Жаҳон | 12:57 / 10.04.2024
1751
5 дақиқада ўқилади

Германия БМТ судида геноцидга ёрдам бергани бўйича айбловларни рад этди

Германия Ҳаагадаги Халқаро судда бўлиб ўтган суд мажлисида Берлин Исроилни қўллаб-қувватлаши геноцид конвенциясини бузаётгани ҳақидаги Никарагуанинг даъвосини асоссиз деб атади.

Фото: Getty Images

Германия ҳукумати Никарагуанинг Берлин Ғазо секторидаги геноцидга ёрдам бераётгани ҳақидаги айбловларини қатъиян рад этди. 9 апрел, сешанба куни Ҳаагадаги Халқаро судда бўлиб ўтган эшитувда Германия Ташқи ишлар вазирлигининг халқаро ҳуқуқ бўйича комиссари Таня фон Услар-Гляйхен: «Бу айбловлар ҳеч қандай қонуний ва фактик асосга эга эмас», деди.

Унинг сўзларига кўра, Берлин 1948 йилда қабул қилинган Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенцияни ҳам, халқаро гуманитар ҳуқуқни ҳам бузмади. «Германиянинг ушбу можародаги ҳаракатлари халқаро ҳуқуқда мустаҳкам ўрнатилган», - деди фон Услар-Гляйхен ва Германиянинг Исроилга қурол экспорти халқаро қонунларга мувофиқлигини таъминлаш учун диққат билан текширилишини қўшимча қилди. 

У 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС томонидан содир этилган ҳужумдан сўнг Германия Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тасдиқлаганини ва ўз тарихий масъулиятини ҳисобга олган ҳолда Исроил хавфсизлиги Германия учун устувор вазифа эканини эслатди. Бироқ Берлин Ғазо секторидаги тинч аҳоли ҳуқуқлари ва ҳимоясини таъминлаш учун ҳам чоралар кўрмоқда. 

Никарагуанинг Германияга қарши даъвоси 

Куни кеча Ҳаагадаги Халқаро судда Никарагуанинг Германияга қарши даъвоси бўйича икки кунлик эшитувлар бошланди. Унда Германия Исроилни доимий қўллаб-қувватлаши, жумладан, қурол-яроғ етказиб бериш туфайли «Фаластин халқига қарши геноциднинг олдини олиш бўйича ўз мажбуриятини бажара олмагани» ва шу тариқа «конвенцияни бузган ҳолда геноцид содир этилишига ёрдам бергани» таъкидланади.

Даъво, шунингдек, суддан Германияга қарши Берлиннинг Исроилни қўллаб-қувватлашини тўхтатиб қўйиши мумкин бўлган «вақтинчалик чоралар» қўллашни сўрайди. БМТ суди икки ҳафта ичида Никарагуа даъвоси бўйича дастлабки қарорни қабул қилиши кутилмоқда, деб ёзади dpa.

Даъвонинг эҳтимолий таъсири 

Никарагуанинг даъвоси асосан «ЖАР Исроилга қарши» ишига боғлиқ бўлиб, унда Халқаро суднинг январ ойидаги қарори Германия каби учинчи давлатлар учун мажбуриятларни келтириб чиқариши ҳақидаги ҳуқуқий далилларни синаб кўрилиши мумкин. 

Январ ойи охирида БМТ суди «ЖАР Исроил томонидан Ғазода содир этилган деб даъво қилаётган баъзи ҳаракатлар ва ҳаракатсизликлар конвенция қоидаларига тўғри келиши мумкин» деб топди. 28 мартдаги кейинги баёнотида БМТ суди қўшимча қоидаларни қўшиб қўйди, жумладан, Исроилдан «халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш бўйича ўз мажбуриятларини қандай бажараётгани» учун ҳисоб бериш талаб қилинди. 

Германия очиқчасига Исроилни ҳимоя қилиб чиқди. «Биз Халқаро судни қадрлаймиз ва, албатта, суд жараёнларида қатнашамиз ва ўзимизни ҳимоя қиламиз, - деди Никарагуа даъво аризаси билан чиққанидан сўнг, Германия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Кристиан Вагнер журналистларга. - Лекин вазиятга ойдинлик киритайлик – биз, албатта, Никарагуа айбловларини рад этамиз».

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 33 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди