Жамият | 12:10 / 22.04.2024
67905
4 дақиқада ўқилади

Хом гўштни ювиб ишлатиш керак эмас. Нега?

Кўпчилик миллатларнинг ошхона анъаналарига кўра хом гўшт ювиб ишлатилади. Лекин гўштни ювиб ишлатиш унчалик ҳам тўғри бўлмаслиги, зарарли бактериялар тарқалишига сабабчи бўлиши мумкин.

Гўшт оқсил, темир, витамин Б12 ва бошқа зарурий моддаларга бой, мазали озуқа сифатида рационимиздаги асосий егуликлардан бири бўлиб қолган. Лекин шунча фойдасига қарамай гўшт, айниқса, товуқ ва балиқ гўштлари ўзида турли патогенлар — бактерия ва вирусларни олиб юргани туфайли овқатдан заҳарланишга сабабчи бўлиши мумкин. Шунинг учун гўшт хавф юқори бўлган озиқ-овқатлар турига киради.

Дунёдаги кўплаб таом пишириш анъаналарига кўра, гўштни ювиб ишлатиш ошхонада тозаликка риоя қилишнинг зарурий шарти сифатида кўрилади. Уни ювишда лимон шарбати ёки оқ сирка кабилардан ҳам фойдаланилади.

Гўшт қандай ювилади?

Одатда, гўшт бўлаги бутун ёки тўғралган ҳолатда оқар сувда ювилади ва шу тарзда ундаги ортиқча ёғ, тери ёки бошқа нокерак жисмлар олиб ташланиб, тозаланади.

Баъзида гўштни оқар сувда ювишдан олдин турли аралашмалар билан ишлов бериш мумкин. Сўнг у ювилиб, музлатилади ё пиширилади.

Баъзи ҳудудларда янги сўйилган ҳайвон гўштлари сотиладиган бозорлар ёки танланган ҳайвонлар махсус сўйиб бериладиган қассобхоналар бўлади. Бундай пайтда сўйиш амалиёти тугагач гўштдаги турли суяк ва агар бўлса, қон қолдиқларини ювиш одатий ҳолатдир.

Хом гўштда овқатдан заҳарланишга сабаб бўлувчи турли бактерия ва вируслар бўлиши мумкин. Озиқ-овқатдан келиб чиқадиган одатий патогенлар орасида салмонелла, листериа, кампилобактерия каби бактериялар мавжуд.

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) гўштни ювиш ошхонада раковина, стол усти ва бошқа юзаларда микроблар тарқалишига сабаб бўлиши хавфидан огоҳлантирган.

Гўшт ювилганда ундаги бактериялар тарқалиб, хом тарзда истеъмол қилинадиган мева ва салатларга юқиб қолиши хавфи бор. Шунинг учун бу жараён одамларга қўшимча зарар бериши, кучли эҳтиёт чораларини кўришни талаб этиши мумкин.

Хом гўшт ювилиши натижасида раковинага тарқалган бактерияларни шунчаки кўпикли сув билан ювиб тозалаб бўлмайди. Улар бошқа нарсаларга "илакишиб" қолади.

Шунинг учун ҳам тўғри ечим — гўштни ювмаслик.

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) гўштни ювиш орқали бошқа маҳсулотларни қандай қилиб зарарлаш мумкинлигига оид видеотушунтириш эълон қилган.

Шунингдек, ошхона гигиенасига амал қилиш борасида тавсиялар бериб ўтади:

Ювиш. Қўлларни ошхонада ишларни тугатиб бўлгач ҳам, камида 20 сония совунли сувда ишқалаб ювиш лозим. Ошхона юзаларини овқат пиширишдан олдин ва кейин ҳам тозалаш зарур.

Ажратиш. Хом ва пишган нарсаларни бир-биридан алоҳида идишларда сақлаш зарур.

Пишириш. Гўштда бактериялар бўлмаслиги учун уни етарлича пишириш керак.

Гўштни совиткичда тўғри шароитда сақлаш лозим.

Шимолий Каролина университети профессори Бенжамин Чапманнинг айтишича, товуқ гўшти ювилгач раковина юзаси худди товуқнинг сиртидаги каби микроблар билан ўралган хавфли бўлиб қолади.

"Гўштдаги микробларни ювиш орқали эмас, пишириш орқали ўлдириш керак. Пиширганда гўштдаги микроблар чайганга қараганда 10 минг марта камаяди", дейди у.

Бундан ташқари, гўштни ювиш нафақат соғлиқ учун хавф туғдиради, балки у озиқ-овқатнинг сифати ва тўйимлилигини ҳам камайтириши мумкин. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, гўштни ювиш унинг таркибидаги оқсил миқдорини сезиларли даражада камайтириши мумкин. Гўштдаги лаззат хусусияти асосан, унинг таркибидаги оқсиллар ва бошқа элементларнинг ўзаро таъсиридан келиб чиқади.

Мавзуга оид