22:02 / 03.04.2024
5904

НКМКнинг 2 фоиз акцияси Давактивга ўтказилди

Ўзбекистондаги энг йирик компания, мамлакатнинг энг катта солиқ тўловчиси – Навоий кон-металлургия комбинатининг 2 фоиз акциялар пакети Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилган. Аввалроқ компания акцияларининг бир қисми IPO орқали хусусийлаштирилиши айтилганди.

Фото: НКМК

Ўзбекистонда энг йирик компания – Навоий кон-металлургия комбинати акцияларининг эгалигида ўзгариш юз берган. Бу ҳақда комбинатнинг 2023 йилнинг биринчи ярим йиллиги учун эълон қилган ҳисоботида келтириб ўтилган.

Қайд этилишича, ўтган йилнинг август ойида акцияларнинг 2 фоизи Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилган. Бу пайтгача НКМКнинг 100 фоизлик улуши Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тасарруфида бўлган.

НКМК – асосан олтин қазиб олиш ва қайта ишлаш билан шуғулланади. Ҳисоботда қайд этилишича, ўтган йилнинг биринчи ярмида НКМКнинг соф фойдаси 774 млн долларни ташкил этган. Таққослаш учун, бу миқдор 2022 йилнинг мос даврида 841 млн доллар бўлган. Шунингдек, олинган фойдадан тўланган солиқлар 619 млн доллардан 547 млн долларга камайган. Дивидендлар миқдори эса 454 млн доллардан 326 млн долларга қисқарган.

Конлар ва фойдали қазилмаларга бўлган ҳуқуқлар қиймати 4 млрд доллардан 3,86 млн долларгача қисқарган. Узоқ муддатли қарздорлик миқдори 1,63 млрд доллардан 1,81 млрд долларга, ўртача кредит ставкаси 6,73 фоиздан 8,57 фоизгача ошган.

НКМК қисман хусусийлаштириладими?

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров 2021 йилнинг сентябрь ойида Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон иқтисодий форумидаги чиқишида НКМКнинг 10–15 фоиз улушини IPO орқали сотиш режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилганди.

“Навоий кон-металлургия комбинатида (НКМК) ҳам IPO ўтказилади ва бир қисми хусусийлаштирилади. Комбинатда уран ва олтин қазиб олингани боис хусусийлаштириш тўлиқ шаклда амалга оширилмайди. Комбинатнинг 10-15 фоиз улуши IPO'да сотилади”, деганди Қўчқоров.

2023 йилнинг 29 март куни кучга кирган “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорига кўра, “халқчил IPO” орқали “бир акция – битта лот” тамойили бўйича Навоий кон-металлургия комбинатининг 2 фоиз улуши сотилиши кўзда тутилганди.

Маълумот учун, НКМК 2023 йилнинг 11 ойи давомида 22,9 трлн сўм солиқ тўлаган. 2022 йилда компаниянинг соф фойдаси 15,4 трлн сўмни ташкил қилган.

Top