Жаҳон | 18:18 / 13.04.2024
6198
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореядаги парламент сайловларида мухолифат ғалаба қозонди

Мамлакатдаги парламент сайловларида мухолифат амалдаги ҳукмрон партияни ортда қолдириб, ғалабага эришди. Сайловда қатнашиш эса сўнгги 32 йил ичидаги энг юқори кўрсаткичга етди.

Фото: Reuters

Жанубий Кореядаги парламент сайловларида мухолиф партия — Корея демократик партияси (КДП) ғалаба қозонди, деб хабар берди Кореа Times.

КДП амалдаги ҳукмрон Халқ кучи партияси (ХКП)ни ортда қолдиришга эришди. Барча овозлар санаб чиқилган. Натижага кўра КДП Миллия ассамблеядаги (Корея парламенти) 300 та ўриндан 175 тасига эга чиқди. Умумий ҳисобда мухолифатчи партиялар 180 дан ортиқ ўринни қўлга киритган. ХКП эса 108 та ўринни ўзиники қилди, холос. 

Таъкидлаш жоиз, КДП либерал қарашлар тарафдори ҳисобланади. ХКП эса консерватив қарашлар тарафдори.

Сайловларда 29,7 млн кореялик иштирок этди. Сайловдаги умумий иштирок эса 67 фоизни ташкил қилди. Бу мамлакат тарихида парламент сайловиларидаги энг юқори кўрсаткич бўлди. Бироқ 2022 йилги президентлик сайловидаги кўрсаткични забт эта олмади (77,1 фоиз).

Channel News Asia’нинг ёзишича, бу ғалабада мухолифатнинг сайловолди ташвиқотларида амалдаги консерватив президент Юн Сок Ёлни японпараст сиёсатчи сифатида кўрсата олгани катта рол ўйнаган. Бунга эса ўз ўрнида ҳукуматнинг концлагерь қурбонларига давлат бюджети ҳисобидан компенсация тўлаш бўйича қарори, шунингдек, Фукусима япон АЭСдан тозаланган радиоактив сувларнинг оқизилишига бўлган суст муносабат ва реакция ёрдам берган.

Reuters эса сайловолди пойгалари кўпчилик экспертлар томонидан амалдаги президентга ишонч юзасидан референдум сифатида қабул қилинганини ёзган (http://www.reuters.com/). Боиси президент Юн Сок Ёлнинг обрўси қимматлашиб бораётган турмуш тарзи ва сиёсий можаролар сабаб анча тушган.

Шундай можаролардан бири президентнинг турмуш ўртоғи Ким Кон Хига 2200 долларлик Диор сумкаси совға қилинганидан сўнг юзага келганди. Таъкидлаш жоиз, Жанубий Кореяда амалдорлар ва уларнинг турмуш ўртоқлари бир молиявий йил давомида жами 2245 доллардан ошмаган совға олиши мумкинлиги белгиланган. Шунда ҳам бир совғанинг нархи 750 доллардан ошмаслиги керак.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид