Жаҳон | 15:02 / 15.03.2024
5960
2 дақиқада ўқилади

Хорватия парламенти ўзини тарқатиб юборишга қарор қилди

Хорватия саборига сайловлар май ойининг ўрталарига қадар ўтказилиши режалаштирилган. Танқидчиларга кўра, бош вазир ўз партияси машҳурлигини йўқотишидан қўрқиб, муддатидан олдин сайловлар ўтказмоқчи.

Фото: AP

Хорватияда бўлажак парламент сайловлари арафасида мамлакатнинг бир палатали парламенти – Хорватия саборини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда 14 март, пайшанба куни спикер Гордан Яндрокович маълум қилди.

«143 та овоз билан биз Хорватия парламентини тарқатиб юборишга қарор қилдик», деди Яндрокович овоз бериш натижаларини сарҳисоб қилар экан. Саборнинг янги таркиби апрел ойи охири - май ойи бошларида бўлиб ўтиши режалаштирилган сайловларда аниқланади. Сайловлар санасини Хорватия президенти Зоран Миланович тасдиқлаши керак. Европа Иттифоқида 6-9 июн кунлари бўлиб ўтадиган Европарламентга сайловлар олдидан барча тартиб-қоидалар якунланиши кутилмоқда.

Сабор мунозарали қонунни қабул қилди 

Парламентни тарқатиб юбориш ташаббуси Хорватия бош вазири Андрей Пленкович томонидан илгари сурилган. Танқидчиларнинг айтишича, Пленкович муддатидан олдин сайлов ўтказишга қарор қилган, чунки у ўзининг «Хорватия демократик иттифоқи» партияси кейинчалик машҳурлигини йўқотишидан хавотирда. Дастлаб, Хорватияда парламент сайловлари кузда бўлиб ўтиши керак эди. 

Ўз навбатида, 14 март куни сабор суд тергови маълумотларини журналистларга етказган хабар берувчиларга нисбатан жазо чораларини назарда тутувчи мунозарали қонунни қабул қилди. Мухолифатнинг фикрича, бу қонун Пленковичга яқин бўлган коррупцион сиёсатчиларни яширишга қаратилган. 

Хорватияда аввалги парламент сайловлари 2020 йил 5 июлда бўлиб ўтди. «Хорватия демократик иттифоқи» партияси унда ғалаба қозониб, 66 ўринга эга бўлди. Социал-демократик партия қошидаги «Қайта уйғониш» мухолифат алянси саборда 41 ўрин олди.

Мавзуга оид