Спорт | 12:24 / 01.04.2024
13635
16 дақиқада ўқилади

«Сити» «Арсенал»га яна гол уролмади, АПЛда пойга қизимоқда. Кун ўйинлари

Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Фото: Getty Images

Англия: Салоҳнинг севимли рақиби

«Ливерпул» — «Брайтон» 2:1
Голлар:
Диас (27), Салоҳ (65) — Уэлбек (2).
«Ливерпул» – Келлеҳер, Брэдли, ван Дейк, Куанса, Гомес, Эндо, Собослаи, Мак Аллистер, Салоҳ, Диас (Гакпо, 89), Нунес (Эллиотт, 83).
«Брайтон» – Вербрюгген, Велтман, Данк, ван Ҳекке, Эступинян (Барко, 90), Лэмпти (Буонанотте, 70), Гросс, Модер (Лаллана, 83), Балеба, Аденгра (Фергюсон, 83), Уэлбек.
Огоҳлантиришлар: Мак Аллистер (14), Гросс (20), Уэлбек (48), ван Дейк (50), Гомес (58), ван Ҳекке (71), Эндо (88), Гакпо (90+4).

«Ливерпул»нинг «Брайтон»га қарши ўйинига фақатгина чемпионлик пойгасидаги муҳим ўйин сифатида қаралгани йўқ. Гап шундаки, «чайкалар» бош мураббийи Роберто Де Дзерби Юрген Клоппнинг ўринбосари сифатида кўрилмоқда ва «Энфилд»да унинг ҳозирги жамоаси анча дадил бошлади. Тезкор ҳужумда ван Дейк жарима майдони ичида курашни бой берди ва Уэлбек Келлеҳерга имконият қолдирмади. Меҳмонлар шундан кейин ҳам қизиллар босимини енгиб ўтган ҳолда ўз бахтини рақиб дарвозаси атрофидан излашда давом этди.

Бироқ мезбонлар тўлиқ устунликка эга бўлишди ва биринчи бўлимнинг ўзида жавоб голини уришди. Бунда жамоанинг омади ҳам келди, тўп ҳимоячи орқали боргани учун офсайд ҳолатидаги Диаснинг голи инобатга олинди. Иккинчи бўлим бошида эса Мак Аллистернинг маҳорати ғалабани таъминлади. Аввалига аргентиналик яримҳимоячи собиқ жамоаси дарвозасига йўллаган зарба устун ёнидан ўтиб кетди, кейинроқ Салоҳни голли пас билан таъминлади.

«Брайтон» — мисрлик футболчининг севимли жамоаси бўлиб қолмоқда. У ушбу жамоага қарши ўйинларда 9 гол урган ва 6 голга узатма берган. Ўнинчи голни ҳам уришга яқин келганди, аммо Вербрюгген унинг мураккаб зарбасини олиб чиқишга эришди ва интрига сўнгги сонияларга қадар сақланиб қолди. Қолган вақт давомида мезбонлар қатор ёқимсиз паллаларни бошдан кечиришди, гоҳ меҳмонларнинг зарбаларига бироз аниқлик етишмади, гоҳ зарбаларни Келлеҳер қайтарди. Асосийси — «Ливерпул» биринчи ўринга кўтарилди ва «Манчестер Сити» ва «Арсенал» ўртасидаги тўқнашувни хотиржам кузатиш имконига эга бўлди.

Лондонликлар ҳимояланиш бўйича мастер-класс ўтишди

«Манчестер Сити» — «Арсенал» 0:0
«Манчестер Сити» – Ортега, Аканжи, Аке (Люис, 27), Диаш, Гвардиол, Бернарду Силва, Фоден (Доку, 61), Ковачич (Грилиш, 61), де Брюйне, Родри, Ҳоланд.
«Арсенал» – Райя, Уайт, Габриэл, Салиба, Кивиор (Томиясу, 66), Жоржинио (Парти, 66), Эдегор, Райс, Ҳавертц, Сака (Мартинелли, 78), Габриэл Жезус (Троссар, 72).
Огоҳлантиришлар: Жезус (67), Райя (79).

«Сити»нинг «Арсенал»га қарши ўйини — Европада дам олиш кунларидаги марказий учрашув эди. Мезбонлар 2016 йил майидан буён, яъни Гвардиола даврида ушбу рақибга қарши ўз майдонидаги ўйинларда умуман очко йўқотмаганди. Аммо бу мавсумда «Сити» ўтган мавсумдаги каби енгилмас бўлиб кўринмаяпти, натижада ғалабали серияга ҳам якун ясалди.

Биринчи бўлим кутилганидан зерикарлироқ кечди. «Сити» ўйинни назорат қилиш учун тўпга эгалик режимини ёқди. Аммо тўпга эгалик қилиш наф келтирмасди. «Арсенал» майдоннинг учинчи қисмига тиғиз жойлашди. Ҳужум қаноти вакиллари сифатида тушган Сака ва Жезус тўпсиз ҳолатларда мудофаа чизиғи яқинида жойлашди.

«Арсенал» деярли идеал даражада ҳимояланди. Шу билан бирга, бу ўз жарима майдони атрофида «автобус» қўйиш эмасди. «Канонирлар» ўз прессинги ва бутун жамоа бўлиб олдинга чиқиши ва қайтиши билан «Сити»нинг ҳужум бошлашини максимал даражада қийинлаштирди. «Арсенал» ҳудудига етиб бориш ва у ерда учун жойлашиш учун мезбонлар жуда кўп вақт сарфлашди ва кўплаб ортиқча узатмалар амалга оширишига тўғри келди. 

Бутун бўлим давомида «Сити» атиги битта нормал зарба берди: лекин Натан Акенинг бурчак тўпи ижро этилганида йўллаган зарбаси дарвозабонга борди. Бу «Сити» учун аномал вазият ва бу айнан Артетанинг тактикаси туфайли шундай бўлди, меҳмонларнинг қарши ҳужумлари хавфлироқ тус олди. Меҳмонларнинг биринчи бўлимдаги Жезуснинг зарбаси билан якунланган энг хавфли ҳужумида икки қанот ҳимоячилари Бен Уайт ва Якуб Кивиор фаол иштирок этишгани ҳам улар томонидан ҳеч қандай «автобус» қўйилмаганини кўрсатади.

Ўйинда яна бир муҳим жиҳат бор эди: «Арсенал» футболчилари ҳаддан ташқари хотиржамлик ва ўзига ишонч билан ўйнади. Лозим топилганда фол қилишдан (тартиб билан ва огоҳлантиришга тортмайдиган кўринишда) ва вақт чўзишдан уялишмади, бу орқали «Сити»га ўз темпи ва ўйин ритмини топиб олишга тўсқинлик қилишди.

Қолаверса, «Сити»да ҳимоячилар муаммоси давом этди. Бу тур арафасида Уокер ва Стоунз сафдан чиққанди, ўйиннинг биринчи бўлимида эса Аке ҳам жароҳат олди. У майдонни оқсоқланиб тарк этди, ўрнига Рико Люис чиқди. Иккинчи бўлимда «Сити»дан нисбатан фаоллашиш кутилганди, аммо танаффусдан кейинги илк хавфли вазият «Арсенал» ижросида бўлди. Сака ўнг қанотдан тўпни ерлатиб узатди, аммо Жезус унга ета олмади.

Гвардиола бир соат давомида умуман таваккалчилик қилмади, аммо 61-дақиқада қанотларга Доку ва Грилишни ташлади. Бу ўзгариш ўйин картинасини кескин ўзгартирди ва «Сити» рақиб дарвозасини қамал қила бошлади, тўп мунтазам равишда жарима майдонига олиб келинди, стандарт вазиятлар кўпайди. Мезбонлар иккинчи бўлимдаги энг хавфли вазиятига ҳам бурчак зарбасидан кейин эга бўлди, аммо Ҳоланд Гвардиол ташлаб берган тўпга етиб кела олмади.

Меҳмонлар эса дарҳол хавфли қарши ҳужум уюштиришди, аммо Леандро Троссар ўткир бурчакдан туриб Штефан Ортегани доғда қолдиролмади. Бу анча ёпиқ кечган ўйиндаги сўнгги хавфли вазият бўлиб қолди. «Арсенал» ўйинни қуритиб ташлади, аммо бунинг учун Артета ва унинг жамоасини қоралаб бўлмайди, айниқса турнир жадвалидаги вазиятдан келиб чиқилса. «Канонирлар» бу мавсумда «Сити»дан тўрт очко олишди ва икки ўйинда ҳам гол ўтказишмади (1:0 ва 0:0), — бу эса психология ва футболчиларнинг ўзига ишончи нуқтайи назаридан муҳимдир. Факт шуки, лондонликлар «Сити»нинг 57 уй учрашувида (барча турнирлар ҳисобга олинганда)ги голли сериясига барҳам беришди, бунгача «шаҳарликлар» натижаси қандай тугашидан қатъи назар 57 ўйинни гол урмасдан тарк этмаганди.

Бу дурангдан «Ливерпул» ютди, энди Клопп жамоаси «Арсенал»ни икки, «Сити»ни — уч очкога ортда қолдирган ҳолда яккапешқадамга айланган.

Испания: Эдер Милитаонинг қайтиши

«Реал» — «Атлетик» 2:0
Голлар:
Родриго (8, 73).
«Реал» – Лунин, Карвахал (Милитао, 90+2), Начо, Рюдигер, Менди, Кроос (Камавинга, 81), Валверде (Васкес, 81), Чуамени, Беллингҳэм, Браим Диас (Хоселу, 72), Родриго (Модрич, 81).
«Атлетик» – Агирресабала, Де Маркос (Берчиче, 57), Йерай Алварес (Вивиан, 25), Паредес, Лекуэ, Прадос (Руис де Галаррета, 57), Весга, Сансет (Муниаин, 76), Беренгер, И.Уилямс, Гурусета (Арес, 58).
Огоҳлантиришлар: Чуамени (57), Начо (71), Руис де Галаррета (87).

Якшанба куни «Сантияго Бернабеу»даги учрашувдаги асосий воқеа — «Реал» заявкасидан Эдер Милитао ўрин олгани бўлди. Бразилиялик ҳимоячи 12 августда айнан «Атлетик» билан ўйинда оғир жароҳат олганидан буён ўйнамаётганди. Басклар эса асосий эътиборни бир ҳафтадан кейин бўлиб ўтадиган кубок финалига қаратгани маълум бўлди. Родриго ўйин стартидаёқ осонлик билан тўпни жарима майдонига олиб борди ва уни бурчакка йўналтирди. Шундан кейин «Реал» узоқ масофадан урилган голлар сони бўйича «Лас-Палмас» билан тенглашди (8 тадан) .

Ўйин масаласи танаффусдан кейиноқ ҳал бўлиши мумкин эди, аммо Браим Диаснинг зарбасидан кейин тўп устунга борди. Бу баскларга ўйинни қутқариш учун имконият қолдирди, аммо шундай имкон туғилганида Лунин Иняки Уилямснинг зарбасига тайёр эканини кўрсатди. Родриго эса март ойида Испания миллий жамоасига чақирув олган Вивианни осонлик билан доғда қолдириб, тўпни яқин бурчакка жойлади ҳамда трибуналар олқишига сазовор бўлди. Дисквалификацияга учраган Винисиус Жуниор йўқлигида ушбу бразилиялик ҳужумнинг чап қаноти — унинг учун энг қулай позиция эканини намойиш этди. Қўшимча дақиқаларда эса 232 кунлик танаффусдан кейин қайтган Милитао олқишлар билан қарши олинди.

«Жирона» — «Бетис» 3:2
Голлар:
Довбик (36 пеналти, 65), Стуани (90+2) — Виллиан Жозе (45+4, 76).
«Жирона» – Гассанига, Ян Коуто, Блинд, Давид Лопес (Стуани, 82), Эрик Гарсия, Мигел Гутиеррес, Алеиш Гарсия, Мартин (Ҳуанпе, 90), Порту (Торре, 82), Циганков (Эррера, 82), Довбик (Фернандес, 90).
«Бетис» – Руй Силва, Руибал, Песселя, Риад (Папастатопулос, 46), Абнер (Миранда, 77), Форналс, Иско, Родригес, Фекир (Вилям Карвалю, 62), Виллиан Жозе, Перес (Чими Авила, 62; Родри, 83).
Огоҳлантиришлар: Иско (31), Мартин (41), Риад (45+1), Чими Авила (83), Торре (88), Форналс (90+5), Эррера (90+5).

«Жирона»да барчаси кўнгилдагидек бошланганди. Довбикнинг зарбасидан кейин тўп ҳимоячининг қўлига тегди, вазиятга VAR аралашди ва каталонияликлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Аммо мезбонлар йўқ жойдан устунликни бой беришди, тажрибали Давид Лопес элементар вазиятда хатога йўл қўйди ва Виллиан Жозе тўпни дарвозабон устидан ошириб ташлади. Лекин бу ушбу футболчилар иштирокидаги ягона эпизод бўлиб қолмади. Ҳисоб 2:1 эканида Лопес Форналснинг қанотдан узатмасини ўтказиб юборди ва Виллиан Жозе билан яккама-якка ҳолатда қолди. Лекин «Жирона» барибир уч очко эгасига айланди. Қўшимча дақиқаларда жамоанинг фахрий футболчиси Стуани офсайд тузоғидан қочиб кетди ва жамоа мухлисларига навбатдаги байрамни туҳфа этди. Энди учинчи ўрин хавф остида эмас, уругвайлик ҳужумчи эса захирадан тушиб урилган голлар сони (6) бўйича топ-5 лигаларда пешқадамлик қилмоқда.

Германия: тур «қовуни»

«Штутгарт» — «Ҳайденҳайм» 3:3
Голлар:
Гирасси (41), Штиллер (53), Ундав (90+8) — Нюбел (52, автогол), Кляйндист (84, 85).
«Штутгарт» – Нюбел, Вагноман (Чон Ву Ён, 88), Антон, Ито (Штенцел, 88), Миттелштедт, Даҳуд (Каразор, 67), Штиллер, Фюрих (Мвумпа, 72), Мийо (Левелинг, 67), Гирасси, Ундав.
«Ҳайденҳайм» – Мюллер, Траоре (Буш, 85), Майнка, Гимбер, Ференбаҳ, Тойеркауф (Зесса, 70), Бесте (Мэлоуни, 90), Шеппнер, Кляйндинст, Динкчи, Пирингер (Доведан, 70).
Огоҳлантириш: Каразор (90+3).
Четлатиш: Доведан (90+6).

«Штутгарт» тиш-тирноғи билан учинчи ўринга ёпишиб олган ва Чемпионлар лигасига интилмоқда. Навбатдаги турга жамоа саккиз учрашувдан иборат мағлубиятсиз серия қайд этди, шундай экан феврал ойи бошидан буён ғалаба қозонмаган «Ҳайденҳайм» Себастян Ҳёнесс жамоасига жиддий муаммо туғдирадигандек кўринмаётганди. Шваблар ҳужум чизиғи кучли ижрочилардан ташкил топган бўлиб, улар ижодкорлик билан автоматлаштирилган ҳаракатларни уйғунлаштиради. Якшанба кунги биринчи гол ҳам шундай кўриниш олди: Гирасси бир ярим метрдан зарба берди, унгача топ икки бор товон орқали пас бериш билан етиб келди.

Биринчи голга ассистентлик қилган Штиллер иккинчи бўлим бошида ҳисобни оширганида ўйин тақдири ҳал бўлгандек эди. Аммо «Ҳайденҳайм» мезбонларни ҳайрон қолдира олди. Дарвозабон Нюбел мавсумнинг энг кулгили хатоларидан бирига йўл қўйиб, автогол муаллифига айланди. Ўйин охирида эса «Штутгарт» икки дақиқа ичида Кляйндинстлдан икки гол ўтказиб юборди. Иккинчи ҳолатда — ўз позицион ҳужумида тўп йўқотганидан кейин. Натижада навбатчи ғалаба ўрнига қўшиб берилган саккизинчи дақиқада урилган гол эвазига дурангга эришилди, Ундав жарима майдони марказида Миттелштадтнинг узоқдан йўллаган пасини қабул қилиб олиб, ҳимоячиларни чалғитди ва тўпни дарвоза тўрига жойлади.

Икки очко бой берилди, аммо бешинчи ўрин билан орадаги фарқ етти очкони ташкил этмоқда. Лекин кейинги турда швабларни Дортмундга сафар кутмоқда. Кейинги рақиблар қаторида — «Бавария» ва «Байер» ҳам бор.

Франция: Парижликлар юбилейи

«Марсел» — «ПСЖ» 0:2
Голлар:
Витиня (53), Рамуш (85). 
«Марсел» – Лопес, Гарсия, Мбемба (Жиго, 51), Балерди (Унаи, 73), Мерлен, Кондогбиа (Гуйе, 61), Верету, Ҳарит, Ндиай (Пеми, 61), Луис Энрике, Обамеянг.
«ПСЖ» – Доннарумма, Ҳакими, Данилу Перейра, Бералдо, Эрнандес, Руис (Угарте, 65), Витиня, Заир-Эмери (Шкриняр, 77), Дембеле (Асенсио, 65), Мбаппе (Гонсалу Рамуш, 65), Коло-Муани (Ли Кан Ин, 46).
Огоҳлантиришлар: Бералдо (15), Эрнандес (38), Данилу Перейра (40), Доннарумма (45).
Четлатиш: Бералдо (40).

Мавсум давомида икки бош мураббийни истеъфога чиқарган «Марсел»да Жан-Луи Гассе учун француз класикосида натижа кўрсатиш муҳим эди. Жамоа еврокубоклар ҳудудига кириб олиши талаб этилади, «ПСЖ» учун эса иккинчи ўрин билан фарқни янада оширишдаги очко йўқотилиши кечириб бўлмас айб бўлмасди. Танаффус арафасида Лукас Бералдо иккинчи бор сариқ карточка олгани ҳам ўйинга муносабатни кўрсатиб турарди.

Аммо иккинчи бўлим бошланганида парижликлар бир киши кам бўлиб қолганини унутиб юборгандек ўйнашди. Меҳмонлар бирин-кетин хавфли ҳужумлар уюштиришди ва ниҳоят Дембеле ва Витиня рақиб мудофаасини ёриб ўтишди. Веретунинг жавоб голи эса бекор қилинди, тўп дарвозабон олдида офсайд ҳолатида турган Луис Энрикега ҳам текканди. Бразилиялик футболчининг адаши ва фамилиядоши бўлган «ПСЖ» бош мураббийи эса бу ўйинда ҳам Мбаппе ва Дембелени эрта алмаштирди. Айнан уларнинг ўрнига тушган Гонсалу Рамуш ва Асенсио эса интригага барҳам берди. Бу «ПСЖ»нинг ашаддий рақиб устидан 50-ғалабасига айланди.

Кун статистикаси

  • «Утреҳт» яримҳимоячиси Тоорнстра Нидерландия чемпионатида учта турли жамоада 100 тадан ортиқ ўйин ўтказган 3-футболчи бўлди, у фаолияти давомида АДО «Ден Ҳааг» ва «Фейеноорд» клубларида ҳам тўп сурган.
  • «Арсенал» Менхенгладбаҳнинг «Боруссия», «МЮ» ва «Кристал Пэлас» клубларидан кейин бир мавсумда икки ўйинда ҳам Хосеп Гвардиола жамоасидан гол ўтказиб юбормасликни уддалаган 4-жамоа бўлди.
  • «ПСЖ» футболчилари 1992/93 йиллар мавсумидан буён «Марсел»га қарши ўйинларда 12 бор қизил карточка олишган. Парижликлар «Лион» билан ўйинларда ҳам шунча кўп жазоланишган.
  • «Ливерпул» ҳимоячиси ван Дейк бу мавсумда қаторасига 25 та ҳаво дуэлида устун келди. Нидерландиялик футболчининг сериясини «Брайтон» футболчиси Данк тўхтатди.
  • «Штутгарт» ҳужумчилари Гирасси ва Ундав биргаликда 38 та гол уришди — бу клубнинг янги рекорди, бунгача клубда шундай самарадор жуфтлик 1985/86 йиллар мавсумида Юрген Клинсманн ва Карл Аллгевер бўлишганди.
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид