Жаҳон | 10:56 / 18.04.2024
8109
3 дақиқада ўқилади

Украина учун кўпроқ ҳаво мудофааси тизими: Германия янги ташаббусни бошлади

Германия Украинани қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлаш учун НАТО ва ЕИ ҳамкорларига, шунингдек, учинчи давлатларга мурожаат қилди. Чехия бу ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

Фото: BildFunkMV/IMAGO

Германия федерал ҳукумати Украинани ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича қўшимча имкониятлар билан таъминлаш бўйича янги ташаббус билан чиқди. Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва Германия мудофаа вазири Борис Писториус шу мақсадда НАТО ва Европа Иттифоқи ҳамкорлари ҳамда учинчи давлатларга мурожаат қилди, деб хабар қилди 17 апрел, чоршанба куни ҳар икки вазирлик вакиллари. Германия ҳукумати гап қайси давлатлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади.

Immediate Action on Air Defense деб номланган ташаббуснинг мақсади Украинага ҳаво мудофаасини имкон қадар тезроқ қўллаб-қувватлашдан иборат. «Федерал ҳукуматнинг асосий вазифаси Украина ҳаво мудофаасини барқарор қўллаб-қувватлаш бўлиб қолмоқда», деб таъкидлади Германия вазирлар маҳкамаси вакили Волфганг Бюхнер. Шунингдек, у Берлин Киевга учинчи Patriot ҳаво мудофаа тизимини тақдим этишини таъкидлади. «Бу Украина мудофаасига қўшилган муҳим ҳиссадир», деди Бюхнер.

Германия ТИВ маълумотларига кўра, янги ҳаво мудофаа тизимларини Украинага ўтказиш масаласи 18 ва 19 апрел кунлари Капри шаҳрида бўлиб ўтадиган «Катта еттилик» мамлакатлари ҳукумат раҳбарларининг йиғилишида муҳокама қилинади. Бундан ташқари, у 22 апрел куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирликлари раҳбарларининг музокараларида кўриб чиқилади.

Чехия Германия ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёр 

Прага Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш бўйича Берлин ташаббусини қўллаб-қувватлаш учун воситачи сифатида ҳаракат қилишга тайёр, деб ёзади Чехиянинг CTK ахборот агентлиги мамлакат мудофаа вазири Ян Черноховага таяниб. 

«Агар Украинага ўқ-дориларни етказиб бериш бўйича Чехия ташаббусига ҳамкорлик шакли талаб этилса, биз яна воситачи давлат сифатида ҳаракат қилишга тайёрмиз», - дея иқтибос келтирган CTK Мудофаа вазирлиги раҳбаридан. 

Айни пайтда Нидерландия ҳам Чехиянинг Украина учун учинчи давлатлардан артиллерия снарядларини сотиб олиш ташаббусига қўшилди. Ҳаага бу мақсадлар учун 250 миллион евро ажратади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид