Президент экспортда янги бозорларга кириб бориш зарурлиги ҳақида гапирди
Экспортнинг қарийб 80 фоизи Россия, Хитой ва Туркия бозорларига тўғри келаётгани, Европага экспортни кўпайтириш долзарб аҳамиятга эгалиги таъкидланди. Вилоят ҳокимларининг инвестиция бўйича ўринбосарлари экспортчиларга кўмаклашишдаги эътиборсизлиги учун танқид қилинди.
Президент раислигида тўқимачилик соҳасида экспорт ва инвестиция ҳажмларини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда ўтган йили тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш 94 триллион сўмга етиб, сўнгги 7 йилда 4,2 баравар ошгани, 2023 йилда тармоқдаги экспорт 3,1 миллиард доллар бўлгани таъкидланди.
Шу билан бирга, охирги икки йилда жаҳон бозорида тўқимачилик маҳсулотига бўлган талаб камайгани қайд этилди. Бундан ташқари, асосий экспорт бозорларимизда валюта курси билан боғлиқ муаммолар юзага келди.
Шуни ҳисобига ўтган йилда тўқимачилик соҳаси экспорти кутилган кўрсаткичдан 200 миллион доллар кам бўлди.
Президент бугунги кунда тўқимачилик тармоғидаги 6 мингдан зиёд корхона 570 минг аҳолини доимий иш билан таъминлаётганига эътибор қаратди.
Яъни, саноат тармоқлари орасида энг кўп иш ўринлари яратган ҳам, энг кўп аҳолини банд қилиб турган соҳа ҳам бу – тўқимачилик саноати.
Давлат раҳбарининг топшириғига асосан тўқимачиликнинг барча йўналишларидаги тадбиркорлар билан мулоқот қилиниб, уларни ўйлантираётган масалалар ўрганилди ва ечимлар ишлаб чиқилди.
Юздан зиёд тадбиркор таклиф қилинган йиғилишда ушбу масалалар таҳлил қилиниб, янги чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
Тармоқдаги долзарб масалалар муҳокама қилинар экан, ўтган йили тайёр маҳсулот экспорти 1,3 миллиард долларни ташкил этгани билан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улуши етарли даражада эмаслиги қайд этилди.
Яъни, экспортдаги тайёр маҳсулотнинг асосий қисми нархи паст бўлган трикотаж ҳисобланади.
Мамлакатимизда 1 килограмм ип-калаванинг таннархи жаҳондаги нархлардан ўртача 28 фоиз арзон. Бу ўзимизда тайёр маҳсулотни кўпайтириш учун жуда катта имконият. Шунга қарамай, жами ишлаб чиқаришда тайёр маҳсулотлар улуши кутилганидек бўлмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Биздаги хомашё билан камида 15 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, яна 500 мингта янги иш ўрни яратиш учун мавжуд имкониятларни ишга солиш муҳимлиги таъкидланди.
Сўнгги ойларда тўқимачилик маҳсулотлари 3 та янги бозорга чиқди, экспорт географияси 83 та давлатга кенгайди.
Бироқ ҳануз экспортнинг қарийб 80 фоизи Россия, Хитой ва Туркия бозорларига тўғри келаётгани таъкидланди. Шунингдек, Европага экспортни кўпайтириш долзарб аҳамиятга эга.
Европа, Америка ва бошқа ривожланган давлатлар бозорига ёки брендларга экспорт ҳажмини ошириш учун корхонадан халқаро стандарт ва сертификат талаб этилади. Лекин, экспортчиларнинг 12 фоизигина бундай талабларга жавоб беради.
Вилоят ҳокимлари инвестиция бўйича ўринбосарларининг бу борадаги фаолияти сустлиги, экспортчиларга кўмаклашишга эътиборсизлиги танқид қилинди.
«Кўриб турибсизлар, соҳадаги салоҳиятдан фойдаланилмаса, ишлаб чиқариш ҳам, экспорт ҳам, иш ўринлари ҳам кўпаймайди.
Бу борада ягона тўғри йўлимиз – мавжуд хом ашёни тўлиқ қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қиймат яратиш ва анъанавий “арзон” бозорлардан – янги, “қиммат” бозорларга кириб бориш», деди президент йиғилишда.
Сўнг давлат раҳбари тармоқда фаолият юритаётган корхоналар раҳбарлари билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммолари ва таклифларини эшитди.
Мавзуга оид
09:40
Октябрда Ўзбекистон 833 млн долларлик олтин сотди
13:13 / 19.11.2024
Германия Ўзбекистонга 1 млрд евродан ортиқ қийматда маҳсулотлар экспорт қилди
15:20 / 14.11.2024
Ўзбекистонда етиштирилган мева ва сабзавотлар Британия бозорига экспорт қилинади
12:50 / 04.11.2024