Жаҳон | 19:33 / 23.04.2024
7047
2 дақиқада ўқилади

КХДР шартли ядровий жавоб зарбасини бериш бўйича машқ ўтказди

Машқда «ядро каллагига тақлид қиладиган ўта йирик ракета қуроли снарядларидан» фойдаланилган бўлиб, улар «352 км узоқликдаги оролда жойлашган нишонга аниқ зарба берган». 

Фото: KCNA

Шимолий Кореяда шартли ядровий жавоб зарбасини бериш бўйича биринчи тактик машқлар ўтказилди. Зарба 600 миллиметрли ўта йирик ракета қуроллари ёрдамида симуляция қилинган. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлигига (КМТА) таяниб Central Asia хабар берди. 

Машқнинг асосий мақсади КХДР ядровий кучларининг «ишончлилиги, мукаммаллиги ва қудратини намойиш этиш» бўлиб, бу манёврлар «душманлар учун аниқ огоҳлантириш сигнали»дир, дейилади КМТА баёнотида. 

Машқда «ядро каллагига тақлид қиладиган ўта йирик ракета қуроли снарядларидан» фойдаланилган бўлиб, улар «352 км узоқликдаги оролда жойлашган нишонга аниқ зарба берган». 

Машғулотларда иштирок этган КХДР етакчиси Ким Чен Ин сўзларига кўра, бу «пухта тайёргарлик кўриш орқали урушда етакчиликка эришиш учун муҳим имкониятдир». 

2023 йил декабрида Ким Чен Ин АҚШ расмийларининг «мисли кўрилмаган» қарама-қаршилик ҳаракатларига қарши туриш учун «келаси йилдан урушга тайёргарликни тезлаштириш» кераклигини айтган эди. У Жанубий Кореяни «энг ашаддий душман давлат» деб атади ва бу таърифни КХДР конституциясида мустаҳкамлаб қўйишга чақирди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид