Жаҳон | 12:05 / 04.04.2024
6060
4 дақиқада ўқилади

Россияда диссидент Скобов терроризмни оқлашда айбланяпти

Александр Скобовнинг таъқиб қилинишига унинг «Қрим кўприги портлатилишини оқловчи пости» сабаб бўлди, деб ёзади Telegram’даги «Поддержка политзэков. Мемориал» канали.

Фото: DW/V. Izotov

2 апрел куни Санкт-Петербургда қўлга олинган публицист ва совет даври диссиденти Александр Скобов терроризмни оқлаш моддаси бўйича айбланяпти. Бу ҳақда 3 апрел, чоршанба куни кечқурун «Поддержка политзэков. Мемориал» Telegram-канали хабар бериб, Скобовга нисбатан иш қўзғатилишига унинг «Қрим кўприги портлатилишини оқловчи пости» сабаб бўлганини билдирди.

Шу куни, 3 апрелда «Фонтанка» интернет-нашри 66 ёшли публицистга қарши терроризмни омма олдида оқлагани учун жиноий иш қўзғатилганини ёзган. Бироқ, ушбу мақолада «Агентство журналистских расследований» ААнинг иш қўзғатилиши Скобов ўз Telegram-каналида Красногорскдаги «Крокус Сити Холл» концерт залидаги терактни муҳокама қилгани билан боғлиқлиги ҳақида маълумоти келтирилган. 

«Поддержка политзэков. Мемориал» маълум қилишича, Скобов иши билан Санкт-Петербургнинг Калинин тумани Тергов қўмитаси шуғулланяпти. 4 апрел куни Калинин туман суди унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаши кутилмоқда. 

Диссидент Александр Скобовнинг қўлга олиниши

Александр Скобов 2 апрел куни Санкт-Петербургда, ҳуқуқ ҳимоячиси Юлий Рибаков ва у билан бирга бўлган рафиқаси Екатерина Молоствованинг квартирасида қўлга олинди. Юлий Рибаков «Фонтанка» интернет-нашрига терговчи ва унга ҳамроҳ бўлган ИИВ ходимлари 66 ёшли Скобовга қандли диабетга қарши муҳим дори-дармонларни ўзи билан олиб кетишга рухсат бермаганини айтди. 

СССР ва Россияда Александр Скобовнинг таъқиб қилиниши 

2024 йил 22 мартда Россия ҳукумати Александр Скобовга «чет эл агенти» мақомини берди. «Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, у давлат органлари қарорлари тўғрисида «ёлғон маълумот тарқатган», урушга қарши чиққан, «Россия Федерациясини террористик ташкилот деб ҳисоблаган», «номақбул ташкилот» фаолиятида иштирок этган, «чет эл агенти материалларини» тузган ва тарқатган», деб эслатади «ОВД -Инфо». 

1978 йилда Александр Скобов «Чап мухолифат» гуруҳи ва ҳукуматга қарши журнал фаолиятида фаол иштирок этгани учун ҳибсга олинган. Кейинчалик, суд ҳукми билан у психиатрия шифохонасига ётқизилган ва у ердан 1987 йилнинг ёзида озод қилинган.
 
«Окна» лойиҳасига кўра, айни пайтда Россияда Александр Скобовга нисбатан «номақбул ташкилот» – озод Россия форуми фаолиятида иштирок этгани учун маъмурий иш юритилмоқда. 

Социолог Кагарлицкийнинг «терроризмни оқлагани» учун судланиши 

2024 йил феврал ойида Россия Федерациясидаги апелляция суди социолог ва «Рабкор» ижтимоий-сиёсий интернет-журнали бош муҳаррири Борис Кагарлицкийга чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқди ва терроризмни оқлаш иши бўйича 600 минг рубл миқдоридаги жаримани беш йиллик қамоқ жазоси билан алмаштирди. 

Борис Кагарлицкий 2022 йил октябр ойида Қрим кўпригида рўй берган портлаш ҳақида «Рабкор» сайтида эълон қилинган видеоролик юзасидан 2023 йил июлида ҳибсга олинган эди. Россия ҳукумати портлашни теракт сифатида баҳолади. Айблов томони «психологик-лингвистик экспертиза видеода ҳукумат органларини обрўсизлантириш мақсадида портлаш содир этиш ғояси тан олинганини аниқланди» деб таъкидлади. Кагарлицкийнинг ўзи айбини тан олмади ва қўйилган айблов видеонинг номи ҳақидаги даъволарга асосланганини тушунтирди. 

2023 йил декабрида 2-Ғарбий округ ҳарбий суди социологни 600 минг рубл миқдорида жаримага ҳамда икки йил давомида интернет-ресурсларни яратиш ва бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этишга ҳукм қилди. Олим суд залидан озод қилинди, бироқ прокуратура ҳукм устидан шикоят қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид