Жаҳон | 16:53 / 05.04.2024
6763
5 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазога иккита гуманитар йўлак очишга қарор қилди 

Бу Байден Нетаняҳу билан «кескин оҳангда» гаплашиши ва ундан сектор аҳолисини ҳимоялашни талаб қилиши ортидан бўлмоқда.

Фото: Getty Images

Исроил ҳукумати Ғазо секторига ёрдам етазиб бериш учун иккита янги гуманитар йўлак очилишини маъқуллади. Бу қарор АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан телефон мулоқоти ўтказиши ҳамда ундан анклавдаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш чораларини кўришни талаб қилишидан кейин қабул қилинди.

Исроилнинг ҲАМАСга қарши уруши бошидан буён Ғазо секторига сектор шимолий қисмида жойлашган «Эрез» чегара пункти ҳам вақтинча очилади. Бундан ташқари, Исроил Иорданиядан «Керем-Шалом» назорат-ўтказиш пункти орқали олиб кириладиган ёрдам ҳажмини оширишга рухсат беради. Шунингдек, Исроилнинг Ашдод портига ҳам Ғазо учун ёрдам олиб келиниши бошланади.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши Исроил ҳукуматининг бу қарорини олқишлашини билдирган ва бу қарор «тез ва тўлиқ» амалга оширилиши лозимлигини қайд этган.

Пайшанба куни кечқурун Байден ва Нетаняҳу ярим соат давомида телефон орқали гаплашганди ва Оқ уй баёнотига кўра, бу мулоқот ноодатий тарзда қатъий оҳангда кечган.

Етакчилар Исроил ҳаво зарбаси оқибатида Ғазо аҳолисига озиқ-овқат етказиб бериш билан шуғулланган World Central Kitchen (WCK) ташкилотининг ғарб давлатларидан бўлган кўнгиллилари ҳалок бўлишидан кейин илк бор гаплашди. Нетаняҳу ҳарбийлар «бегуноҳ одамлар»га «қасддан зарба йўлламагани»ни айтган ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги учун барча ишни қилишга ваъда берган.

АҚШ президенти маъмуриятига кўра, Байден исроиллик бош вазир билан мулоқотда «гуманитар ташкилотлар ходимларига зарбалар ва умуман гуманитар вазиятни оғирлаштиришга йўл қўйиб бўлмаслиги»ни айтган.

«У Исроил тинч аҳоли вакилларига азоб бериш, гуманитар ходимлар хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилишга қаратилган ва натижа берадиган бир қатор аниқ қадамларни эълон қилиши ва амалга ошириши шартлигини аниқ айтди», — дейилган Оқ уй хабарида.

Американинг Исроил бўйича сиёсати Исроилнинг тинч аҳоли ва инсонпарварлик ташкилотлари ходимлари ҳимояси йўлидаги қадамларига боғлиқ бўлади, дея қайд этган Оқ уй.

BBC мухбирлари хабар беришича, Байден Нетаняҳуга бошқа нарсалар қатори Исроил Ғазога гуманитар йўлаклар очилиши лозимлигини ҳам айтган.

Амалда у Исроил раҳбариятига ултиматум қўйган: ёки Исроил ҳукумати секторнинг тинч аҳолиси ҳаётини енгиллаштирувчи муайян қадамлар ташлайди ва гуманитар ташкилотларнинг хавфсиз ишлашини таъминлайди, ёки Вашингтоннинг Ғазо бўйича сиёсати ўзгаради, дея қайд этган нашр мухбирлари.

Шу тариқа, АҚШ биринчи марта Исроилга Америка ёрдами ажратилиши исроиллик расмийларнинг Ғазодаги ҳаракатларига боғлиқ бўлишини тушунтириб қўйган.

Ёрдам етказишдаги кечикишлар

Сўнгги ҳафталарда тобора кўпроқ давлатлар ҳукуматлари ва халқаро ташкилотлар Нетаняҳунинг ҳукуматини Ғазо секторидаги ҳаракатлари учун танқид қилмоқда.

Сектор чегарасида, Миср билан чегарадаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктида ғазоликлар учун мўлжалланган инсонпарварлик юклари ортилган юк машиналарининг улкан навбатлари юзага келган, уларнинг бир қисми чегарадан ўтишни бир неча ойдан буён кутмоқда. Бу ҳолат Ғазога ёрдам фақат узоқ давом этувчи бюрократик жараён ҳамда Исроил ҳукумати ўтказадиган текширувлардан кейин олиб кирилиши мумкинлиги билан боғлиқ.

Ғазога барқарор ёрдам етказиб бериш йўқлиги фонида АҚШ, Буюк Британия, Иордания ва бошқа мамлакатлар гуманитар ёрдамни самолётлар орқали ташлаш тактикасини қўллади. Лекин бу юклар етказиб беришнинг самарали усули бўлиб чиқмади, қолаверса бу аҳоли ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин: бир неча фаластинлик денгизга тушган юкларни олишга уринганида чўкиб кетди, яна бир неча киши устига парашюти очилмай қолган юклар тушиши оқибатида ҳалок бўлди.

Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиёти 2023 йил 7 октябрида ҲАМАС томонидан Исроил ҳудудига ҳужум қилинишига жавобан бошланганди. Ўшанда 1,2 мингдан ортиқ исроилликлар ҳалок бўлган, уларнинг аксар қисмини тинч аҳоли вакиллари ташкил этганди, бундан ташқари 253 киши гаровга олинганди.

Исроил қўшини Ғазога бостириб кириши ва авиазарбалар оқибатида секторнинг катта қисми вайронага айланган. ҲАМАС назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, анклавда ҳалок бўлганлар сони 33 минг кишидан ошган.

Мавзуга оид