлоғи ҳудудида Украина қуролли кучларининг жанглар орқали чегарадан ўтишга бўлган уринишларини тўхтатгани ҳақида хабар берганди. Вазирлик жанглар оқибатида 195 нафар украин ҳарбий хизматчиси ўлдирилиб, бешта танк йўқ қилингани ҳақида маълум қилган. Бу маълумотни мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имкони йўқ.

12 март куни РФ мудофаа вазирлиги Украинадан Россия ҳудудига бостириб киришга уринган кадр кадрларини намойиш этганди

Бундан аввалроқ россиялик ҳарбий мухбирлар ҳам Белгород ва Курск областларининг чегара ҳудудларида «украин диверсантлари» билан жанглар ҳақида хабар қилганди. Уларнинг маълумотига кўра, ҳужум қилганлар орасидаги қурбонлар сони анча кам.

Россиядаги Z-каналлар 14 март куни кечқурун Козинка қишлоғи ҳудудида Россия-Украина чегарасини бузиб ўтишга ҳаракат қилинаётгани, у ерга вертолёт орқали десант туширилгани ҳамда оғир жанглар кетаётганини хабар қилган. Лекин бу баёнотни тасдиқловчи ҳеч қандай видеоёзув келтирилмаган.

Белгород области губернатори Вячеслав Гладков пайшанба куни кечқурун Грайворон шаҳар округига, жумладан Козинка қишлоғига ташриф буюрди.