Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Арсенал» «Челси»ни тиз чўктирди. Чемпионлик интригаси давом этади
Ҳавертц собиқ жамоасини аяб ўтирмади. Навбатдаги йирик ҳисоб Артета жамоасининг чемпионлик пойгасидаги имкониятларини яхшилади.
Лондон дербисида йирик ҳисоб
«Арсенал» — «Челси» 5:0
Голлар: Троссар (4), Уайт (52, 70), Ҳавертц (57, 65).
«Арсенал» – Райя, Уайт, Габриэл, Салиба, Томиясу (Зинченко, 72), Парти (Жоржинио, 72), Эдегор, Райс, Ҳавертц (Габриэл Жезус, 72), Троссар (Мартинелли, 72), Сака (Фабиу Виейра, 82).
«Челси» – Петрович, Гилкрист (Тиаго Силва, 78), Дисаси, Бадиашил, Кукуреля, Галлаҳер, Мудрик (Стерлинг, 66), Фернандес (Чалоба, 67), Кайседо, Мадуэке (Казадеи, 79), Жексон.
Огоҳлантиришлар: Гилкрист (42), Кукуреля (43), Троссар (45), Уайт (76).
«Арсенал» Чемпионлар лигасидан чиқиб кетганидан кейин АПЛда икки ўйинда жами 7:0 ҳисоби қайд этди. Бу сафар «канонирлар» «Челси»ни тор-мор этишди. Микел Артета жамоаси биринчи ўринда қолди.
«Челси» «Арсенал» билан ўзининг асосий юлдузи Палмерсиз ўйнади – у айни вақтда Ҳоланд билан биргаликда АПЛнинг энг яхши тўпурари бўлиб турибди. Коул касал бўлиб қолган. «Кўклар» бош мураббийи Маурисио Почеттино ўйиндан олдин бу мавсум Англия чемпионатида 20 гол урган футболчининг йўқлиги борасида ўзига хос сўзлар айтганди:
«Палмер йўқлиги яхши чақириқ. Бошқа жамоадошлари учун. Агар мен Коул Палмернинг жамоадоши ёки унга ўхшаш позициядаги футболчи бўлганимда, менда майдонга чиқиш ва бу «Коул Палмер» ФК эмас, балки «Челси» ФК эканини кўрсатишга ҳаракат қилган бўлардим. Албатта, бу улар учун яхши ибрат – нега унда барчаси ўхшаяпти ва нега уларнинг ўзи бу ишни қила олмаяпти?»
Ўйин анча қизғин бошланди. Биринчи навбатда, «Арсенал» футболчиларининг саъй-ҳаракатлари эвазига. Мезбонларнинг биринчи ҳужумидаёқ «Челси» марказий ҳимоячиси Бадяшил ортига узатилган тўпни ўтказиб юборди, «кўклар»нинг собиқ ҳужумчиси Ҳаверц дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди ва жарима майдонида йиқитилди. Меҳмонлар дарвозасига пеналти белгиланишидан лайнсмен қутқарди – у байроқчасини кўтариб, ҳужумчи офсайдда қолиб кетганини кўрсатди.
«Челси»нинг ўнг қанотини Гилкрист – Мадуэке боғлами эгаллади, одатда бу ерда Гюсто – Палмер дуэти ҳаракатланарди. Ва «Арсенал»нинг илк голли ҳужуми шу қанотдан уюштирилди. Мезбонлар тўртинчи дақиқадаёқ дарвоза соҳасига йўлланган биринчи аниқ зарба билан ҳисобни очишди. Бу ҳужум чап қанот ҳимоячиси марказга кўчиши билан кечадиган одатий услубда амалга оширилди. Мадуэке Томиясу ва унинг ҳудудида очилган Райсдан қайси бирига қарашни билмай қолди, Гилкрист унга ёрдамга етиб боришга уринди, аммо шу вазиятда Троссар бўш қолди. Деклан ўз вақтида тўпни белгиялик ҳужумчига етказди, дарвозабон Петрович ўзи турган жойга келган тўпни ўтказиб юборди.
«Арсенал» урилган голдан кейин ҳам устунлик қилишда ва вазиятлар яратишда давом этди, «Челси» эса майдоннинг ўз дарвозаси жойлашган томонида рақиб прессинги остида жуда кўп бор тўп йўқотди. Статистикага кўра Почеттино жамоаси ўйиннинг қўпроқ қисмида тўпга эгалик қилган, аммо фақат майдоннинг ўрта қисмидаги узатмалар эвазига. Рақиб ҳудудидаги паслар бўйича эса «канонирлар» рақибдан икки карра устунликка эга бўлишди. Худди зарбалар сони каби. «Челси» футболчилари биринчи бўлим давомида бирор марта тўпни дарвоза соҳасига аниқ тепа олишмади. Албатта, мураббийнинг мотивациясига қарамай, Палмернинг ўрнини ёпиб бўлмайди. Почеттино жамоаси стандартлар ва Жексон иштирокидаги эпизодлардан (у бир неча бор Салибадан қочиб кетди) умид қилишга мажбур бўлди. Бир сафар унинг олдинга ташланиши ва зарбасидан кейин тўп Магалянснинг оёғига тегиб йўналишини ўзгартирган ҳолда устунга борди.
Иккинчи бўлимни «Арсенал» янада кучли бошлади. Танаффусдан кейинги илк дақиқаларда Артета жамоаси бир неча голли вазиятлар яратди. Жумладан прессинг эвазига, шундай вазиятлардан бирида Бадяшил жуда ёмон пас билан Галлаҳерни қийин аҳволга тушириб қўйди. Райс тўпни олиб қўйди ва қарши ҳужумни ўзи якунлади – Петрович қутқарди. Кейин эса «Арсенал» АПЛда стандарт вазиятлардан урилган голлар бўйича яққол етакчи эканини эслаб қолди. Мезбонларга иккинчи голни бурчак зарбаси келтирди. «Челси» футболчилари жарима майдонида ғалати жойлашди, «канонирлар» иккига бир устунлигига эга бўлишди, жарима майдонига кириш жойида ҳам «Арсенал»нинг икки футболчиси бўш турди. Райснинг узоқдан йўллаган зарбаси йўналишини Парти Уайт томон ўзгартириб юборди ва ҳимоячи мавсумдаги навбатдаги голини урди.
Шундан кейин «Арсенал» рақибни қарши ҳужумларда ушлади. Ўйиннинг биринчи соати ўтиб бораётганидаёқ ҳисоб йирик кўринишга келиши мумкин эди. «Канонирлар»нинг учинчи голи Магалянс Мадуэке билан яккакурашда тўпни олиб қўйиб, Ҳавертцни олдинга бошлаши орқали урилди, немис футболчисини Бадяшил ва чап қанот ҳимоячиси Кукуреля қувиб ета олмади ва у осонлик билан учинчи голни уриб, ўзини кераксизга чиқарган собиқ жамоаси раҳбариятига салом йўллади.
Ҳавертц бу билан тўхтамади – саккиз дақиқа ўтиб дубл расмийлаштирди. Сака ўз қанотида тўпни эркин қабул қилиб, Кукуреляни алдаб ўтди ва жарима майдонида германиялик жамоадошини топди. Бадяшил машғулотлардагидек ҳайкал вазифасини бажарди, Дисаси ҳам ёрдам бера олмади. Меҳмонларнинг сербиялик дарвозабони навбатдаги бор тўпни дарвоза тўридан олиб чиқди.
Почеттино ҳисоб янада йириклашиб кетмаслиги учун ҳимоячи Чалобани туширди. Шунга қарамай, «Арсенал» бешинчи голни ҳам урди. Яна Сака ўз қанотида тўпни қабул қилиб, Кукуреляни ортда қолдирди, аммо тўпни орқароқдаги Эдегорга узатди, норвегиялик эса жарима майдонига кириб борган Уайтни пас билан таъминлади. Бен дарвозабон ҳудудидаги жамоадошларига тўп узатмоқчи эди, аммо унинг паси чиройли зарбага айланиб кетди. 0:5 – «Челси»нинг иккинчи бўлимдаги ўйини учун ёмон бўлмаган ҳисоб. Зарбалар бўйича якуний статистика – 27:7 (дарвоза соҳасига борган зарбалар бўйича – 10:1, жарима майдони ичидан йўлланган зарбалар бўйича – 19:6). Бу — уларнинг сўнгги йигирма йилликда «Челси»га қарши ўйинлардаги энг яхши натижаси.
«Челси» дербида 1986 йилдан буён бу қадар йирик мағлубиятга учрамаганди, ўшанда улар «КПР»дан 5 та жавобсиз гол ўтказган. «Канонирлар» учун бу ушбу рақибга қарши ўйинлардаги энг йирик ғалаба бўлди.
Артета шогирдлари чемпионлик пойгасида қолишда давом этмоқда. «Арсенал» ҳозирда иккинчи ўриндаги «Ливерпул»дан уч очкога, «Манчестер Сити»дан тўрт очкога ўзиб кетган. «Арсенал» АПЛда сўнгги 14 ўйиннинг 12 тасида ғалаба қозонди. Тўплар нисбати — 45:6. Жамоа турнир жадвалида тўплар нисбати бўйича яққол устунликка эга +56 (таъқибчиларда бу мос равишда +43 ва +44 кўринишида). Очколар тенг келиб қолганда эса биринчи навбатда тўплар нисбатига қаралади.

Клопп шогирдлари чоршанба оқшомида Мерсисайд дербисида майдонга тушади, амалдаги чемпионларда эса Англия Кубогидаги иштироки туфайли иккита захира ўйини бор, шундан биринчиси пайшанба куни «Брайтон»га қарши кечади. «Арсенал»ни кейинги турда яна бир дерби кутмоқда — жамоа 28 апрел куни азалий рақиби «Тоттенҳэм» меҳмони бўлади.
Чемпионлик пойгаси иштирокчиларининг қолган ўйинлари:

Мавзуга оид
14:18 / 01.06.2026
«Кейинги йил ЕЧЛ учун қайтамиз». «Арсенал» Лондонда чемпионлик паради ўтказди
15:43 / 31.05.2026
Парижда «ПСЖ» фанатлари тартибсизлик келтириб чиқарди – фотолар
00:04 / 31.05.2026
«ПСЖ» кетма-кет икки марта ЕЧЛ ғолиби бўлди
12:01 / 25.05.2026