Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ОАВ: Париж Украина бўйича Россия билан мулоқотга тайёрлигини кўрсатмади
Reuters ва AFP агентликларининг Франция ҳукуматидаги манбалари Москванинг Франция Мудофаа вазирлиги раҳбари Шойгу билан суҳбатда Украина бўйича мулоқотга тайёрлигини билдиргани ҳақидаги баёнотини рад этмоқда.
Франция ва Россия мудофаа вазирлари Себастян Лекорню ва Сергей Шойгу ўртасидаги телефон суҳбатида француз томони, Москва даъво қилганидек, Украина бўйича мулоқот ўтказишга тайёрлигини намойиш этмади. Бу ҳақда 4 апрел, пайшанбага ўтар кечаси Reuters ва AFP ахборот агентликлари Франция ҳукуматидаги манба сўзларига таяниб хабар берди.
Шу тариқа, Париж Россия мудофаа вазирлигининг 3 апрел куни икки вазир ўртасидаги суҳбатдан сўнг билдирган хабарини рад этди. Унда, хусусан, қуйидагилар айтилган: «Украина бўйича мулоқотга тайёрлик қайд этилди. Бошланиш нуқталари «Истанбул тинчлик ташаббуси»га асосланиши мумкин. Женевада Россия иштирокисиз учрашув ўтказиш маъносиздир».
«Бу ҳақиқат эмас», - деди Reuters манбаси Россия Мудофаа вазирлигининг ушбу баёнотига изоҳ бериб. Агентлик суҳбатдоши сўзларига кўра, Франция ташаббуси билан бўлиб ўтган телефон суҳбатида террорчилик таҳдидининг кучайиши муҳокама қилинган.
«Франция можаро билан боғлиқ ҳолда ҳеч нарсани қабул қилмади ёки таклиф қилмади», дея AFP ўз ахборот манбасидан иқтибос келтирган.
Терроризм таҳдидининг кучайиши муҳокама қилинди
Аввалроқ Франциянинг TF1 телеканали Лекорню ва Шойгу ўртасидаги суҳбатни ёритиб, «мулоқот дастлабки мавзуси терроризмга қарши кураш бўлганини» хабар қилган эди. Шу билан бирга, Лекорню «Крокус Сити Холл» концерт залидаги терактни кескин қоралади ва Парижда Украинанинг терактга алоқадорлигини кўрсатадиган ҳеч қандай маълумот йўқлигига ишонтирди.
Мавзуга оид
11:00 / 10.06.2026
Париж исроиллик вазирга қарши санкциялар жорий қилди
15:43 / 31.05.2026
Парижда «ПСЖ» фанатлари тартибсизлик келтириб чиқарди – фотолар
23:08 / 21.05.2026
Париж Фаластин халқига фахрий фуқаролик бермоқчи
08:32 / 21.05.2026