Жаҳон | 10:32 / 18.04.2024
2469
2 дақиқада ўқилади

Хорватияда парламент сайловларида консерваторлар ғалаба қозонди

Хорватияда бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловларида бош вазир Пленковичнинг партияси ғалаба қозонди. Бироқ, у кўпчилик ўринни сақлаб қола олмайди.

Фото: Mehmed Smajić/DW

Бош вазир Андрей Пленкович бошчилигидаги ҳукмрон консерватив «Хорватия демократик иттифоқи» (HDZ) партияси муддатидан олдин парламент сайловларида ғалаба қозонди, бироқ Хорватиянинг янги парламентида кўпчилик ўринни сақлаб қолиш учун етарлича овоз тўплай олмади. 18 апрел, пайшанба куни сайлов комиссиясининг расмий сайтида эълон қилинган маълумотлар шундан далолат бермоқда.

Уларга кўра, сайлов бюллетенларининг 99 фоизи санаб бўлингандан сўнг консерваторлар 151 ўринли Сабор – Хорватия парламентида 60 ўрин, энг йирик мухолифат кучлари – сўл марказчи «Социал-демократик партия» ва унинг ҳамкорлари – 42 ўринга эга бўлади. «Ватан ҳаракати»нинг ўнг қанот популистлари - 14 ўрин, ултраконсерваторлар ва «яшиллар» мос равишда 11 ва 10 ўринни қўлга киритяпти. 

Сайловчиларнинг иштироки 60 фоиздан ошди, бу 2020 йилги сайловдаги 47 фоиздан анча юқори. 

Хорватия бош вазири ғалабасини эълон қилди 

Хорватия бош вазири Андрей Пленкович аллақачон ғалаба қозонганини эълон қилди. «HDZ кетма-кет учинчи бор парламент сайловларида ишончли ғалаба қозонди. Эртадан биз учинчи ҳукуматимизни шакллантириш устида иш бошлаймиз», деди у ўз тарафдорлари билан суҳбатда. 

Март ойида Хорватия парламенти мухолифатдаги социал-демократлар томонидан ҳукмрон партияга нисбатан коррупцияда айбловлар қўйилгани фонида ўзини тарқатиб юборишга қарор қилган эди. 

Танқидчиларга кўра, Пленкович муддатидан олдин сайлов ўтказишга қарор қилган, чунки унинг «Хорватия демократик иттифоқи» партияси кейинчалик машҳурлигини йўқотишидан қўрққан. Хорватияда парламент сайловлари аслида кузда бўлиб ўтиши керак эди.

Ўз навбатида, 14 март куни Сабор суд суриштируви маълумотларини журналистларга етказган хабар берувчиларга нисбатан жазо чораларини назарда тутувчи мунозарали қонунни қабул қилди. Мухолифатнинг фикрича, бу қонун Пленковичга яқин бўлган коррупцион сиёсатчиларни яширишга қаратилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид