Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Арсенал» — яна пешқадам, Фоден Ҳоландни сояда қолдирмоқда. Европада кун ўйинлари
Чоршанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.
Англия: Ҳаверц ўсишда давом этмоқда
«Арсенал» — «Лутон» 2:0
Голлар: Эдегор (24), Ҳасиока (44, автогол).
«Арсенал» – Райя, Уайт, Габриэл, Салиба, Зинченко (Томиясу, 74), Парти (Райс, 67), Эдегор, Смит-Роу (Жоржинио, 85), Ҳаверц (Нкетиа, 66), Троссар, Нелсон (Мартинелли, 75).
«Лутон» – Камински, Ҳасиока, Менжи, Каборе, Ониединма (Вудроу, 75), Даути, Таунсенд (Берри, 81), Баркли, Кларк, Раддок-Мпанзу (Чонг, 53), Моррис.
Огоҳлантиришлар: Ҳаверц (66), Ониединма (74).
Ҳафта ўртасидаги ўйинда Микел Артета бу мавсумда кам ўйин амалиётига эга бўлаётган Нелсон ва Смиту-Роудан ташқари узоқ вақт жароҳатини даволаган ва ўтган йил августидан буён бошланғич таркибда тушмаган Партига ҳам жой топиб берди. Ганалик футболчи ҳали оптимал формадан йироқлиги аниқ, аммо айнан «Лутон» каби нисбатан кучсиз жамоаларга қарши ўйинлар унга ўз ҳолатини яхшилаш учун имконият. Ротация қилинган бошқа футболчилар ўзига билдирилган ишончни оқлади, иккинчи голли ҳужумда Троссар қанотда тезлик олган Смит-Роуни ўз вақтида тўп билан таъминлади, англиялик футболчининг узатмасидан кейин Ҳашиока Нелсонга қаршилик кўрсатишга уриниб ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди.
Смит-Роу биринчи голда ҳам фаоллик кўрсатганди, айнан у прессингда тўпни олиб қўйганидан кейин Эдегор Ҳаверц билан девор услубида ўйнаб, дарвозани ишғол қилди. Мавсумнинг биринчи қисмида кўпчилик германиялик футболчининг вазиятлардан фойдаланишдаги хатолари устидан кулганди, аммо у таслим бўлмади ва голли ҳаракатлари сонини 12 тага етказди (8+4), бу эса Кайнинг Англияга келганидан бери энг яхши натижасидир. Танаффусга қадар икки тўп фарқ билан олдинга чиқиб олиш «канонирлар» учун муваффақият кафолати эди — улар АПЛда бундай вазиятларда 39 ўйиндан буён ғалабани қўлдан чиқармаган. «Шляпачилар» эса ўз стадионидан ташқарида катта жасорат кўрсатишга қодир эмас. «Арсенал» — камида «Ливерпул»нинг пайшанба куни «Шеффилд»га қарши ўйини якунига қадар чемпионат пешқадами бўлиб олди.
Фоденнинг ҳет-трики, Родрининг гол ва ассисти – «Сити»нинг муваффақияти ингредиентлари

«Манчестер Сити» — «Астон Вилла» 4:1
Голлар: Родри (11), Фоден (45+1, 62, 69) — Дуран (20).
«Манчестер Сити» – Ортега, Люис, Рубен Диаш, Аканжи, Гвардиол, Грилиш, Бернарду Силва (Ковачич, 75), Родри (Матеуш Нунеш, 75), Фоден (Бобб, 80), Доку (Серхио Гомес, 80), Алварес.
«Астон Вилла» – Олсен, Конса, Диего Карлос, Лангле, Динь, Дуглас Луис (Чемберс, 64), Заниоло (Келлимен, 77), Ироэгбунам (Тилеманс, 63), Диаби (Бэйли, 63), Рожерс, Дуран (Морено, 71).
Огоҳлантиришлар: Грилиш (32), Дуглас Луис (38), Чемберс (90+4).
«Манчестер Сити» қаторасига учинчи тур ўйинида қийналди, аммо тўртинчи ўринда келаётган ҳамда биринчи даврада «шаҳарликлар»ни мағлуб этган (1:0) «Астон Вилла»га қарши ўйин енгил кечиши кутилмаётганди ҳам (жамоанинг олдинги икки ўйини ҳам кучли тўртлик вакиллари «Ливерпул» ва «Арсенал»га қарши кечиб, 1:1 ҳамда 0:0 қарши кечганди). Ўйин мезбонлар учун осон бошланди — Докунинг узатмасидан кейин марказий форвард позициясида пайдо бўлган Родри ҳисобни очди. Испаниялик таянч яримҳимоячиси учун бу мавсумдаги саккизинчи гол ва у самарадорлик бўйича ўз рекордини ўрнатди.
Аммо бирмингҳемликлар ўз таркибидаги ёшлар ҳисобига жавоб қайтара олишди. Роджерс билан «девор» услубида ўйнаган Дюран яқин бурчакни аниқ нишонга олди.
Балки жароҳат туфайли ўйнай олмаётган Эдерсон бундай вазиятда қутқарган бўларди. Аммо Фоденнинг биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда жарима зарбасидан урган голи борасида ҳам шундай фикрни айтиш мумкин. Улсен ўзи турган томонга келган зарбани ўтказиб юборди. Ушбу дарвозабон иккинчи бўлимда ҳам Эмилиано Мартинес қутқариши мумкин бўлган вазиятларда ўзини кўрсата олмади.
Фоденни эса шу куни тўхтатиб бўлмади. Ҳет-трик қайд этган Фил топ-5 лигаларда камида 20 гол урган ва 10 дан ошиқ голли узатма муаллифига айланган бешинчи футболчига айланди. Бу компанияда яна уч нафар англиялик футболчи бор — Кейн, Беллингҳем ва Уоткинс. Улардан охиргисидан Унаи Эмери бу ўйинда фойдалана олмади, у ва дисквалификацияга учраган Макгиннинг йўқлиги билинди. Уларни алмаштириш қийин, Ҳосеп Гвардиола эса Фоден бундай формадалигида Ҳоландни захира ўриндиғида қолдира олади. «Сити» ҳам чемпионлик пойгасида курашни давом эттиради.
32-турда чемпионлик пойгасидаги уч жамоа ҳам сафарда ўйнайди. «Сити» – «Кристал Пэлас»га қарши, «Арсенал» ва «Ливерпул»да нисбатан қийинроқ рақиблар – «Брайтон» ва «Манчестер Юнайтед».

Германия: Леверкузеннинг янги рекорди
«Байер» — «Фортуна» 4:0
Голлар: Фримпонг (7), Адли (20), Виртц (35, 60 пеналти).
«Байер» – Коварж, Фримпонг, Та, Тапсоба, Станишич, Грималдо (Инкапиэ, 71), Жака (Коссуну, 78), Андрих, Виртц (Ҳофманн, 65), Адли (Телла, 65), Шик (Бонифасе, 66).
«Фортуна» – Кастенмайер, Циммерманн (Вермей, 85), Ҳоффманн (Куарши, 46), Зиберт, Обердорф, Йоуҳаннессон, Энгелҳардт, Клаус (Зоботтка, 46), Ийоа (Ястшембски, 76), Цолис, Мустафа (Немец, 65).
Огоҳлантириш: Цолис (37).
Сешанба куни учинчи дивизионнинг ўртамиёна вакили «Саарбрюкен» клубининг кубокдаги эртаги якунланганди. Ушбу жамоа «Бавария» (2:1), «Айнтрахт» (2:0) ва Менҳенгладбаҳнинг «Боруссия» клубларини (2:1) турнирдан чиқариб юборганди, аммо иккинчи бундеслигани тарк этиш ёқасида турган «Кайзерслаутерн»га қарши чора топа олмади (0:2). Бир кун кейин эса «Байер» кутилганидек иккинчи финалчига айланди.
«Фортуна»нинг тор-мор этилиши ўнг қанот ҳимоячиси Фримпонгнинг мавсумдаги 12-голи билан бошланди. Ушбу нидерландиялик ҳозирда олдинги икки мавсумда урган голлари сонига тенг гол уриб улгурди, аммо ҳалигача юлдуз сифатида қаралмаяпти. Буни миллий жамоада нафақат Дюмфрис, балки Тезедан кейинги ўриндаги захира варианти ҳисобланишидан ҳам кўриш мумкин. Шу кунларда «Реал»га яқин бўлган инсайдерлардан бири мадридликлар Фримпонгни кузатаётгани ҳақида хабар тарқатди, аммо скаутлар ушбу латералнинг ҳужумдаги фаоллигини қадрлаш билан бирга, ҳимоядаги ҳаракатларини шубҳа остига олмоқда.
Бу жамоада Вирцнинг ҳаракатлари ҳам алоҳида мавзу. «Аспиринчилар»нинг асосий етакчи футболчиси навбатдаги бенефисини ўтказиб, Адлига ассистентлик қилди ҳамда ўзи иккита гол урди. Бонифасенинг захирадан майдонга тушиши ҳам эътиборга молик воқеа бўлди. Нигериялик мерган Африка кубоги арафасидаги йиғинда жароҳат олганди ва шу оқшом декабрдан буён илк бор майдонга тушди. «Байер»нинг мавсумнинг биринчи қисмидаги муваффақиятларида унинг ҳиссаси катта бўлганди. Леверкузенликлар Бонифасенинг ҳам саъй-ҳаракатлари эвазига мавсумдаги 35-ғалабасига эришиб, клуб рекордини такрорлади. Бунинг учун 40 ўйин етарли бўлди, 22 йил олдинги натижага эришиш учун эса 60 ўйин ўтказишга тўғри келганди.
Франция: Мбаппе Мандандага қарши
«ПСЖ» — «Ренн» 1:0
Гол: Мбаппе (40).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Мбаппе (37).
«ПСЖ» – Доннарумма, Ҳакими, Маркинос (Данилу Перейра, 75), Эрнандес, Мендеш (Шкриняр, 75), Ли Кан Ин (Коло-Муани, 84), Фабиан Руис, Витиня, Заир-Эмери (Угарте, 76), Дембеле (Асенсио, 76), Мбаппе.
«Ренн» – Манданда, Дуэ (Сейду, 56), Теате, Омари, Трюффер, Бурижо, Сантамария (Ле Фе, 75), Блас (Терре, 56), Дуэ (Ридер, 82), Гуири (Сала, 82), Калимуэндо.
Огоҳлантиришлар: Дембеле (69), Сейду (81).
«ПСЖ» Франция Кубоги финалига чиқиб, у ерда «Лион» билан ўйнайдиган бўлди, «Ренн»га қарши ўйин эса Мбаппе ҳамда тажрибали Манданда дуэлига айланди. Аввалига 39 ёшли дарвозабон ҳужумчининг хавфли зарбасидан кейин тўпни тўсин томон йўналтирди. Кейин эса Килиан ижросидаги пеналтини ҳам қайтарди. Аммо парижликлар сардори рикошет орқали уни барибир доғда қолдирди. Бу эса «ПСЖ»рекорд даражада йигирманчи финалга чиқишига имкон берди, бу орқали жамоа азалий рақиби «Марсел»ни ортда қолдирди.
Кун статистикаси
- «Утреҳт» яримҳимоячиси Тоорнстра XXI асрда Нидерландия чемпионатида узоқ масофадан камида 25 та гол урган 5-футболчи бўлди.
- «Манчестер Сити» «Астон Вилла»ни ўз майдонида қаторасига 14 ўйинда мағлуб этди.
- «Манчестер Сити» яримҳимоячиси Родри клуб сафидаги мағлубиятсиз серияси 63 ўйин ва 423 кунни ташкил этмоқда.
Мавзуга оид
18:11 / 03.06.2026
Абдуқодир Ҳусанов АПЛда трансфер нархи энг кўп ошган футболчилар ўнталигига кирди
14:18 / 01.06.2026
«Кейинги йил ЕЧЛ учун қайтамиз». «Арсенал» Лондонда чемпионлик паради ўтказди
15:43 / 31.05.2026
Парижда «ПСЖ» фанатлари тартибсизлик келтириб чиқарди – фотолар
00:04 / 31.05.2026