Исроил Ғазо жанубидан қуруқлик қўшинларини олиб кетди
Сектор марказида биргина бригада қолдирилган. Бу вақтда Исроилда ўн минглаб кишилар ҳукуматга қарши намойишларга чиқмоқда, Қоҳирада тинчлик музокаралари ўтказилиши кутилмоқда.
Исроиллик ҳарбийлар Ғазо жанубидаги Хон Юнус шаҳри ҳудудидаги тўрт ойлик жанглардан кейин фаол амалиётларда иштирок этган барча қуруқлик қўшинлари секторнинг жанубий қисмидан олиб чиқилганини маълум қилди.
Фаластин анклавининг жанубий қисмида биргина бригада қолдирилган, Reuters ва The Times of Israel хабарига кўра, бу ҳарбийлар секторни иккига ажратиб турувчи йўлакни қўриқлайди.
Исроил яқин вақтлар ичида Миср билан чегара яқинидаги бир миллиондан ортиқ фаластинликлар бошпана қилган Рафаҳ шаҳрида амалиёт бошлашни режалаштирганди. Ҳозирча қўшинлар Хон Юнусдан олиб чиқилиши бу режага қандай таъсир кўрсатиши маълум эмас.
БМТ бир неча бор Рафаҳдаги ҳар қандай амалиёт гуманитар фалокатга олиб келишидан огоҳлантирганди.
«Ҳарбий кампания доимий равишда ривожланиб бормоқда ва бу шунчаки ҳарбий ҳаракатларнинг навбатдаги босқичи, — деган BBC’га ЦАҲАЛ вакили подполковник Питер Лернер. — Биз Хон Юнус ҳудудидаги миссиямизни якунлаганимиз учун қўшинлар ротация қилинди».
«Тушуниш керакки, бизнинг кучларимиз миқдори қисқармоқда, аммо ўтказилиши керак бўлган амалиётлар сони ортиб бормоқда. — Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторида шунчаки уни ўз назоратига олиш учун тургани йўқ, ҳеч қандай ҳолатда ҳам бундай мақсад йўқ, улар ҲАМАСдан халос бўлиш ва гаровдагиларни қайтариш учун у ерда».
Лернернинг сўзларига кўра, Рафаҳ ҲАМАСнинг таянч пункти бўлиб қолмоқда ва у ерда исроилликларнинг тўртта баталёни бор. У март ойида айнан Рафаҳ ҳудудида гаровдагилардан икки нафари озод этилганини эслатиб ўтган.
Исроилдаги намойишлар
Шанба куни Исроилда кўп минг кишилик норозилик акцияси ўтказилиб, унинг иштирокчилари бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг истеъфосини ва ярим йил муқаддам ҲАМАС томонидан гаровга олинган исроилликларни озод этишни талаб қилишди.
Тел-Авив ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги намойишлар исроиллик ҳарбийлар гаровга олинганлардан бири — Элад Кацирнинг жасади қайтарилганини эълон қилиши ортидан бошланди. Январ ойида тирик асирларнинг видеоси эълон қилинганида, улар орасида Кацир ҳам бор эди.
Намойиш иштирокчилари «Зудлик билан сайловлар!» ва «Кечир, Элад!» дея ҳайқиришган.
Кўчаларга чиққанлар Нетаняҳу ҳукумати ҳамон Ғазода ушлаб турилган 130 нафар атрофидаги исроилликни озод эта олмайди деб ҳисобламоқда.
Норозилик акцияларида қатнашганлар орасида гаровдагиларнинг қариндошлари ҳам бор.
«Элад Кацир тутқунликда атиги уч ой яшай олди. У бугун биз билан бўлиши керак эди. У биз билан бўлиши керак эди!» — деган BBC билан суҳбатда намойиш иштирокчиларидан бири Ноам Пери.
Кацирнинг синглиси Кармит Палти Кацир фейсбукдаги саҳифасида агар Исроил ҳукумати сулҳ бўйича келишганида, унинг акаси уйга тирик қайтиши мумкин бўлгани ҳақида пост қолдирган. «Бизнинг етакчиларимиз қўрқоқ ва улар сиёсий мулоҳазаларига қул. Шунинг учун келишув ҳам йўқ, — деб ҳисоблайди у. — Бош вазир, ҳарбий кабинет ва коалиция аъзолари! Кўзгуга қаранг ва қўлингизда қон йўқлигини айтинг».
Ташкилотчиларнинг маълумотларига кўра, норозилик акцияларида 100 мингга яқин киши иштирок этган, бошқа маълумотларга кўра, иштирокчилар сони 45 минг киши атрофида бўлган.
Тел-Авивдаги намойиш вақтида одамлар устига автомобил бостириб борган, натижада беш киши жароҳатланган, ҳайдовчи қўлга олинган. Айрим жойларда намойишчилар полициячилар билан тўқнашувлар уюштирмоқда.
Қоҳирадаги музокаралар
Якшанба куни Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар ўтказилиши белгиланган.
Айрим хабарларга кўра, Исроил ва ҲАМАС вакиллари ўртасидаги маслаҳатлашувларда МРБ директори Уилям Бёрнс ҳамда Қатар бош вазири Муҳаммад ибн Абдулраҳмон ас-Соний иштирок этиши кутилмоқда.
2023 йил 7 октябрида ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми оқибатида 1200 нафар атрофида исроиллик ўлдирилган, уларнинг аксари — тинч аҳоли вакиллари эди. Гуруҳ аъзолари 253 кишини гаровга олиб, Ғазога келтирганди, ўтган вақт мобайнида уларнинг бир қисми алмаштирилган. Гаровдаги 129 кишининг тақдири номаълум бўлиб қолмоқда. Камида 34 нафар асир ҳалок бўлган деб ҳисобланади, исроиллик ҳарбийлар улардан 12 нафарининг жасадини топган.
Ярим йил олдинги воқеалардан кейин Исроил ҳукумати ҲАМАС гуруҳини йўқ қилиш учун Ғазо секторига бостириб кирганди. ҲАМАС назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ўтган вақт ичида анклавда 33 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, улардан кўпчилиги — аёллар ва болалар.
Мавзуга оид
15:25 / 27.11.2024
«Тинч аҳоли уйини бомбалаш ғалаба дейилмайди» – оятуллоҳ Нетаняҳуни қатл этишга чақирди
07:31 / 27.11.2024
Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўт очишни тўхтатишга келишиб олди
21:41 / 26.11.2024
Нетаняҳуни қамаш буюрилди. Бу Исроилга қурол етказилишига тўсиқ бўла оладими?
14:17 / 26.11.2024