Жаҳон | 10:36 / 09.04.2024
4875
2 дақиқада ўқилади

Панамада «Панама ҳужжатлари» иши бўйича суд бошланди

Панамада солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ва пул ювишда айбланган 27 киши судланмоқда. 2016 йилда нашр этилган «Панама ҳужжатлари» жараённинг асосига айланди.

Панамада 8 апрел, душанба куни 2016 йилги «Панама ҳужжатлари» билан боғлиқ бўлган солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва пул ювишда гумон қилинган шахслар устидан суд жараёни бошланди

Судланаётганлар рўйхатида 27 киши бор. Хусусан, улар орасида адвокатлар Юрген Моссак ва Рамон Фонсека ҳам бўлиб, уларнинг Mossack Fonseca юридик фирмаси шубҳали офшор ҳисоблари ҳақидаги маълумотлар ошкор этилиши марказида эди. Суд мажлисида Моссак ўз айбини тан олмади. Суд жараёни 26 апрелга қадар давом этиши кутилмоқда. Айбланувчилар 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

«Панама ҳужжатлари»да юзлаб таниқли шахслар

2016 йилнинг апрел ойида дунёнинг бир қатор йирик оммавий ахборот воситалари офшор компанияларни рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланган Панаманинг Mossack Fonseca юридик фирмаси ички ҳужжатлари таҳлили асосида суриштирувни эълон қилди. Ҳужжатларда сиёсатчилар, ишбилармонлар ва дунёнинг бошқа машҳур шахсларига шубҳали транзакциялардан ўнлаб миллиард доллар ишлаб олиш имконини берувчи компаниялар ҳақида маълумотлар бор эди. Умуман олганда, «Панама ҳужжатлари»га 140 та давлат раҳбарлари ва таниқли сиёсатчилар, шунингдек, 200 та давлатдан 240 минг офшор компаниялар киритилган. 

2019 йилда Германиянинг NDR, WDR ижтимоий-ҳуқуқий медиакомпаниялари ва Süddeutsche Zeitung газетаси олиб борган ҳисоб-китобларга кўра, «Панама ҳужжатлари»нинг эълон қилиниши натижасида юзага келган офшор можароси туфайли жами 1,07 миллиард евро жарима ва қўшимча солиқлар сифатида тўланган.

«Панама ҳужжатлари»нинг энг кўзга кўринган шахсларидан бири ўзини Россия президенти Владимир Путиннинг дўсти деб атаган виолончелчи Сергей Ролдугин эди. Эълон қилинган маълумотларга кўра, у шубҳали операцияларни амалга оширган бир неча миллиард долларлик айланмага эга учта офшор компанияга эгалик қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид