Спорт | 18:18 / 21.03.2024
22685
6 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ва Украина Еврога чиқмоқчи. Жамоаларда имконият қандай?

Ким ким билан ўйнайди ва кимлар фаворит деб ҳисобланмоқда?

Фото: PA IMAGES VIA GETTY IMAGES

2024 йилги Европа чемпионати стартига тахминан уч ой вақт қолди. Аммо ҳозирча 24 иштирокчидан фақат 21 тасининг номи маълум. Яна уч миллий жамоа Германияга йўлланмани март ойида ўтказиладиган ўтиш ўйинлари орқали қўлга киритади. Мини-турнирда 12 жамоа иштирок этади, улар учта квартетни ташкил этишган. Ҳар бир гуруҳ ғолиблари Евро-2024 финал босқичида иштирок этади. 21 март куни яримфинал доирасида олтита ўйин, 26 март куни — учта финал учрашуви бўлиб ўтади.

Ўтиш ўйинлари қандай ўтказилади?

Барчаси биттадан ўйинда ҳал этилади. Асосий вақтда дуранг қайд этилган ҳолатда рақиблар 15 дақиқадан иккита қўшимча бўлим ўтказишади, кейин эса — пеналтилар серияси (агар зарурат бўлса).

Жуфтликлар қандай аниқланган?

Бунда жамоаларнинг Миллатлар лигасининг 2022/2023 йиллар мавсумидаги натижалари асос қилиб олинган. Номинал равишда булар А, B ва С лигалари ғолиблари. Агар бу гуруҳлардаги жамоалар Еврога саралаш орқали йўлланма олган бўлса, унинг жойини ушбу лигада рейтинг бўйича кейинги жамоа эгаллайди. Агар бир лигадан ўтиш босқичига тўрттадан кам жамоа ўтган бўлса, вакант жойни D лигасининг энг яхши жамоаси эгаллаган. Айнан шу сабабли Эстония ҳам ушбу мини-турнир иштирокчисига айланган. Қолган ўринлар рейтинг бўйича тақсимланган.

Учта йўлнинг ҳар бирида энг юқори рейтингга эга жамоа энг паст рейтингли жамоани қабул қилади. Иккинчи рейтингдаги жамоа учинчи рейтингдаги жамоа билан ўйнайди. Финаллар мезбонлари 2023 йил ноябрида ўтказилган қуръа орқали аниқланганди.

А йўли

00:45. Полша — Эстония

00:45. Уэлс — Финляндия

Бу квартетдаги энг юқори рейтинг Полшада эди. Шу сабабли жамоа яримфиналда энг паст рейтингга эга Эстонияга рақиб бўлди. Иккинчи яримфинал жуфтлигини Уэлс ва Финландия ҳосил қилган — бу ўйин Кардиффда ўтказилади. Финал баҳси иккинчи жуфтлик ғолиби стадионида ўтказилиши белгиланган, яъни Кардифф ёки Ҳелсинкида.

Фото: DEFODI IMAGES VIA GETTY IMAGES

Бу тўртликда Полша жамоаси фаворит саналмоқда. Поляклар саралаш цикли давомида Фернанду Сантушни бош мураббийлик лавозимидан бўшатди ва унинг ўрнига Михал Пробежни тайинлашди. Лекин якунда Полша барибир тўғридан тўғри йўлланмага эга чиқа олмади ва 11 очко билан учинчи ўринда қолди, гуруҳда Албания ва Чехия жамоалари — 15 тадан очко олган ҳолда йўлланмага эга бўлишди.

Уэлсликлар ҳам Туркия (17) ҳамда Хорватияни (16) олдинга ўтказиб юбориб, 12 очко билан учинчи ўринда қолишди. Уэлсликлар Евро-2016 ва Евро-2020 иштирокчилари саналади. Икки турнирда ҳам плей-оффга чиққан, Франциядаги турнирда эса яримфиналгача етиб борган.

Агар эстонияликлар бу квартетда Европа чемпионатига чиқса, бу ҳақиқий мўъжиза бўлади, бунга эса ҳеч ким ишонаётгани йўқ. Финнлар 2021 йилги Еврода иштирок этганди, аммо бу сафар йўлланма олиш жуда қийин. А йўли ғолиби Европа чемпионати гуруҳ босқичида Нидерландия, Австрия ва Франция каби жамоалар билан бир гуруҳдан жой олади.

В йўли

00:45. Исроил — Исландия

00:45. Босния — Украина

Исроил — бу тўртликдаги энг юқори рейтингга эга жамоа. Яримфиналда улар Исландия билан тўқнашади — бу ўйин Будапештда ўтказилиши режалаштирилган. Иккинчи жуфтлик эса Босния ва Герцеговина ҳамда Украина томонидан ташкил этилган. Иккинчи яримфинал ғолиби финални қабул қилади. Агар Украина биринчи босқичдан ўтса, финал ўйинини Полшада ўтказади.

Фото: CLAUDIO VILLA/GETTY IMAGES

Германиядаги чемпионатга йўлланма олиш учун Украинада яхши имконият бор. Украинлар саралашда анча мураккаб гуруҳга тушиб қолганди ва гуруҳ ғолиби бўлган англияликлардан олти очко ортда қолган бўлса-да, иккинчи ўрин билан чиққан Италияга фақат қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига бой  беришди.

Босния ва Исроил Европа чемпионатларида қатнашмаган. Исландия эса 2016 йилги турнирда иштирок этиб, Англияни нимчоракфиналда қолдириб кетган ҳолда чоракфиналга чиққанди. Украина эса бу сафар ҳам муваффақият қозонса, қаторасига тўртинчи бор асосий турнирда иштирок этиши бўлади. В йўли орқали чиққан жамоа Белгия, Словакия ва Руминияга гуруҳдош бўлади.

С йўли

22:00. Гуржистон — Люксембург

00:45. Греция — Қозоғистон

Бу квартетда энг юқори рейтинг Грецияда эмас, балки Винни Саниол бошқарувидаги Гуржистонда. Шу туфайли гуржилар яримфинални ўз уйида рейтинг бўйича энг кучсиз рақиб — Люксембургга қарши ўткаади. Иккинчи жуфтлик Греция ва Қозоғистон томонидан ташкил этилган (ўйин Афинада ўтказилади). Финал Гуржистон — Люксембург жуфтлиги ғолиби майдонида бўлиб ўтади.

Аммо Гуржистон жамоаси етакчиси Хвича Кварацхелия Люксембургга қарши биринчи ўйинда қатнаша олмайди – у саралашнинг 10-турида Испанияга қарши ўйинда (1:3) ҳакам билан баҳслашгани учун сариқ карточка олган ва бу унинг учун дисквалификацияга сабаб бўладиган учинчиси бўлганди.

Фото: JOSE BRETON/GETTY IMAGES

Греция жамоаси — XXI асрда қаторасига уч бор Евро иштирокчиси бўлишган (2004, 2008, 2012), лекин кейинги икки турнир уларсиз ўтган. Бу сафар Греция саралашда қийин гуруҳга туиб қолиб, Франция ва Нидерландиядан кейин учинчи ўринни эгаллади.

Гуруҳдаги қолган жамоалар эса бирор марта Еврода иштирок этмаган. Қозоғистон ҳам, Люксембург ҳам саралашда муносиб иштирок этишди. Магомед Адиев бошқарувидаги қозоқлар сўнгги турга қадар Евро-2024 учун тўғридан тўғри йўлланмага даъвогар бўлиб турди, аммо йўлланма ўзаро ўйинда Словенияга бой берилди.

Фото: JURIJ KODRUN/GETTY IMAGES

Люксембург эса ўз гуруҳида 17 очко тўплади, аммо учинчи ўриндан юқори кўтарила олмади. С йўли ғолиби Еврода Туркия, Португалия ва Чехия билан бир квартетдан жой олади.

Мавзуга оид